Футболчимиз премьер-лига клуби билан музокара бошлади!

Ўзбекистон терма жамоасига номзод футболчилардан Шаҳбоз Умаров фаолиятини Қозоғистон премьер-лигасида ўтказиши кутилмоқда. 23 ёшли ҳужумкор ўйинчи “Ордабаси” раҳбарияти билан янги мавсум бўйича музокара ўтказмоқда.

Бу ҳақда https://vesti.kz сайти хабар тарқатди.

14754d3c5ba2c7af20342723b9287ed2_1

Аслида Шаҳбоз Умаров Беларуснинг БАТЭ клуби аъзоси ҳисобланади. Ўтган мавсум бошланишидан олдин истеъдодли футболчимиз Борисов клуби бош мураббийи Александр Михайлов билан жанжаллашиб қолганидан кейин ярим мавсум давомида ўйин амалиётисиз қолиб кетди.

Қозоғистон премьер-лигаси вакили “Ордабаси” легионеримизни ярим мавсумга ижарага олди. Қўшни мамлакат чемпионатида ҳамюртимиз ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Дастлаб, спорт формасини тиклаб олиш учун бироз вақт сарфлашига тўғри келди. Кейинчалик жамоа етакчиларидан бирига айланди.

Шаҳбоз Умаров “Ордабаси”да ярим мавсум давомида жами 15 та учрашувда майдонга тушди. Премьер-лига ўйинларида тўққизта учрашувда қатнашиб, жамоадошларига учта голли вазият яратиб берди.

Шунингдек, Қозоғистон кубогида олтита ўйинда битта ассист қайд этди. Шаҳбоз Умаров жамоаси ушбу мусобақада бош соврин соҳиби бўлди. Легионеримиз бу ютуққа муносиб ҳисса қўшгани аҳамиятли.

Умуман олганда, Шаҳбоз футболчилик фаолиятида учта мамлакат кубогини қўлга киритди. Дастлаб, 2018 йили АГМК сафида Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди. Беларусь чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин 2021 йили БАТЭ таркибида бу мамлакат кубогида ғолиб чиқди. Ниҳоят, Қозоғистон кубоги Умаровнинг учинчи соврини сифатида қайд этилди.

“Ордабаси” Умаровни ўз сафида олиб қолиши учун бир неча тўсиқларни енгиб ўтиши керак. Биринчи навбатда, клубга қўйилган трансфер таъқиқини бартараф этиш талаб  қилинади. Ундан кейин клуб БАТЭдан ўзбек футболчисининг шартномасини тўлиқ сотиб олиши ёки борисовликларни яна ижара битимига кўндириши лозим.

Жорий мавсум Беларусь чемпионатида олтин медалга даъвогарлик қила олмаган БАТЭ раҳбарияти Умаровга яна имкон беришни режалаштирмоқда. Чунки футболчимиз билан можаролашган мураббийлар штаби ўзгариб кетганига анча бўлди.

Шунинг баробарида Қозоғистон премьер-лигасининг бошқа клублари ҳам Шаҳбоз Умаровни ўз сафига қўшиб олишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар бор. “Ордабаси” улар билан рақобатлашишига тўғри келади.

635e05c051b50

Шаҳбоз Умаров 2021 йилнинг октябридан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси ҳисобланади. Бир неча позицияларда ўйнай оладиган футболчимиз шу кунга қадар терма сафида тўрт маротаба ўйинга тушган.

Умаров мамлакатимиз бош жамоаси сафида Иордания, Малайзия, Жанубий Судан ва Камерун терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида тўп  тепди.

БАТЭ билан 2023 йилнинг 31 декабрига қадар шартномага эга бўлган Шаҳбоз Умаров https://www.transfermarkt.world портали томонидан 400 минг еврога баҳоланмоқда.

Ўзбек тўпурарини Польшада кутишяпти!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!