"Футболга энди кириб келганим йўқ, "Локомотив" нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда ҳам ўз ўрнига эга" - Дилшод Жўраев
Марказий ярим ҳимоя ва таянч нуқтасида тўп сурадиган ажойиб футболчи Дилшод Жўраев иккинчи даврани “Локомотив” клубида бошлайдиган бўлди. Ёдингизда бўлса, у охирги марта ўтган йилнинг иккинчи ярмида “Бухоро” сафида тўп сурди. Бу йил эса биринчи даврада бирор жамоада кўриниш бермади. Жўраев “Локомотив” аъзосига айлангач, Sports.uz мухбири ундан интервью олди.
- Дилшодбек, сизни "Локомотив" клубига ўтганингиз билан қутлайман. Бу таклиф қачон ва ким томонидан бўлди? Қандай қабул қилдингиз?
- “Локомотив” раҳбариятидан Тўлабек ака ва Санжар Турсунов томонидан таклиф бўлди. “Локомотив” нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ўз ўрнига эга клуб бўлгани учун шу вариантни маъқул кўрдим.
- "Бухоро"дан кетгач, бу йил биринчи даврада ҳеч бир жамоада кўриниш бермадингиз. Нима учун бундай бўлди?
- “Бухоро”дан кетганимдан кейин бироз муддат дам олдим. Шу вақт ичида хорижда тўп суриш истагим юқори эди. Худога таваккал қилиб ҳаракат қилиб кўрдик. Охиригача кутдим. 3-4 та мамлакат жамоалари билан музокаралар олиб борилди. Насиб қилмаган экан, амалга ошмади.
- Ярим мавсум ўйин амалиётисиз қолиб кетганингиз спорт формангизга салбий таъсир кўрсатмайдими? Бу вақт давомида қандай қилиб формани ушлаб турдингиз?
- Спорт формамга келадиган бўлсак, таъсир қилмайди, деб ўйлайман. Чунки футболга энди кириб келганим йўқ. Тўплаган тажрибамиз ўзимизга етарли. Катта учрашувларда ҳам ўйнаганмиз. Ўйнамаган ўйинимиз қолмаган. Ўтган вақт давомида “Пахтакор” ёшлар жамоаси билан шуғулланиб турдим. Шу муносабат билан “Пахтакор” U19 жамоаси мураббийи Бобур Абдураҳмонов дўстимга раҳмат айтиб қоламан.
- Айнан нима учун "Локомотив"? Сизда бошқа вариантлар ҳам бормиди?
- Яна бошқа вариантлар ҳам бор эди. “Локомотив”ни танлашимни асосий сабаби, бу жамоа ҳар доим ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Айтиб ўтганимдек, юртимизда ва Осиёда ўз ўрни бор. Бундан ташқари, “Локомотив”ни танлашимда футбол услуби ва мураббийнинг роли катта деб ўйлайман.
- Айтиб ўтганингиздек, легионерга айланиш ниятингиз ҳам йўқ эмасди. Айнан қаерлардан таклифлар бўлганди?
- Россия ва Туркия биринчи лигаларидан, қолаверса, Малайзия, Таиланд, Бангладеш клублари билан музокаралар бўлди. Лекин маъқул вариант бўлмаганлиги учун охиригача кутишга қарор қилгандим. Биринчи давра асосан музокаралар билан ўтиб кетди. Хуллас, бирор-бир клуб насиб қилмади.
- "Локомотив" бош мураббийи Крестинин билан гаплашдингизми? У сизга нималарни айтди ва жамоанинг биринчи даврадаги иштирокига фикрингиз қандай?
- Албатта, мураббий билан гаплашдим. Иккинчи даврада мендан умиди катталигини, ишонч билдиришини алоҳида айтди. Худо хоҳласа, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Иккинчи даврада “Локомотив” билан юқорироқ ўринларга кўтарилиш учун бор куч ҳамда имкониятимизни ишга соламиз. Жамоанинг биринчи даврадаги иштироки бўйича бирор нима дея олмайман. Чунки мен биринчи даврада “Локомотив”да эмасдим. Шу боис бирор нима дейишим нотўғри. Аммо турнир жадвали шуни кўрсатиб турибдики, “Локомотив” ўз ўрнида эмас. Демак, биринчи давра жамоа учун омадсиз ўтди, деб ўйлайман. Иккинчи даврада шуни тўғрилашга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар