"Футболимиз ҳозир инқирозда, ҳаммаси мураббийга боғлиқ бўлганида аллақачон мундиалга чиқардик, араб чемпионатларида қандай ўсасиз? - Фаолиятини якунлаган Шавкат Муллажоновдан аччиқ ҳақиқатлар

Ўтган йили про лигада Фарғонанинг “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган Шавкат Муллажоновни сиз ўқувчиларга ортиқча таништиришнинг кераги йўқ. Шундоқ ҳам уни мухлислар яхши билишади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида муносиб ўйин кўрсатган. Фаолияти давомида ҳам катта йўлни босиб ўтди. Ўз вақтида Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Хитой чемпионатларида ўйнади. Ўзимизда эса “Андижон”, “Қизилқум”, “Пахтакор”, АГМК, “Бухоро”, “Локомотив”, “Металлург”, “Сўғдиёна”, “Нефтчи” сингари жамоаларда фаолият олиб борди.

Яқинда 36 ёшни қаршилаган Муллажонов бутсаларини михга илишга қарор қилди. У анчадан бери матбуотда кўриниш бермаётганди. Ниҳоят, Sports.uz учун суҳбатлашишга кўндирдик. Айтиш керакки, Муллажонов билан мулоқот анча жонли ва аччиқ ҳақиқатларни ўз ичига олди.

- Эшитишимизга қараганда, футболчилик фаолиятингизни якунлабсиз...

- Ҳа, шундай. Охирги марта про лигада “Нефтчи” таркибида ўйнадим. Бундан кейин организмимни қийнагим келмади. Ёш жиҳатдан ҳам улғайиб боряпман. Ўсиб келаётган ёшларга йўл бергим келди. Фаолиятимни яна давом эттирсам бўлаверарди. Ўзимни толиқтириб қўйишни хоҳламадим. Майдонда ўйнаш ҳар хил бўлади. Натижа учун тўп суриш бу бошқа масала. “Нагрузкалар”га озгина қийналишни бошладим. Футболчилик фаолиятимни эртароқ тугатиш режам бор эди. Фарғонадан тушган таклифга рози бўлиб, яна бир йил ўйнадим.

- Фаолиятингиз ўзингиз истаган даражада ёрқин чиқди, деб айта оласизми? Ёки нимадир армон бўлиб қолдими?

- Босиб ўтган фаолиятимдан кўнглим тўлди. Четда ўйнадим, миллий терма жамоада тўп сурдим. Фақат битта армон – жаҳон чемпионатига чиқмаганимизни айтаман. Бундан бошқа армон йўқ. Футболчида нимаики истаклар бўлса, шуларнинг барчасини босиб ўтдим.

шавкат4_1

- Жаҳон чемпионати армон бўлиб қолгани нафақат сиз билан балки, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Миржалол Қосимов, Максим Шацких ва бошқа юлдузларимиз билан ҳам юз берди...

- Ҳа, ҳеч ким кўрмади.

- Айтмоқчиманки, терма жамоамизнинг собиқ ўйинчиси сифатида ҳозирги бош жамоамиз ҳақида фикрингиз қандай?

- Ҳозир “кризис” пайти. Натижа бўлмаганидан кейин бу инқироз дегани. Терма жамоамиз ҳали мундиал иккинчи саралашида қолиб кетмаганди. “Кризис”дан чиқиб кетиш учун тўғри йўлда ҳаракат қилиш талаб этилади. Агар шундан чиқиб кетсак, бизда яхши авлод бор. Ўшалар тортиб кетади, деган умиддаман.

шавкат1_1

- Ўша армон яна қанча давом этаркин-а?!

- Мендан олдингилар ҳам айта олмаган, мен ҳам айта олмасам керак. Айниқса, ҳозирги пайтдаги ҳолатимиздан келиб чиқсак, бу қачонгача давом этишини билмайман. Пастдагилар биздан ўтиб кетишган. Ўйнаган пайтларимизда биздан пастда юрган жамоалар ҳозир анча олдинда.

- Катанецга қанчалик ишоняпсиз?

- Гап мураббийга ишониш ёки ишонмасликда эмас, ҳаммаси биргина унинг ўзига боғлиқ эмас. Футболни ортидан турган одамларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Футболда майда-чуйда ишлар бўлмайди. Клуб бошқа нарса, терма жамоада эса, ҳамма – федерация, бутун Ўзбекистон ҳаракат қилиши керак, натижа учун. Агар ҳаммаси мураббийни ўзига боғлиқ бўлганида, шу пайтгача нечтаси ишлаб кетди?! У ҳолда биз аллақачон жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Шунинг учун футболдан ташқаридаги ишлар ҳам яхши йўлга қўйилиши керак.

шавкат6

- Терма жамоамиз билан “Осиё Кубоги-2011” мусобақасида иштирок этгансиз ва ҳалигача ўша натижа кўз-кўз қилинади. Бу борада икки хил қарашлар бор: биринчиси, у пайтда терма жамоадаги футболчиларнинг ўзини кўрсатиши учун иштиёқи баланд бўлиб, ўз кучи билан эришишган дейишса, иккинчиси, бу мураббийнинг тажрибаси билан боғлиқ, деб гапиришади. Ўша таркибда ўйнаган футболчи сифатида айтинг-чи, қайси бири тўғри?

- Ундан олдин кўпчилигимиз олимпия терма жамоамизда ўйнаганмиз. Ўшанда бизни ёшдагилар – 1985-86 йилларда туғилганлар таркибда кўпроқ эди. Ҳимояда, Саҳоб Жўраев, мен, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов ва Одил Аҳмедов. Катталардан у пайтда Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Улуғбек Бақоев, Максим Шацких ва Виктор Карпенко эди. Лекин ўшанда буларнинг ёши у қадар катта ҳам эмасди. Дарвозада Нестеров эди. Улар бизга йўл кўрсатишарди. У пайтда 23-24 ёш атрофида эдик. Осиё Кубоги – бу реклама қиладиган мусобақа. Ўзимизда иштиёқ кучли бўлган. Адашмасам, ўша терма жамоада Шацких, Жепаров ва Ҳасанов легионер эди, менимча шулар. Шундан сўнг, таркибдан 70 фоиз футболчи хорижга кетган. Кучга тўлган эдик ва йигитлар билан бир-биримизни яхши тушунардик. Ўзимизни четга реклама қилиш истаги бўлган. Бунинг учун эса сиз яхши ўйнашингиз керак. Яхши ўйнасангиз бу ўз-ўзидан терма жамоа учун ҳам фойда эди. Пул муҳим бўлмаган. Сиз зўрлигингизни кўрсатсангиз шубҳасиз скаутлар кузатишади. Натижа бўлди. Осиёда Япония, Жанубий Корея ва Австралия билан бир қатордамизми, бўлди, ҳар қанақасига сизни олишади. Нимага ўша пайтда кўпчилигимиз легионерга айланганмиз? Осиё Кубогида 4-ўринни олганимиздан кейин бизга кўпроқ четдан клублар таклиф билан чиқишган. Ҳозир нимага кам? Улар футболчиларни терма жамоадаги ўйини ва натижаларига ҳам қарашади. Терма жамоамиз бу сафар иккинчи босқичда қолиб кетдими, агентлар, скаутлар пастга қарашмайди. Улар асосий гуруҳдаги жамоаларни кузатишяпти.

- Демак, ўша Осиё Кубогидаги натижада Абрамовнинг роли у қадар сезилмаганми?

- Мен бундай демаган бўлардим. Шунчаки, ҳамманинг ҳиссаси бўлган. Футболимиз раҳбарлари, бизга яратилган шароитлар...Агар барчаси битта мураббийгагина боғлиқ бўлганида аллақачон жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Қайтараман, биргина мураббийга боғлиқ эмас. Ўша пайтда ички чемпионатимиз ҳам қанақадир қизиқарлироқ эди. Миллий биринчиликда рақобат, интрига кучли бўлса, футболчи ўсиб чиқаверади. Ҳозирги чемпионатимизни кўриб турибсизлар?! Олдин “Бунёдкор” ва “Пахтакор” иштирокида қанақа ўйинлар бўларди?

шавкат3_1

- Ҳа, интрига кучли эди..

- Интрига кучли бўлганидан кейин рақобат ҳам кучли бўлади ва яхши-яхши футболчилар чиқади. Ҳозир биринчилигимиз тузук бўлгани билан Осиёга чиққанимизда Саудия, Иордания, Сурия кабилар биздан ўтиб кетишди.

- Бугунги Суперлигамизнинг ҳолатини қандай баҳолаган бўлардингиз? Муаммолар нимада, савия анча пастми?

- Анча деб ўйламайман. Мана, терма жамоа ҳақида гапиряпмиз-а, унинг бош мураббийи учун ўйинчиларни танлаб олиш имконияти паст. Масалан, ҳимоячи оламан деса чемпионатда рақобат йўқ. Биз ўйнаган пайтларда терма жамоанинг ҳар йиғинига турли хил ўйинчилар келарди. Мисол учун бештадан ҳужумчи чақириларди. Ҳимоячилар эса алмашиб турарди. Ҳозир эса танлов битта бўлиб қолган холос. Нимагаки, рақобат йўқ. Рақобат бўлиши учун чемпионатда жиддий курашлар ва шунга яраша ўсиш бўлиши керак. Буларнинг барчаси менинг шахсий фикрларим.

шавкат5_1

- Рақобат йўқлиги нима билан боғлиқ? Футболчилар ўз устида ишламай қўйишдими ёки мураббийларнинг малакаси етмай қоляптими?

- Бундай деб ўйламайман. Ҳар бир терма жамоада авлодлар алмашинуви юз беради. Бу нарса Эронда ҳам, Кореяда ҳам бўлган. БААда ҳам ўз вақтида зўр авлод чиққан. Кейин уларда ҳам алмашиш бўлди. Айниқса, уларнинг 1989 йилда туғилган футболчилари зўр чиққан. Аслида терма жамоаларда инқирозли давр бўлиб туради. Масалан, Эронда ҳам бўлган ва ўшанда КХДР жаҳон чемпионатига йўл олган. Энди эса эронликларни ҳам, корейсларни ҳам даражасини кўриб турибсиз. Лекин Корея ва Японияда авлодлар алмашинуви унчалик сезилмайди ҳам.

- Чунки уларда тизим бошқача-да...

- Ушбу термалардаги тизим 2002 йилда қўйилган ва яхши ишлаб келаётгани уларни натижаларидан ҳам кўриниб турибди.

- Ўзимизнинг бугунги кундаги футболчиларимиз ҳақида нима дейсиз?

- Яхши, ёмон эмас. Аммо улар ўзимизнинг ичимизда яхши бўлиши мумкин, лекин четга чиққанда-чи? Мақсад терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш-ку. Ўзимизда зўр деяверамиз, аммо ташқарида кучимиз етмаётганидан кейин мен баҳо бера олмайман. Хориждан мураббий олиб келишди, кўрамиз, нима бўларкин. Вақт керак. Биз фақат четдан кўришимиз мумкин холос. Жамоа ичида эмасмиз ва ички муҳитни билмаймиз. Савиямиз эса ҳозирча шу экан. Орқага кетганимизни терма жамоанинг натижаси ҳам кўрсатиб берди-ку.

шавкат2_1

- Сизга четдан яна қандай таклифлар бўлган? Масалан, қайсидир чақирувни қабул қилмаганингиздан афсусланиб қолганмисиз?

- Бизга таклиф билан тўғридан-тўғри чиқмайди. Аввало агентга алоқага чиқишади, кейин агент бизга айтади. Тўғрисини айтиш керак, хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам бу вазиятда ҳаммаси пулга бориб тақалади. Қайси таклифда даромад кўпроқ бўлса, ўшани танлайсиз. Менга чиққан таклифларга рози бўлганман. Балки бошқа чақирувлар ҳам бўлгандир, аммо менга кўп пул таклиф қилишаётганини айтишарди. Барибир сиз яхши даромадига борасиз-да. Агар кам пулга бўлса ҳам Европадан таклиф чиқса, бу бошқа гап. Европада “карьера”ни ўйлайсиз. Осиёда ўйнашдан мақсад эса пул ишлаш. Арабга нима учун борасиз? Фақат маблағ ишлаб топгани борилади. Ахир араб чемпионатларида қандай ўсасиз ва қаергача?

- Терма жамоамиз етакчилари – Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов, шунингдек, Азиз Ғаниев кабилар араб чемпионатларида тўп суришяпти....

- Фаолияти яхши, ўйнашяпти, ўзларини кўрсатишяпти.

- Юқоридаги гапларингиздан келиб чиқсак, улар у ерларда ўсишяптими?

- Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кимнидир кўзига ёқиб қолса, сизни Европага олиб кетиши мумкин.

шавкат7

- Машарипов ўз потенциали билан бемалол Европада тўп суриши мумкин эди. Аммо у БАА ва Саудия чемпионатларида ўйнаб юрибди. Унинг қарори сиз учун кутилган ҳолатмиди?

- Жалол ўзимизда ютадиганини ютиб бўлганди. Европада унақа катта пул бермайди. У ерда ўйнаш учун масалан, шу ердан сизни бирданига “Рома”га олиб кетишмайди. Шомуродовнинг босиб ўтган йўли яққол мисол бўла олади. Европанинг пастроқ клубида озгина пулга ўйнагандан кўра, Саудия варианти ҳам яхши. Чунки Осиёда энг кучли чемпионатлардан бири. Япония, Корея, Саудия Арабистони...Ўзингиз ҳам кўрсангиз бўлади, Осиё Чемпионлар лигаси финалида асосан шу учала мамлакат клублари ўйнашяпти ва ютишяпти. Шу боис Жалол ҳам Осиёдаги кучли чемпионатга борди. Футболчининг ичидаги ҳолатни ҳам билиш керак. Балки унинг мақсади Осиё Чемпионлар лигасини ютишдир. Бунинг учун имконият бор. Ўзим ҳам ўйнаганим учун буни яхши биламан.

- Энди кейинги режангиз қандай?

- Лицензияга ўқияпман. Шундан кейин каллани бир жойга қўйиб, ўйлаб кўрамиз.

- Демак, мураббий сифатида кўрамизми?

- Мураббий бўламан ёки бирор жойда ишлайман деб аниқ гап айтолмайман. Ҳозирча “В” лицензиясига ўқияпман, қолганини вақт кўрсатади. Эртага нима бўлишини мен билмайман. Футболдан четда бироз дам олиб юрибман.

- Сизни футболдан ташқари ҳам қўшимча бизнесингиз борлиги ҳақида эшитиб турардим...

- Қора қозонимиз қайнаб турибди (кулади). Худога шукр, қанча ризқ берган бўлса, шуни топяпмиз.     

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!