Футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик қизғин давом этмоқда

Юртимиз сўнгги йилларда FIFA ва OFK миқёсидаги нуфузли мусобақаларни қабул қилиш юзасидан катта қадамларни ташламоқда. Хусусан, 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги бу йўналишдаги сайи-ҳаракатларнинг муҳим босқишига айланди. Турнирга тайёргарлик ишларини кўздан кечириш мақсадида бугун FIFA делегацияси юртимизга ташриф буюрди.

FIFAнинг футзал ва соҳил футболи департаменти раҳбари Касра Ҳагиги бошчилигидаги делегация O'FA раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда иккала томон Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати тарихдаги энг яхши мундиал бўлиши учун барча ишлар амалга оширилишини алоҳида таъкидлашди. 2024 йил баҳорига белгиланган мусобақага қуръа ташлаш маросимини ўтказиш учун бир қанча шаҳарлар номзоди, ҳусусан, Самарқанд шаҳри таклиф этилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов Андижон ва Бухородаги ареналарда қурилиш жараёнлари режа бўйича кетаётгани, ўз вақтида якунланиши ҳамда ассоциация FIFA билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилаётганини эътироф этди.

Ташриф давомида ЖЧ ўйинлари ўтказиладиган асосий ареналар, машғулот майдонлари, меҳмонхоналарда олиб борилаётган ишлар, қурилиш ва реконструкция жараёнлари инспекция қилинади. FIFA вакиллари 27 ноябрь куни Тошкент, 28 ноябрь куни Бухоро ва 29 ноябрь куни Андижон шаҳарларида фаолият олиб боришади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!