Футзал бўйича Осиё кубогига тайёргарлик режалари муҳокама қилинди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Кувайтда футзал бўйича Осиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Мазкур қитъа биринчилигида Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Осиё кубоги мусобақасига тайёргарлик режалари ва ўқув-машғулот йиғинларининг жадвали билан танишиш мақсадида Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси мураббийлари Баҳодир Аҳмедов ва Нодир Элибоев билан учрашди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Суҳбат давомида олдимизда турган Осиё кубоги мусобақаларига тизимли тайёргарлик кўриш, ўқув-машғулотларини сифатли ташкил этиш, бир қанча жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тайёргарлик жараёнида барча деталларга эътибор қаратиш борасида кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида бу борада ЎФА томонидан барча шароитлар ташкил қилиб берилиши маълум қилинди ва кейинги режалар муҳокама қилиб олинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасининг йиғини 4 июль куни бошланди. Мазкур йиғин доирасидаги машғулотлар 18-июлга қадар давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!