Футзал. Бугун Ўзбекистон кубогига қуръа ташланади

ЎзПФЛ футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳамда биринчилиги ўйинларини якунлади. Олдинда Олий лиганинг сўнгги иштирокчиси номига ойдинлик киритиб берадиган ўтиш ўйини кутиб турибди. 

Шундан кейин Ўзбекистон кубоги старт олади ва унда республиканинг 16 та жамоаси ғолиблик учун курашади. Булар — Олий лиганинг амалдаги 12 та ҳамда Биринчи лигада мавсум якунига кўра дастлабки тўрт ўринни эгаллаган жамоалар. 

Регламент асосида Ўзбекистон кубоги учрашувлари уй-сафар тизимида ташкил этилиши керак эди. Афсуски, футзал жамоалари ҳалигача спорт мажмуаси масаласида қийинчиликка дуч келмоқда. Қолаверса, пандемия шароитида вақтинчалик клиникага айлантирилган айрим спорт заллари мусобақалар ўтказиш учун тайёр ҳолга келмаган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон кубоги беллашувлари марказлашган тизимда Тошкентда ташкил этилади. 

Режага кўра, 31 май куни жамоалар 1/8 финал босқичида залга чиқади. Мағлуб жамоалар мусобақани тарк этади. Мос равишда 2 июнь санасида 1/4 ҳамда 3 июнда 1/2 финал учрашувлари бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи финал ўйини 5 июнда ўтказилади. 

Мусобақага бугун 23 май куни соат 18:00 дан бошлаб қуръа ташланади. Қуръа жараёни онлайн эфирга узатилади.

Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!