Футзал. Ортда қолган Осиё кубоги қандай ўтди?
27 январдан 7 февралгача Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида футзал бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Қитъа биринчилигида Осиёнинг энг кучли 16та терма жамоаси қатнашди. Турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакиллари ҳам муносиб тарзда иштирок этди. 
Дастлаб гуруҳ босиқичи ҳақида тўхталиб ўтсак. "А"гуруҳидан мезбон Индонезиядан ташқари, турнир кашфиётларидан бири Ироқ терма жамоаси, Жанубий Корея ва қўшниларимиз Қирғиз Республикаси вакиллари жой олган эди. 1- ва 2- тур ўйинлари якунига етганидан сўнг, Индонезия ва Ироқ терма жамоалари иккитадан ғалабани қўлга киритиб, чорак финал йўлланмасини нақд қилишга улгурди. Сўнгги тур эса гуруҳ етакчисини аниқлаб беришга хизмат қилди холос. Ҳал қилувчи баҳс эса 1:1 ҳисобида якунланди ва мезбонлар тўплар фарқига кўра биринчи ўрин билан плей-офф чиптасига эга чиқди. Ироқ эса иккинчи поғонани банд этди. Қирғиз Республикаси эса Жанубий Кореяни мағлуб этиб 3-ўриндан жой олди.
"Б" гуруҳида ҳам шунга ўхшаш ссенарий кузатилди. Яъни икки турдан сўнг гуруҳда иккита етакчи кутилганидек ажралиб чиқди. Таиланд, Вьетнам, Қувайт ва Ливан терма жамоалари бу гуруҳдан жой эгаллаган эди. Жанубий-Шарқий Осиёнинг икки гранди 3-турда гуруҳ пешқадамлиги учун паркетга чиқди. Бундан аввалги икки учрашувни ҳам улар ғалаба билан якунлаган эди. Сўнгги ўйинда эса Таиланд минимал ҳисобда ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олган бўлса, Вьетнам 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Қувайт эса 3-ўрин билан кифояланди. Қизиқарли томон Қувайт ушбу гуруҳда энг кўп гол урган бўлса-да, чорак финал йўлланмасисиз қолди. Улар 3 ўйинда рақиблари дарвозасига 12та тўп киритишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган "С" гуруҳи эса мухлисларга бироз интрига тақдим этди. Ушбу гуруҳда Ўзбекистондан ташқари, қитъа гранди Эрон, Австралия ва ўтган сафарги қитъа биринчилиги қаҳрамонлари Тожикистон терма жамоаси жой олган эди. Дастлабки турда "оқ бўрилар" қўшниларимизга қарши баҳс олиб борди. Терма жамоамиз ўйинда кўплаб зарбалар берган бўлсалар-да, Тожикистон посбони дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди ва учрашув нурсиз дуранг билан якунига етди 0:0. Иккинчи баҳсда эса Япония терма жамоаси Австралияни йирик 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, турнирни ишончли ғалаба билан бошлади. Иккинчи турда эса Ўзбекистон ниҳоят мухлисларни ҳурсанд қилди. "Кенгурулар"га қарши кечган ўйинда вакилларимиз 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, якунда 4:2 ҳисобида рақибдан устун келиб, мусобақадаги илк ғалабасини тантана қилди. Японлар эса Тожикистонни мағлуб этиб, плей-офф чиптасини нақд қилди. Сўнгги тур эса Ўзбекистон ва Тожикистон учун ҳаёт-мамот ўйини бўлиши аниқ эди. Гуруҳнинг ҳал қилувчи турида "оқ бўрилар" самурайлар"га қарши паркетга чиқда. Дастлаб ҳисобда олдинда борган вакилларимиз якунда кичик ҳисобда мағлуб бўлди 1:2. Иккинчи беллашувда эса Австралия ва Тожикистон кутилмаганда муроса кўчасини танлади 1:1. Шу тариқа, Япония 9 очко билан биринчи, Ўзбекистон эса 4 очко билан иккинчи ўринда чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
"Д" гуруҳида Эрон, Афғонистон, Саудия Арабистони ва Малайзия терма жамоалари турнир ғолиблиги учун курашга киришди. Бу гуруҳда ҳам дастлабки икки турдан сўнг Эрон ва Афғонистон терма жамоалари 6 очкодан жамғариб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Сўнги турда форслар ва афғонлар гуруҳ етакчилиги учун баҳс олиб борди. Ушбу баҳсда тажриба ўз сўзини айтди ва Эрон Ислом Республикаси футзалчилари 5:2 ҳисобида рақибдан устун келиб, 1-ўринни эгаллади. Афғонистон эса 6 очко билан 2-поғонани банд этди. Саудия Арабистони эса 3 очко билан гуруҳни 3-ўринда якунлади.
3 февраль санасида эса турнирнинг чорак финал беллашувлари бўлиб ўтди. Дастлаб "Д" гуруҳи пешқади Эрон терма жамоаси "С" гуруҳида 2-ўринни эгаллаган Ўзбекистонга қарши паркетга чиқди. Учрашувнинг биринчи 5 дақиқалигида терма жамоамиз вакиллари 2та гол уриб, ғалаба қозона бошлаган эди. Аммо, лекин, бироқ форслар кейинчалик ўйинни тўлиқлигича ўз назоратларига олди ва бўлим якунига қадар дарвозамизни 4 бор ишғол этди. Иккинчи бўлимда ҳам Эрон Ўзбекистондан кучли экани исботлади ва якунда 7:4 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу баҳс "оқ бўрилар" учун мусобақадаги сўнгги ўйин бўлди. Таъкидлаш керакки терма жамоамиз бу галги қитъа биринчилигида Осиёнинг энг кучли икки терма жамоаси билан ҳам баҳс олиб борди ва уларга етарлича қаршилик кўрсатди.
Чорак финалнинг иккинчи ўйинида эса "Б" гуруҳини пешқадам сифатида тугатган Таиланд футзалчилари Ироқга қарши паркетга чиқди. Ўйин тенг курашлар остида ўтган бўлсада, яратилган вазиятлардан самаралироқ фойдаланган ироқликлар якунда 4:2 ҳисобида рақибдан устун келиб, ярим финалнинг иккинчи иштирокчисига айланди.
Ўзбекистонни мағлуб этиб, "С" гуруҳини биринчи ўрин билан якунлаган Япония терма жамоаси ярим финал йўлида "Д" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Афғонистон терма жамоаси билан баҳс олиб борди. Ушбу беллашув ҳам тенг курашлар остида ўтиши ва жамоалар майдонда мухлислар учун ҳақиқий жанг тақдим этиши кутилган эди. Бироқ бунинг акси бўлиб чиқди. Кун чиқар юрт вакиллари ушбу ўйинни тўлиқ устунликда ўтказиб, йирик 6:0 ҳисобида рақибни тор-мор этиб, ярим финалга йўл олди.
Сўнгги чорак финал беллашуви эса ҳақиқий интригага бой ўтди. Мезбон Индонезия терма жамоаси Вьетнамга қарши баҳс олиб бориб, ўз мухлисларига қувонч улашди. Икки жамоа ҳам ўйин мобайнида ғалаба учун бир-бирларига ҳақиқий жанг таклиф эта олди. Қизиқарли кечган ўйинда Индонезия терма жамоаси 3:2 ҳисобида рақибдан устун келиб, ўз тарихларида илк бор Осиё кубогининг ярим финал чиптасига эга бўлди.
5 февраль санасида финал йўлланмасини берувчи ярим финал беллашувлари бўлиб ўтди. Дастлаб Ироқ ва Эрон терма жамоалари паркетга чиқиб келди. Баҳсда икки бор ҳисобда олдинда борган ироқликлар устунликни ўйин сўнггига қадар ушлаб қола олмади. Форслар биринчи бўлим охиригача ҳисобни тенглаштирган бўлсалар, иккинчи бўлимда яна 2та гол уриб ҳисобни 4:2 кўринишига келтирди ва биринчи финалчига айланди.
Иккинчи ярим финал баҳсида эса турнирнинг сенсацияси юз берди. Драматик кечган ўйинда Япония ва Индонезия терма жамоалари мухлисларга голлар шоуси тақдим этиб беришди. Мезбонлар биринчи бўлимни минимал ҳисобда ютиб олди. Иккинчи бўлимда эса ҳақиқий кураш бошланди. 31-дақиқада японлар ҳисобни тенглаштирди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Индонезия яна олдинга чиқиб олди, бироқ жавоб гол узоқ куттирмади ва Япония мувозанатни тиклади. 39-дақиқада мезбонлар гол уриб, финал чиптасини қўлга киритгандек бўлди, бироқ "самурайлар" ўйин якунига 30 сония қолганида пенальтидан гол уриб, ўйинни қўшимча бўлимларга олиб ўтди. Экстра-таймларда эса Индонезия футзалчилари қаҳрамонлик кўрсатиб, 2та гол урди ва ўз тарихида илк бор финал йўлланмасига эга бўлди. Японлар учун эса туринир шу ерда якунига етди.
Осиё кубогининг энг ёрқин ва жанговар ўйини финал баҳсига тўғри келди. Қитъа биринчилигининг амалдаги ғолиби ва Жаҳон футзалининг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган Эрон терма жамоаси финал дебютанти Индонезияга қарши Жакартада жойлашган "Индонезия Спорт мажмуаси"да паркетга чиқди. Биринчи бўлимда ўйин томонлама ҳам ҳисобда ҳам мезбонлар форслардан кичик устунлик қилди 3:2. Иккинчи бўлимда эса Эрон терма жамоаси ўзига кела бошлади ва ўйин якунига қадар икки марта ҳисобни тенглаштирди 4:4. Қўшимча бўлиларнинг иккинчиси эса бутун бошли ўйиндан ҳам қизиқарли кечди. Сўнгги дақиқа бошланган вақтда Индонезия терма жамоаси футзалчиси Исрар Магантара гол уриб, гўёки жамоасини чемпионликка етаклагандек эди аммо форслар ўйновчи дарвозабонни майдонга тушуриб ўйин сўнггига қадар яна орадаги фарқни йўққа чиқарди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимларида ғолиб номи аниқланмагач, турнир чемпиони пенальтилар сериясида аниқланди. Лотереяда эса форслар 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу чемпионлик Эрон учун Осиё кубогидаги 14-си бўлди.
Улуғбек Хошимов тайёрлади.
Фикрлар
дабдала макола!!!