"Ғалаба бизни Суперлигага янада яқинлаштирди". Асрор Алиқулов ва унинг жамоаси элитага қайтяпти

Про лиганинг 24-турида Муборакнинг “Машъал” жамоаси ўз майдонида “Олимпик Мобиуз”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Айни пайтда Асрор Алиқулов бошчилик қилаётган “Машъал” турнир жадвалида пешқадамлик қиляпти. Очколарини 49 тага етказиб олди. 45 очко билан 2-ўринда бораётган “Бухоро” ўз ўйинини бугун Урганчда “Хоразм”га қарши ўтказади.

Суперлигага тобора яқинлашиб бораётган “Машъал” яна битта ўйинда ютса масалани ҳал қилади. Бош мураббий Асрор Алиқулов эса “Олимпик Мобиуз”га қарши учрашувдан кейин фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўйин бошланишида баҳсга жуда секин киришдик. “Олимпик Мобиуз” тезкор жамоа. Майдонда бўшлиқ, вақт бермайди, бош кўтаргани. Прессинглар орқали ўйнайди ва қарши ҳужумга зўр чиқиб кетади. Уларни тўп билан муомаласи, футболчиларини бир-бирини яхши тушуниши каби усуллари билан про лигадаги ҳар бир жамоага бош оғриғи бўлиши мумкин, қачонки уларга эркинликка йўл қўйсангиз. “Олимпик Мобиуз” бизни жазолаши мумкин эди. Бу жамоа билан анчадан бери ўйнаймиз. Катта тезлик билан ўйнайди, босим уюштиради. Барибир ўйинчиларда чарчоқ пайдо бўлади. Олдинги учрашувда биз шундан фойдалангандик. Бу сафар ҳам ҳужумларимизнинг аксариятини қанотлардан уюштирдик. Ўйлайманки, бугунги ғалаба бизни Суперлигага янада яқинлаштиряпти. Футболчилардан яхши ўйин ва кейинги ўйинларда барчасини ҳал қилишни хоҳлаяпмиз. 

- “Машъал”ни гол ўтказишига руҳий жиҳатдан йигитлар ўзларини кучлироқ ҳис қилишлари сабаб бўлдими?

- Ўзимиз ҳужум бошлашда хатоликка йўл қўйдик. Голдан кейин ўзимизни йиға олдик, дейишим қийинроқ. Чунки рақиб яна босим уюштиришга ҳаракат қилди. Ҳужумга ўтишга ҳаракат қилдик. Бир-иккита эпизодларда яхши ҳужумлар уюштирдик. Улардан бирини голга айлантирдик. Иккинчи бўлимда тажовузкорлик ва тезлик қўшдик. Биз бўшликдан фойдалана олдик. Ҳужумдаги тезлик ва стандарт вазиятдан фойдалана олдик. Бу “Машъал” мухлисларини ҳамда барча раҳбариятни ғалаба билан табриклайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!