"Ганновер 96" мутахассиси "Шўртан" таклифини қабул қилди

TIGGO 2 PRO

Ниҳоят, бу сафар про лигадан Суперлигага йўлланмани қўлга киритган ва энди элитада иштирок этиш имкониятига эга бўлган "Шўртан" клубини янги мавсумда қизиқарли саргузшатлар кутаётган бўлса ажаб эмас. Жамоа босқичма-босқич ривожланиш йўлидан бормоқда. 

Ғузорликлар ҳамма вақт ўзининг тарбияланувчиларига суяниш ғоясини илгариб суриб келадилар. Шу боис ҳам катта пулларни четдан келадиган футболчиларга ишлатишдан кўра, маҳаллий ёшларни етиштиришга йўналтиришни маъқул кўрадилар. Ҳозирда жамоада бир қанча маҳаллий футболчилар бор. Клубнинг эртасини айнан маҳаллий иқтидорли футболчилар ташкил қилишини исташаётгани эътиборга молик. Бунинг учун албатта, клуб тизимида тарбияланаётганлар ва мураббийларнинг билим даражасини ошириш, янги босқичга кўтариш зарурлигини "Шўртан" мутасаддилари жуда яхши тушуниб туришибди. Бу борада эса Европа клубларининг иш тажрибаси айни муддаодир. Айни шу мақсадда ғузорликлар навбатдаги қадам ташламоқдалар. 

Клуб матбуот хизматига кўра, “Шўртан“ футбол клуби ўз инфратузилмасини ривожлантириш ва ёш истеъдодларни юқори савияда тайёрлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. 2024 йил охирида Германиянинг “Ганновер 96” клуби мутахассиси Андрей Вайберт Ғузорга ташриф буюриб, мураббийлар учун Европа футболи методикасини таништирган эди.

Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида германиялик мутахассисни яна “Шўртан“ футбол клуби таклиф қилди. Жорий ташриф доирасида мутахассис бир ой давомида жамоа ва академия мураббийлари билан иш олиб боради.

Вайберт замонавий футбол методикаси бўйича тренинглар ўтказиб, мураббийлар ва ёш футболчиларга ўз билим ва тажрибасини ўргатади. Шунингдек, футболчиларнинг техник ва тактик тайёргарлигига эътибор қаратиб, уларнинг профессионал ривожланишига ҳисса қўшади.

“Шўртан“ академияси учун бу ташриф муҳим аҳамият касб этиб, келажакда жаҳон стандартларига мос футболчиларни етиштиришга замин яратади. Клуб раҳбарияти ушбу ҳамкорликни узоқ муддат давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Кўриб турганингиздек, "Шўртан" "Ганновер 96" клубининг иш андозасини ўзида синаб кўрмоқчи ва бу борада германиялик мутахассис билан яқиндан ишга киришишган. "Шўртан" жамоаси тизимининг янада шаклланишида, футболга қарашларини тубдан ўзгартиришда мазкур ҳамкорлик катта аҳамият касб этади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!