Гап юракда экан! Роберто Карлос 40 дақиқа ўрнига 3 соат операция қилинди
Футбол оламининг энг машҳур инсонларидан бўлган Роберто Карлос Бразилияда юрак билан боғлиқ муаммолар сабаб шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Текширувлар давомида шифокорлар унинг оёғида тромб аниқлашди. Бутун тана МРТ текширувидан ўтказилганида, собиқ футболчининг юраги тўлиқ ва тўғри ишламаётгани аниқланди.
Роберто Карлос зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун касалхонага ётқизилди. Аммо асоратлар туфайли операция 40 дақиқа ўрнига уч соат давом этган. Қайд этилишича, футболчи камида 48 соат давомида шифокорлар назорати остида бўлади.
- Ҳозир аҳволим яхши, мен шифокорларнинг қатъий назоратидаман, - деди Роберто Карлос жарроҳлик амалиёти натижаси ижобий эканини билдириб.
Роберто Карлос 1996–2007 йиллар давомида “Реал” сафидаги ўйинлари билан машҳур. Мадрид клуби таркибида у тўрт марта Испания чемпиони бўлган ва уч марта Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритган. Бразилия миллий терма жамоаси билан эса 2002 йилда жаҳон чемпиони бўлган.
2011-2012 йилги мавсумда Роберто Карлос Ўзбекистон футболи фахри Одил Аҳмедов билан бирга Россия Премьер-лигасида “Анжи” клуби шарафини ҳимоя қилган.
Ҳозир Роберто Карлос “Қироллик клуби” тузилмасидаги лавозимлардан бирини эгаллаб турибди.



Фикрлар