"Гапларим муболағали туюлар, аммо орзу қилсангиз кутилмаганда рўёбга чиқиши мумкин" - Хомяков "Машъал"ни 1-ўринга даъвогарлигини исботламоқчими?
“Газчилар” номи билан ҳам танилган “Машъал” жамоаси ортда қолган учта турда иккита мағлубият ва битта ғалаба қайд этди.
Хабарингиз бор, чемпионат бошланишига яқин бош мураббий сифатида Александр Хомяков клубда иш бошлади. “Машъал” билан Хомяков бир-бири учун жуда қадрдон. Бунга қадар россиялик мутахассиснинг 10 йил давомида Муборак клубини бошқарганини ҳамма яхши билади.
Орада “Машъал”дан кетиб ўз омадини бошқа жамоаларда излаб кўришга ҳаракат қилди. Лекин Александр Андреевич “Машъал”дан кейин бирор-бир клубда унчалик узоқ ишламади. Бу ўша жамоаларда раҳбарларнинг ундан дарҳол натижа талаб қилгани билан боғлиқми? Бу саволга Хомяков атрофлича жавоб қайтарди.
- Мураббий учун клуб раҳбарларининг қўллаб-қувватлашидан муҳимроқ нарса йўқ, - дея гап бошлади, Хомяков. - Бу энди мураббийлик ишига киришган ва тажрибали ҳисобланадиган мураббийлар учун бирдек тааллуқли. Сизнинг раҳбарингиз фаолиятингизни йўлга қўйишда ёрдам бериши мумкин, шунингдек, уни бузиб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Мураббийда жуда катта масъулият бор. Буни ортида қўллаб-қувватлаб турувчи кишилар бўлишини истайди. Агар кучли клуб тепасида турган раҳбарлар бош мураббийни қўллаб-қувватлаб, керак бўлса ҳимоя қилишар экан, у хотиржам ишлаши мумкин. Бу – ўзига хос индустрия. Унга ўхшаш ўйин деярли йўқ. Сиз ҳар доим ҳам ижобий натижаларни бера олмайсиз. Ваҳоланки, бошқа бир қанча соҳаларда, жумладан, савдо-сотиқда доим яхши натижаларга эришса бўлади. Лекин футболда натижага эришиш қатор омилларга чамбарчас боғлиқ. Бу ўйинда ҳиссиётлар ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилади. Ҳаммаси бир текис кетаётган маҳалда кутилмаганда олинган жароҳатлар ёки об-ҳаво шароитининг ўзгариши ҳам якуний натижага акс таъсир кўрсатмасдан қўймайди.
Мураббий учун ишидаги энг мураккаб жиҳатлардан бири унинг меҳнати нақадар жиддий ва масъулиятли эканлигини тушунадиган раҳбарларни топишдан иборат. Агар мана шундай раҳбарлар топилар экан, мураббий ўзини ҳар томонлама қулай ҳис қилишга тушади. У истеъфога чиқариб юборилиши мумкинлигини хаёлига келтирмай клубни ривожлантириш ва унинг мавқеини кўтариш учун етарли вақтга эга бўлган ҳолда ишлайди. Мураббий учун ўз ғояларини амалга татбиқ этиш бир қанча йилларни ўз ичига қамраб олади. Агар сиз ишингизни тушунадиган мана шундай раҳбарларни топадиган бўлсангиз (афсуски, бундай инсонлар камдан-кам учрайди) у ҳолда сизда яхши натижаларга эришиш учун имконият пайдо бўлади. Аммо аксига олиб керакли натижа қайд этилмайдиган бўлса, у ҳолда шунчаки мураббийни ишдан бўшатиб юборадилар.
“Андижон”дан кетишимга тўхталадиган бўлсам, ортга назар ташлаб шуни айтишим мумкинки, бу обдон ўйланган эмас, балки шошилинч тарзда қабул қилинган қарордир. Чунки раҳбарият ҳар томонлама обдон ўйлаб қарор қабул қилиш ўрнига ҳис-туйғуларга берилганча шундай тўхтамга келган. Қолаверса, ўшанда клуб раҳбарияти билан ўртамиздаги муносабат чоғида асаблар жунбушга келганлигини айтмоғим керак. Бугунги кунда таъбир жоиз бўлса, мураббийни клуб тизимидаги мурватга ўхшатиш мумкин. У яхлит мехнанизмни мустаҳкамлаб турувчи бир мурват бўлиб, хизмат қилади. Айтишим керакки, мураббий раҳбарият ўзидан нимани кутаётганини билиб олиши керак. У асосий эътиборни клуб олдига қандай мақсадлар қўйилаётгани, ўша мақсадларга эришиш йўлида қандай шароитлар мухайё қилинганини билиб олмоғи даркор. Бу мураббий ишидаги энг муҳим жиҳатлардан биридир. Бошқа масалалар вазифалар бажарилишига қараган ҳолда ҳал қилинаверади. Ўз ўрнида биз мураббийлар олдига қўйилган вазифалар бажарилиши учун шуни амалга ошириш имконини берувчи шарт-шароитлар ҳам бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Инсонийлик омилидан ташқари вазифалар бажарилиши йўлида молиявий масала жуда муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мусобақа жадвалида клуб эгаллаб турган ўрин кўп жиҳатдан маошлар рўйхатига боғлиқ бўлади. Агар маош қанча юқори бўлса, клубнинг жадвалдаги мавқеи ҳам шунга яраша юқорилаб бораверади. Тўғри, баъзида истисноли ҳолат ҳам юз бериши мумкин. Лекин бундай вазият камдан-кам содир бўлади. Агар сен ўзингни мураббий ролида синаб кўришга қарор қилган экансан, биринчи навбатда бутун диққатингни шу ишга қаратмоғинг даркор. Бу худди нарвондан кўтарилишга ўхшайди. Шунинг баробарида сен клубнинг ҳолатига, унинг тепасида турган кишиларга эътибор беришни ўрганмоғинг даркор. Одатда ёш мураббийлар бунга эътибор беришмайди. Фақат йиллар ўтиб бориши билан бу борада мураббий тажриба тўплай бошлайди. Шунда сен масъулиятни ҳис қилган ҳолда натижа қайд этиш учун бутун диққатингни қаратишинг мумкин бўлади.
Кўриб турганингиздек, Хомяков ўз қарашларини батафсил равишда тушунтириб берди. Лекин “Машъал”да раҳбарият мураббийга нисбатан шошма-шошарлик билан муносабатда бўлмайдими? Бу масалада мураббийнинг қарашлари қуйидагича бўлди:
- Шак-шубҳасиз мен биринчи навбатда клуб президентидан миннатдор эканлигимни айтмоғим даркор. У менинг номзодимни тасдиқлаб жамоани бошқаришим учун имконият ҳавола қилди. Яна бу масалада менинг фойдамга қарор қабул қилган бош директорнинг роли катта эканлигини айтишим жоиз. Агар сен профессионал лицензияга эга бўлар экансан, ишингдаги муҳим омиллардан бирида жамоа тепасидаги раҳбарларнинг сени тушуниши бўлади. Ҳа, мутасаддилар билан умумий тил топишганим боис “Машъал”да ўз вазифамни бемалол бажара олишим мумкин. Муҳими, атрофдан бўлаётган ва кам сонли инсонлар томонидан танқид тошлари отилган пайтда раҳбарлар мени ҳимоя қиладилар. Бу эса мен учун жуда муҳим. Тўғри, ҳар доим ҳам натижалар кўнгилдагидек бўлавермайди, лекин юқоридагилар сени қўллаб-қувватлар экан, ўз-ўзидан уларни ҳурмат қилиш ва ажаблантириб қўймаслик учун катта иштиёқ билан ишингда давом этаверасан.
Айтишим керакки, бой берилган ўйиндан сўнг, клуб президенти билан яккама-якка – юзма-юз учрашишимга ҳам тўғри келган пайтлар бўлган. Мана шундай чоғларда бу менинг таркибни танлаш борасидаги ҳисоботимни ёки изоҳларимни эринмасдан тинглайди. Пайти келса, ўйин учун танланган тактика ўзини оқламаганлигини айтиб ўтади. Айрим ҳолларда президент яна шундай натижа такрорланадиган бўлса, ишдан бўшатиб юбориши мумкинлигини айтиб, дағдаға ҳам қилиб қўйиши мумкин. Лекин менинг шаънимга бўлган барча танқидлар ва эътирозлар кабинетда қолиб кетади. Мен билан ҳамкорлик қилиш борасида тажриба эга бўлган Шермат Жўрақулович мендан нимани исташини тушунади. У билан ишлаб келаётганимдан хурсандман. Тўғри, орадан вақт ўтиши билан менда ҳам ўзгаришлар кузатилган. 2009 йили мен мураббийлик ишини бошлашга қарор қилган ёш мутахассис ҳисобланардим. Ўшанда иложи борича тезроқ натижа тақдим этишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйгандим. Бугунги кунда анча тажрибам ошган. Энди нафақат натижа, балки узоқ муддатли ва истиқболли лойиҳанинг кўлами мен учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки ўзимдан яхши мерос қолдириб кетишим керак.
Яна шуни айтиш даркорки, мураббий учун бош ва спорт директорлари билан яқин алоқада бўлиш жуда муҳимдир. Шунда сиз ўз ишингиздан оғишмай олдинга қадам ташлашда давом этишингиз мумкин. Шукрки, “Машъал”да ҳамфикрлар жамоаси жамланган. Бизда ҳамма ўзи бажараётган иш учун жавоб беради. Шунинг баробарида кўп нарсани биргаликда муҳокама қилсак-да, бир-биримизнинг ишимизга ҳеч бурнимизни суқмаймиз. Бу эса клуб ишида самарали меҳнат қилиш чоғида ўта муҳим омиллардан биридир. Олдинги йилларда барчамиз қўйилган вазифаларни босқичма-босқич бажариб келганмиз. Ҳар мавсум бошланиши олдидан биргаликда ўтириб нимани исташимизни ва қандай натижага эришишни кўзлашимизни муҳокама қилиб олардик. Мен буни ишга бўлган тўғри ёндашув деб ҳисоблайман. Айниқса, узоқ муддатни ўз ичига оладиган режаларни амалга ошириш чоғида бу тарзда йўл тутиш жуда муҳимдир. Тўғри, баъзида муайян натижага эришишингиз учун қанча вақт керак бўлади, деган саволларни ҳам эшитишимга тўғри келган. Асосийси, бизда – яъни, “Машъал”да ишимизни хотиржам тарзда бажаришимиз учун имкон бериб келганлар. Яна такрорлайман: раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши мураббий учун жуда муҳим омил саналади. Ўз ўрнида бундай ишончга эга бўлиш кутилган натижани беришимиз билан боғлиқ бўлганлигини айтиб ўтишим даркор. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, “Машъал”даги умумий ишимиз чоғида бор-йўғи бир марта биз учун йил омадсиз келган. Қолган ҳолатларда эса раҳбариятни ҳам, жамоа ишқибозларини ҳам ажаблантириб қўймаганмиз.
Маълумки, клубни қишки йиғин чоғида испаниялик мураббий Серхио Маринангелли тайёрлади. Шу сабабли жамоа аъзолари ўша мутахассиснинг иш услубига кўникиб қолгандилар. Энди бўлса, Хомяковнинг қарашларидан келиб чиқиб футбол ўйнашяпти. Қизиқ, ўйинчилар унинг ўйин борасидаги фалсафасини тушунишлари учун қанча вақт керак бўлади?
- Назаримда, бунинг учун менга кўп вақт керак эмас, - дея мавзуни давом эттирди, Хомяков. - Тўғри, жамоани қабул қилиб олганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин клубни ичидан яхши билганим учун бу масалада менда бирор-бир муаммо юзага келади, деб ўйламайман. Тўғри, барибир футболчилар учун мен янги мураббий ҳисобланаман. Шу боисдан ҳам бир-биримизга мослашиб олишимиз учун қандайдир вақт керак бўлиши табиий. Клуб ўйинини тубдан ўзгартириш учун бирор-бир эҳтиёж ёки сабабни кўрмаяпман. Боиси, “Машъал” ўз фалсафасига эга бўлган клубдир. Шунинг учун бир-биримизга мослашиш жараёни кўп вақт талаб қилади, деб ўйламайман. Ўйинчиларнинг клуб фалсафасидан яхши хабардор эканликлари менинг вазифамни анча соддалаштиради. Чунки “Машъал”да ўзига хос ягона тизим йўлга қўйилган бўлиб, шунинг эвазига ўзимни анча ишончли ҳис қилишим мумкин. Мураббий фаолиятида ўз кучига бўлган ишончни ҳис этиши энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Агар футбол майдонида жамоавий руҳга содиқ қолган ҳолда ўйнар эканмиз, ўз-ўзидан ҳар қандай кучли рақибга муайян муаммолар туғдира оладиган кучга айланамиз, - дейди мураббий.
“Машъал” учинчи турда Муборакда “Металлург”ни қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша ўйиндан кейин матбуот анжумани чоғида Александр Хояков “Машъал”нинг биринчи ўрин учун курашиши мумкинлигини айтди. Буни кўпчилик жиддий қабул қилгани йўқ, бизнингча. Ёки бу ҳазилмиди?
- Ўйиндан кейиноқ интервью бериш сира қийин иш. Одатда мен матбуот анжуманига ўзимни тайёрлашга ҳаракат қиламан ва нималар дейишимни хаёлан ўйлаб оламан. Шунинг баробарида ишқибоз мендан қандай жавобларни кутиши мумкинлигини тасаввур қиламан. Шу боис бўлса керак, баъзи гапларим кимлар учундир бироз муболағали туюлиши мумкин. Биринчи ўрин учун курашишга келсак...Мана шундай мақол бор: Орзу қилишдан эҳтиёт бўлинг, баъзида орзулар ўзингиз кутмаган маҳалда бирма-бир рўёбга чиқиши мумкин.
Менимча, бўлди. Шундоқ ҳам саволларингизга жавоб бериш учун анча вақт сарфладим. Ваҳоланки, клубни “Андижон”га қарши ўйинга тайёрлашим керак. Мени тўғри тушунасиз деб ўйлайман, - дея сўзини якунлади мураббий.
Фикрлар