Ғайрат Ҳасанов: Футбол шоу бизнесга айланиб кетди
Ads

Ўзига хос характер ва хусусиятга эга бўлган дарвозабонларимиздан бири – Ғайрат Ҳасанов мухлисларнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. «Нефтчи»даги фаолияти орқали танилган ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг шарафини ҳам ҳимоя қилган фарғоналик посбон кейинчалик ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳасановнинг охирги клуби эса «Қўқон-1912» бўлди. Одатда дарвозабонлар футболчиларга нисбатан кўпроқ фаолият олиб боришади. Бироқ Ғайрат бироз эртароқ тугатишга қарор қилди. Кейин эса у ўзини тадбиркорликда ҳам синаб кўрмоқчилиги борасида эшитгандик. Лекин ўйлаган режалари амалга ошмади.

Дарвозабонлар мураббийига айланган собиқ посбон

- Охирги марта 2016 йили олий лигада «Қўқон-1912»да тўп сурдим ва ўша ерда фаолиятимга якун ясадим. Шундан кейин Фарғона давлат университетида иккинчи мутахассислик бўйича иқтисодиёт факультетини 2017 йили тугатдим. Шу билан бирга футболни тугатганимдан кейин бир-икки йил дам олиб юрдим. Ҳозирги пайтда Фарғона вилояти футбол академиясида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаб келяпман. Тошкентда дарвозабонлар учун махсус ташкил этилган Level-1 ўқув-курсини тугатдим. Мавсум бошида про-лигада «Ифтихор»да иш бошлагандим. Лекин жамоанинг келажак учун қилинган режалари менга ёқмаганлиги сабабли у ерда кўп қолганим йўқ. Биринчи даврадан сўнг ўз хоҳишим билан кетдим.

Амалга ошмай қолган режаси

- Яйпанда 1968 йилда қурилган ўйингоҳ бўларди. 2016 йили ҳокимият томонидан ўша стадион захира балансига олинганди. Фаолияти тугатилган стадион икки йил захира балансида турганди. Мен эса ҳокимиятдан ўша стадионни сўрагандим. Икки миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиб, уюшмаган болалар учун ўзимнинг спорт клубимни ташкил қилиш ташаббуси билан чиққандим. Лекин бу уринишларим айрим сабабларга кўра амалга ошмай қолди. Шунга қарамай, барибир яна футболда ишлашни хоҳладим. Ташаббусим қўллаб-қувватланмаганидан кейин Фарғона вилояти футбол академиясига ишга кирдим. Эндиликда футболдаги тўплаган тажрибаларимни ёш болаларга ўргатиб боряпман.

Ҳасановнинг футболга қарашлари

- Бундан кейин ҳам ўзимнинг режа ва мақсадларим бор. Уларни янада такомиллаштириш ва мукаммаллаштириш мақсадида ҳам Фарғона давлат университетининг иқтисодиёт факультетида таҳсил олдим. Ҳозирги замонавий футболда жуда керак бўлган ўз-ўзини бошқариш, иқтисодий жараённи такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришга ёрдам берадиган билимларга эга бўлиш мақсадида ҳам ўша ерда ўқидим. Мен замонавий футболдаги барча билимларга эга бўлиш мақсадида ҳам изланяпман. Келажакда Фарғона футболини юксалтиришни ният қилганман. Футбол шундай спорт турики, бу шоу-бизнесга айланиб бўлган, бу ҳеч кимга сир эмас. Қисқаси, футбол учун манфаати тегадиган инсон бўлишга интиляпман. Шунингдек, яна Суперлигада ишлаш ниятим ҳам бор. Лекин бунинг учун етарли даражада билимга эга бўлишим ҳамда футболда ҳали биз билмаган сир-синоатларга ҳам эга бўлишимиз зарур. Мураббийлик соҳасида ҳали ёшмиз. Лекин ўзбек футболига ўз манфаатимни қўшиш мақсадида ўқиб, изланишда давом этяпман.  Футболчилик фаолиятимга келсак, болалик чоғимда бундан ортиғини орзу ҳам қилмагандим. Ёшлигимда «Нефтчи»да ўйнашни, «Пахтакор»га қарши тўп суришни хоҳлардим. Кейинчалик ўзим истаган ва ўйлаган орзуларимга эриша олдим. Футболдан армоним йўқ. Айни пайтда ўзим тарбиялаётган ёшларни келажакда жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, муносиб даражада ҳимоя қилишларини жуда-жуда истайман.

Янгича ёндашувга мухтож бўлган «Нефтчи» ҳақида

- «Нефтчи» жамоасини қайта тиклашга ҳаракат қилишяпти. Лекин бу клубни бугунги замон футболининг талабларига ўтишини хоҳлаган бўлардим. Шу маънода футболга бўлган қарашларни ҳам ўзгартириш керак ва жаҳон футбол услубига ўтиши мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозирги футбол эса замонавий раҳбарларни, ҳомийларни ва ташкилотчиларини талаб қилади. Юқорида айтганимдек, футбол шоуга айланиб кетган. Шу сабабли шоуга арзийдиган маблағ топиб, таъминотни йўлга қўйиш керак. Иқтисодий томондан клуб ўзини-ўзи бошқариш йўлларини излаб топиши жуда муҳим. Энди Фарғона футболи салоҳиятини ошириш учун ишга янгича ёндашув, билим, ақл, интилиш ва ташкилотчилик талаб қилинади деб ўйлайман. Бундан кейин ҳокимият пул ажратса, ишларимиз яхши бўлиб кетади, деган ўй-хаёллар билан футболни ривожлантириш ёд тушунча деб ҳисоблайман.

Ғайрат Ҳасанов клубларимиз учун «Насаф»ни намуна қилмоқда

- Менимча, ҳозирда футболимиз ўтиш даврида. Масалан, мен «Насаф»да фаолият олиб борганман. Бу жамоанинг нималарга таяниб ишлашини яхши биламан. Ҳозирги иқтисодий ҳолатда клуб ўз тарбияланувчиларини вояга етказиб, уларни етакчи клубларимизга сотиш орқали пул ишлаяпти. Клубга ҳокимиятнинг ёрдамидан ташқари «Насаф» ўзига-ўзига даромад топиб, таъминлаб келмоқда. Агар ўзбек клубларининг ҳар бири «Насаф» қўллаётган услубдан фойдаланишса, футболимиз иккинчи босқичга ўтиши мумкин. Иккинчи босқич деганда, энди клубларимиз ўзимизнинг етакчиларимиз учун эмас, балки Европага, хориж клубларига ўйинчиларни етиштириб бера олса, ривожланиш учун катта туртки бўлган бўларди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
31/08/2019 12:01
Омад сизга

Минбар

Барча блоглар