Геннадий Головкин ҳамда Рёта Мурата жангида ким ғалаба қозонади? Ўзбек бокс олами вакиллари жавоб берди
9 апрель куни Япониянинг Сайтама шаҳрида профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Мазкур оқшомнинг марказий жангида Қозоғистон вакили Геннадий Головкин мезбон боксчиси Рёта Муратага қарши рингга кўтарилади. Ушбу жанг ўрта вазн (72.6 кг) тоифасида IBF ҳамда WBA Super чемпионлик камари учун ўтказилади. Яъни, камарларни бирлаштирувчи жанг бўлади. Головкин амалдаги IBF чемпиони бўлса, Мурата WBA Super чемпионлик камари эгаси саналади.
Мазкур жанг барчада катта қизиқиш уйғотган ва турли хил фикрлар ва тахминлар илгари сурилмоқда. Биз ҳам ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек бокс олами вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.
Сардор Раҳимов -шарҳловчи
- Бу жанг ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳар иккисини ҳаваскор боксда тажрибаси бор. Бироқ, Мурата профессионал боксда ҳали Геннадий Головкин каби рақибга дуч келгани йўқ. Лекин тангани иккинчи тарафи ҳам борки, Головкин 39 ёшда, ўрта вазн! Агар, бу ёшда ҳам ўз даражасини кўрсата олса, камарларни бирлаштира олади. Мурата чемпионлик жангида ҳам у қадар кучли ва жиддий рақибга дуч келган, дея айта олмайман. Шахсан мен учун боксчи сифатида Головкин кучлироқ ва у тактик жиҳатдан ҳам устун. Тўғри ёш ҳақида гапирдик, Мурата ҳам у қадар ёш эмас, 30 дан ошган. Очиғи, унинг жангларини кўрганимга анча бўлди ва ҳозирда Головкинни қандай жисмоний ҳолатга эгалиги ҳам мавҳум. Аммо, якуний сўз сифатида барибир Головкинда имконият юқори, деб ўйлайман.
Тўлқин Қиличев -мураббий
- Бу жанг борасида тўхталадиган бўлсак, тажриба, техник ва тактик жиҳатдан Головкин устунроқ. Бу билан Муратанинг техникаси яхши эмас, демоқчимасман. Мурата ҳам Олимпиада чемпиони ҳисобланади. Бироқ, барибир Головкин бокс оламида катта ном ва унда класс юқори. Қолаверса, бокс мактаби ҳам яхши ва чиройли йўлга қўйилган. Аммо ёш борасида ҳам тафовут мавжуд. Япониялик боксчи Головкинга нисбатан ёш ва жанг ўз юртида бўлмоқда. Шу ҳам қисман Муратанинг устунлик жиҳати деб, айтишим мумкин. Агар, Мурата дастлабки раундлардан кучли босим, прессинг билан ишласа, унда ғалабага имконият бўлиши мумкин. Головкин ҳам ўша босимга дош бериб, жангни назорат қила олса, баҳсни ўз фойдасига ҳал қилади, деган фикрдаман. Қисқа қилиб айтганда, жанг тўлиқ давом этади ва очколар ҳисобида Головкин ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
Элшод Расулов - мураббий
- Бу жангда фаворит Геннадий Головкин ҳисобланади. Биламизки, Головкин совриндор боксчи саналади. Шундай бўлса-да, имкониятларни тенг баҳолаган бўлардим. Гарчи, Головкин профессионал бокс оламимда ўз номига эга бўлган, тажрибали бўлса-да, ёши анчагина катта, Мурата эса унга нисбатан ёш ва ғалабага чанқоқ, деб айта оламан. Бу жангда тажриба ва иштиёқ тўқнашуви бўлади, десам янглишмаган бўламан. Мурата жиддий қаршилик кўрсата олади. Умумий олиб қараганда, ҳар иккисида ҳам ғалаба қозониш имконияти мавжуд.
Абдувоҳид Жалолов - мураббий
- Головкин ютса керак, деб уйлайман. Чунки бу боксчида юкори техник маҳорат бор. Ҳаваскор рингда ҳам ўз обрўсига эга бўлган. Рақиби Мурата ҳам олимпия чемпиони ҳисобланади. Лекин проф ринга Головкиндан анча кейин келган. Профессионал рингда тажриба Головкинда кўпроқ, деб уйлайман. Албатта, боксда хамма масалани ринг ҳал қилади. Кучлилар ютаверсин. Биз ҳалол бокс тарафдоримиз.
Алишер Тўйчиев -мураббий
- Тўғриси, Геннадий Головкинни мухлисиман. Унинг жанглари жуда чиройли ва ҳақиқий бокс намойиш этади. Тажриба борасида ҳам Головкин устунроқ. Назаримда ушбу жангда қозоғистонлик боксчи ғалаба қозонади, деган фикрдаман.
Ҳасанбой Дўсматов -боксчи
- Бу жангда Риёта Муратанинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. Тўғри, Головкин ажойиб боксчи ва юқори тажрибага эга. Бироқ, у ҳозир юқори даражадаги жисмоний ҳолатга эга, деб айта олмайман. Чунки ёши ҳам анчага бориб қолди. Мурата эса унга нисбатан ёш ва кучга тўлган вақти, қолаверса, жанг Японияда бўлади. Мезбонлик фактори ҳам Муратанинг имкониятини ошириши мумкин.
Азизбек Абдуғофуров -боксчи
- Бу жангда шубҳасиз Геннадий Головкинни имконияти юқори ва у ушбу жангда ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Муратага ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим мукинки, Головкин класс борасида ундан анчагина устун.
Ферузбек Юлдашев - мураббий
- Бу жанг жуда қизиқарли ўтиши аниқ. Чунки, Геннадий Головкин қандай даражадаги боксчи эканлигини барча яхши билади. Мурата ҳам бекорга чемпион эмас. У ҳаваскор боксда ҳам Олимпиада чемпиони бўлган. Шунингдек, жанг ўзини юртида, ўз мухлислари кўз ўнгида бўлиб ўтади. Лекин барибир Головкинни даражаси юқори ва у ушбу жангда ғалаба қозонса керак.
Фикрлар