Гехи "Энфилд"даги ҳуштакбозликка ҳайрон қолди

"Манчестер Сити" ҳимоячиси Марк Гехи "Ливерпуль" мухлисларининг ҳуштакбозлигига муносабат билдирди.

АПЛнинг 25-тури доирасида "шаҳарликлар" меҳмонда "қизиллар"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. "Энфилд" стадионидаги уй мухлислари Гехи тўпга эгалик қилган пайтда уни ҳуштак билан қарши олди.

Ўтган ёзда "Ливерпуль" 25 ёшли футболчи учун "Кристал Пэлас"га 35 миллион фунтдан ортиқ таклиф берган, аммо трансфер амалга ошмаган. Қишда эса шартномаси 30 июнгача мўлжалланган инглиз футболчиси "Сити"га 20 миллион фунт ва бонуслар эвазига кўчиб ўтди.

"Ростини айтсам, нима сабабдан эканини билмайман (кулади). Аммо уларнинг мухлислари мен ҳақимда нима ўйлашини назорат қила олмайман. Фақат ўз мухлисларимизга миннатдорман, улар бутун ўйин давомида мени қўллаб-қувватлашди.

Бу осон эмас. Мухлислар доим босим ўтказади. Сен юқори босимни яхши кўрадиган жамоага қарши ўйнайсан, лекин бари кейинги ҳаракатга боғлиқ. Хато қилишинг мумкин, аммо муҳим жиҳат — кейин нима қиласан. Доимо навбатдаги ҳаракатга ва жамоадошларингга қандай ёрдам беришингга эътибор қаратишинг керак", — деди Гехи ўйиндан сўнг.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!