Гол ва ассист: Легионеримиз ўйин қаҳрамони бўлди!

TIGGO 2 PRO

Қозоғистон Премьер-лигасиганинг янги мавсуми бошлади. Бу йил жами 14 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб боради.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари бу мавсум қўшни мамлакат чемпионатида Туркистон вилоятининг “Турон” жамоасига мухлислик қилади. Ўз олдига катта мақсадларни қўйган туркистонликлар таркибни легионерлар билан кучайтирган.

24 футболчидан иборат таркибнинг тенг ярмини хорижликлар – Ўзбекистон, Беларусь, Черногория ва Россиядан келган футболчилар ташкил қилади. Шулардан тўрт нафари – Шаҳбоз Умаров, Одилжон Абдумажидов, Беҳруз Асқаров ва Хуршид Мухторов ўзбек футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобланади.

Бу орасида Шаҳбоз ва Одилжон илгари “Ордабаси” сафида ўйнаган ва Қозоғистон юқори дивизион талаблари ва даражасидан жуда яхши хабардор. Тажрибали Хуршид Мухторов ва ёш истеъдод эгаси Беҳруз Асқарорв илк бор хориж чемпионатида ўз омадини синаб кўрмоқда.  

“Турон” янги чемпионатни ўз мухлислари кўз ўнгида бошлади. Биринчи тур учрашувида туркистонликлар “Окжетпес” жамоасини қабул қилди.

Бу беллашувни уч нафар легионеримиз – Шаҳбозбек Умаров, Одилжон Абдумажидов ва Хуршид Мухторов бошланғич таркибда бошлади. Учрашув қаҳрамони Умаров бўлди. Ҳужумкор футболчимиз 32-дақиқада Жумабек Абилайхан узатган тўпни аниқ зарба билан рақиб дарвозаси тўрига жойлади.

Туркистонликлар ўйиннинг иккинчи ярмида ҳам рақибдан устунлик қилди. 70-дақиқага бориб, мезбонлар иккинчи тўпни киритди. Россиялик легионер Лука Згуриский урган голга Шаҳбозбек Умаров ассистентлик қилди.

Беллашувнинг қолган дақиқаларида ҳисоб ўзгаргани йўқ ва “Турон” чемпионатни муҳим ғалаба, қимматли уч очко билан бошлади.

Бошланғич таркибдан ўрин олган учала футболчимиз тўлиқ ўйнади. Беҳруз Асқаров эса, 89-дақиқада захирадан майдонга тушиб, легионер сифатида дебютини нишонлади.

Қозоғистон чемпионатининг иккинчи тури 8-9 март кунлари бўлиб ўтади. “Турон” бу гал сафарга чиқади ва “Актобе” жамоаси меҳмони бўлади.

Эслатиб ўтамиз, марказий ҳимоячи позициясида ўйнайдиган Одилжон Абдумажидов туркистонлик сафига Бекободнинг “Металлург” жамоасидан келиб қўшилган. 23 ёшли футболчи Ўзбекистонда “Олимпик” ва “Динамо Самарқанд” шарафини ҳам ҳимоя қилган.

31 ёшли Хуршидбек Мухторов “Турон”га Фарғонанинг “Нефтчи” клуби билан ҳамкорлиги тугаганидан кейин эркин агент сифатида келиб қўшилди. Бунгача Ўзбекистондан ташқарига чиқмаган тажрибали ҳимоячи “Гулистон”, “”Қўқон-1912”, “Сўғдиёна”, “Олмалиқ”, “Локомотив”, “Насаф”, “Турон” каби жамоаларда ўйнаган.

21 ёшли Беҳруз Асқаров “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Тошкентликлар истеъдодли ҳужумкор футболчи ўйин амалиёти ва тажрибага эга бўлиши учун уни туркистонликларга бир йилга ижарага юборди.

Шаҳбоз Умаров эса, 2022 йилнинг ёзидан бери Қозоғистон чемпионатида тўп тепиб келмоқда. 25 ёшли қанот ҳужумчиси бунгача “Ордабаси”да ўйнаб, мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби бўлди.

Премьер-лигага яна бир ўзбек легионери келади!

Ҳусановни “Манчестер Сити”да ҳали нималар кутмоқда?
Шомуродов жамоадоши келажагига “хавф” соляпти!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!