Головкин ва Деревянченко ким ғалаба қозонади? (Мураббий ва спортчилар фикри)
Хабарингиз бор 5 октябрь куни барча профессионал бокс иҳлосмандларининг диққат эътибори Нью-Йоркка ққаратилади десак муболаға бўлмайди. Чунки машҳур “Medison Skver- Garden” аренасида ўрта вазн тоифасида IBF чемпионлик камари учун Геннадий Головкин ҳамда украиналик Сергей Древянченко ўзаро рингга кўтарилишади. Мазкур бокс оқшомида иккинчи марказий жанг дея ҳамюртимиз Исроил Мадримов ва Алехандро Баррера тўқнашуви ҳам қад этилган. Хуллас ажойиб жанг оқшоми бўлиб ўтади. Головкин ва Деревянченко ўртасидаги тўқнашувда ким ғолиб бўлади, кимда имконият юқори, улкан тажриба ғалаба қозонадими ёки иштиёқ деган тахминлар барчани бирдек қизиқтираётганлиги турган гап. Шунинг учун биз баъзи бокс мураббийлари ва спортчиларимизнинг ушбу жанг борасидаги фикрларига қулоқ тутдик.
Зуфар Сулаймонов- Ўзбекистон профессионал бокс терма жамоаси бош мураббийи
- Ушбу қарама-қаршиликда Геннадийнинг қўли баланд келади. Унинг зарбалари жуда кучли. Қолаверса, тактик жиҳатдан ҳам мукаммал боксчи. Ҳар қандай масофада, оёқда яхши ишлай олади. Умуман олганда барча томонлама Головкин устун.
Дилшод Маҳмудов – собиқ боксчи, мураббий
- Жангга ким тўла тайёр бўлса, ўша ғалаба қозонади. Ҳозирда уларнинг ҳолатидан хабарим йўқ. Лекин умумий тарзда фикр билдирадиган бўлсак, Гена тажрибали боксчи. Лекин у билан биз ёшлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашар эдик. Мен 60-64 кг вазн тоифасида мусобақаларда иштирок этсам, у 75 кг да рингга кўтарилар эди. Демоқчиманки, хеч қачон бир-биримизга рақиб бўлмаганмиз. Айтмоқчи бўлганим у тажибали бўлгани билан 34-35 ёшда. Оз бўлсада. Ёш фактори ҳам роль ўйнаши мумкин. Қисқаси, буни ринг кўрсатади.
Ҳасанбой Дўстматов –боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони
- Шубҳасиз, Головкин ғалаба қозонади. Чунки унда улкан тажриба бор.
Бобур Нажмиддинов – мураббий
- Геннадий Головкин нокаут билан ғалаба қозонади. У ўзига ҳос “панчер”. Геннадий қандай савиядаги боксчи эканлигини неча йиллардан буён исботлаб келмоқда. Сергейданда мураккаб, кучли рақибларга хеч қандай имконият қолдирмаган. Бу сафар ҳам қийинчиликсиз ғалаба қозонади.
Ҳусниддин Пўлатов- боксчи, WBA Asia камари соҳиби
- GGG албатта ғалаба қозонади. Бунга шубҳа қилмаяпман. Чунки, унда тажриба юқори ва зарба кучи борасида ҳам рақибидан устун. Геннадийга омад тилайман!
Феруз Юлдашев –профессионал боксчи
- Головкин ютади. Чунки, унинг жисмоний ҳолати жуда юқори. Рингда чарчаш нима эканлигини билмайди. Қолаверса, зарбаси ҳам жуда кучли. Хуллас, қозоғистонлик афсонанинг ғалабасига ишонаман.
Санжар Раҳмонов – профессионал боксчи
- Одатда, профессионал боксда тажриба муҳим омил ҳисобланади. Ушбу жангда эса, Головкин тажриба борасида катта устунликка эга. Шунинг учун, ушбу тўқнашувда Геннадий Головкин ғалаба қозонади деб ўйлайман.
Анвар Турапов – профессионал боксчи WBC Asia камари соҳиби
- Бу жангда Геннадий Головкин ғалаба қозонади. Чунки Деревянченко ҳали Геннадий савиясидаги рақиб билан тўқнаш келган деьб ўйламайман. Қозоғистонлик боксчи эса, унинг савиясидан бир бош баланд бўлганларни ҳам осонгина мағлубиятга учрата олган.
Ўтказган сўровномамизга кўра, барча қозоғистонлик боксчининг ғалаба қозонишини тахмин қилди. Лекин бу спорт турида ҳар доим ўзига ҳос сенсациялар бўлиб туради. Шунинг учун, ким ғалаба қозонишини 5 октябрь куни билиб оламиз.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.
Фикрлар