Грандлар талашган юлдузни кутилмаган жамоага жўнатишди
ПСЖга тегишли бўлган Хави Симонсга парижликлар асосий таркибдан жой бермаяпти. Шу боис, ёзда истеъдодли футболчини Испания ва Англия грандлари ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилаётган эди.
ПСЖ раҳбарияти нидерландиялик ярим ҳимоячи бўйича қарорини эълон қилди. Унга кўра, Хави Симонс яна ўзи ўтган мавсумда ижарада ўйнаган “Лейпциг” сафига қайтиб боради.
Бу гал ҳам парижликлар уни сотиб олиш ҳуқуқисиз бир мавсумга ижарага жўнатди.
- “Пари Сен-Жермен” Хавига “Лейпциг”да ажойиб мавсум ўтказишини тилайди, - деб баёнот берди ПСЖ клуби расмий сайти.
Хави Симонс аслида “Барселона” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2019 йили у Каталонияни эркин агент мақомида тарк этиб, ПСЖ ёшлар жамоасига қўшилган.
Кейинчалик ижара асосида ПСВ ва “Лейпциг”да тўп тепди. Ўтган мавсум Хави Симонс Бундеслига клубида барча турнирларда 43 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 10та гол ва 15 та ассист ёздириб қўйганидан кейин харидорлари кўпайиб кетган эди. Бироқ, парижликлар уни яна Бундеслига клубига қайтаришни маъқул топди.
ПСЖ билан 2027 йилнинг ёзигача шартнома билан боғлаган 21 ёшли футболчининг трансфер нархи 80 миллион еврога кўтарилди.
Фикрлар