Григорий Колосовский: "Енгил ғалабалар бўлмайди"
Ўзбекистон Coca Cola кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Бухоро” (1:0) ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар мураббийи Григорий Колосовский иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Қуйида унинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Қийин ғалаба бўлди. Ўзи енгил ютуқлар бўлмайди. Ўзинглар кўрдинглар, учрашувнинг биринчи бўлими ва иккинчи бўлимнинг ўрталаригача ўйиндаги устунлик жамоамиз тарафида бўлди. Лекин яратилган вазиятлардан фойдалана олмадик. Вазиятлар бўляпти, лекин улар якунига етмаяпти. Масалан, Никабадзеда голли вазият юзага келди. Шунингдек, Аброр яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, Асад дарвозабондан қайтган тўпни дарвозага аниқ йўллай олмади. Вазиятлар яратганимиз билан уларни якунига етказишда оқсаш бўляпти. Натижада учрашувнинг сўнгги дақиқалари асабий руҳда кечди. Бухороликлар гол уришга интилишди. Лекин ҳимояда яхши турган ҳолда, ғалабани сақалаб қолиб, кейин босқичга йўл олдик.
Сияваш Ҳақназари ва Гиорги Никабадзелар ўзларига яраша маҳоратга эга бўлишса-да, ўйинни тўлиқ ўтказиш имкониятига эга эмаслар. Шу боис, Гиоргини алмаштирдим, Сияваш эса учрашувни тўлиқ ўтказди. Захира ўриндиғимиз чекланган. Мазкур футболчиларнинг аввалги ўйинларда бошланғич таркибдан ўрин олишмагани ёки майдонга тушмаганликлари машғулотлар жараёни билан боғлиқ бўлган.
Энди олдинга интилишга ҳаракат қиламиз. Таркибни кучайтириб, ишлашда давом этамиз, - деди Григорий Колосовский.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар