
Гризманн 0:4 ҳисобидаги мағлубият ҳақида: "Бу — футбол, ишлашда давом этамиз"
"Атлетико Мадрид" клуби ҳужумчиси Антуан Гризманн Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ПСЖдан қабул қилинган йирик мағлубият (0:4) ҳақида ўз фикрларини билдирди:
"Ўтган галги ўйиндаги (Чемпионлар лигаси, ноябрьдаги 2:1 ҳисобидаги ғалаба)дек ҳаракат қиламиз деб ўйлагандик. Лекин бу сафарги ўйин иссиқ об-ҳаво сабаб анча қийин кечди. 2-3 та вазият бор эдики, ўйин тақдирини ўзгартириши мумкин эди. Лекин бу — футбол. Ишлашда давом этиш керак.
ПСЖнинг шундай ўйини биз учун кутилмаган эмас. Улар билан илгари ҳам ўйнаганмиз, Чемпионлар лигасида уларнинг ўйинларини телевизор орқали кузатиб борамиз — чунки улар доимо олдинга боради.
"Атлетико" учун бу ерда ҳеч қандай кутилмаган ҳолат йўқ эди. Биз ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик... жуда афсуски, ютқаздик" дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди франциялик ҳужумкор ярим ҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, матрасчилар кейинги учрашувини 20 июнь куни соат 03:00да "Сиэтл Саундерс"га қарши ўтказади.
Фикрлар