Гвардиола "Реал"га қарши ўйинда Ҳусановга ишониб хато қилди!

УЕФА Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган баҳсда "Манчестер Сити" сафарда "Реал Мадрид"га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бу Пеп Гвардиола даврида "Бернабеу"даги биринчи мағлубият эмас, аммо энг умидсиз ва хавотирли натижалардан бири бўлди. Аввалги йилларда бундай мағлубиятни самарасиз ҳужумлар ёки стадион муҳити билан изоҳлаш мумкин эди. Бу сафар эса вазият анча мураккаб — жамоа фаворит ҳисобланган. Opta маълумотига кўра, "Сити"нинг кейинги босқичга чиқиш эҳтимоли 69% деб баҳоланган. Шунингдек, "Реал" сафида бир қатор етакчи футболчилар жароҳат сабаб майдонга туша олмаган.

Нима содир бўлди?

Испаниялик мутахассис таркиб танлашда хатога йўл қўйгани айтилмоқда. Унинг асосий қарорлари ҳимоя қанотлари билан боғлиқ бўлди. Ушбу ўйинда ўнг қанотда Абдуқодир Ҳусанов, чап қанотда эса Нико  ЎРайли майдонга туширилди.

Икки футболчи ҳам етарли тажрибага эга, аммо сўнгги ўйинларда асосий таркибда Матеуш Нунеш ва Райан Аит-Нури ҳаракат қилаётган эди. Ҳусанов эса одатда захирадан майдонга тушаётганди.  ЎРайли эса кўпроқ Родри билан бирга ярим ҳимояда ўйнаб келаётганди.

Ҳусановнинг майдонга тушиш сабаби:

Ҳусановнинг илк дақиқалардан ўйнаши Винисиусни тўхтатишга қаратилган қарор бўлиши мумкин. Илгариги ўйинларда Гвардиола бразилиялик вингерга қарши Кайл Уокернинг тезлигига таянган. Ўзбекистонлик ҳимоячи тезлик жиҳатидан Уокерга энг яқин вариант ҳисобланади. У ўтган мавсумда ҳам Винисиусга қарши ўйнаган ва айрим дуэлларда муваффақиятли ҳаракат қилган эди.

Ўтказиб юборилган голларда хатолар:

Ҳусановнинг асосий вазифаси Винисиусни тўхтатиш эди. Аммо бразилиялик вингер жуда ақлли ҳаракат қилди. У қанотда Ҳусановни ўзи билан тортиб кетиб, ҳимоя чизиғида бўшлиқ ҳосил қилди.

Қарши ҳужум пайтида Винисиус Ҳусановни осонликча ортда қолдирди ва ҳужум давом этди. Натижада учинчи гол киритилди. Бу эпизодда Гехининг ҳам хатоси борлигини таъкидлаш керак.

Пенальти белгиланган вазиятда ҳам Ҳусановнинг ноаниқ узатмасидан кейин тўпни Арда Гюлер эгаллаб олди ва узун пас орқали Винисиусни хавфли вазиятга чиқарди. Кейинги эпизодда қоидабузарлик содир бўлди ва 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди.Бундай ҳолатларда Кайл Уокер хавфни бартараф этиши мумкин эди, аммо Ҳусанов бу вазифани бажара олмади.

Биринчи голда эса  ЎРайли Феде Вальверде билан дуэлда ютқазди. "Реал" "Сити"нинг прессингини қисқа паслар орқали ёра олмаганида, узун узатмалардан фойдаланди. Айнан шу усул билан ҳисоб очилди. Бу вазиятларда  ЎРайлининг асосий камчилиги — рақибга эмас, фақат тўпга қараб ҳаракат қилгани бўлди. Бу замонавий ҳимоячиларда учрайдиган классик хатолардан бири ҳисобланади.

Ҳусанов тўп билан ҳаракатда кўпроқ Уокер каби ўйнаб, қўшимча марказий ҳимоячи вазифасини бажарди. ЎРайли эса баъзан ярим ҳимояда яширин плеймейкер сифатида ҳаракат қилди, аммо бу жамоага катта фойда келтирмади.

Айрим ҳолатларда бу қарорлар жамоага зарар ҳам келтирди. "Сити" ҳужумда Докуга ортиқча боғланиб қолди, ўнг қанотда эса альтернатив вариантлар кам бўлди. Ҳусановнинг тўп билан секин ҳаракат қилиши ҳужумларни тез ривожлантиришга халақит берди.

ЎРайли бир неча яхши юришлар қилди, аммо Вальверде уни ўз ярим майдонида ҳам тўхтатиб қўйди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!