Гвардиола умиди: Ҳусанов қандай қилиб “Манчестер Сити” етакчисига айланди?
“Манчестер Сити”да юзага келган вазиятдан унумли фойдаланган Абдуқодир Ҳусанов яна Хосеп Гвардиола жамоасида асосий фигуралардан бирига айланиб бормоқда.
Манчестерга келганига бир йил бўлган 21 ёшли ўзбек футболчиси “Манчестер Сити”да турли жараёнларни бошдан ўтказди. Юлдузли онлари ҳам, омадсиз кунлару захирада қолиб келган пайтлар ҳам бўлди. Бироқ, кейинги пайтда Ҳусанов “шаҳарликлар”нинг ҳимоядаги ҳақиқий қўрғонига айланиб бормоқда.
Асосий янгилик
Хусусан, Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” лига аутсайдери “Вулверхэмптон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган учрашувда асосий янгилик марказий ҳимоячи Марк Гехининг дебюти ўйинида Абдуқодир Ҳусанов билан янги тандем ташкил этгани бўлди.
Йошко Гвардиол, Жон Стоунз, Рубен Диаш каби асосий марказий ҳимоячиларнинг жароҳати Ҳусановни ҳимоя марказидаги асосий таянчга айлантирди. Гвардиола уни ўнг қанот ҳимоясидан асл жойига қайтарди. Дастлаб, Абдуқодирнинг ёнида “Уотфорд” ижарасидан қайтарилган Макс Аллейн ўйнади.
Қисқа фурсатда 20 ёшли футболчи Англия Премьер-лигаси темпини дош беролмаслиги ошкор бўлди. Манчестерликлар шошилинч равишда чемпионатнинг энг зўр марказий ҳимоячиларидан Марк Гехини олиб келди.
Айнан “Вулверхэмптон” билан бўлган ўйинда Марк Гехи Ҳусановнинг ёнида майдонга тушди ва янги муҳитга мослашиши учун кўп вақт талаб этилмаслигини ишончли ўйини орқали исботлади.
Асосий қўрғон
Юқорида тилга олинган баҳс 21 ёшли Ҳусанов учун “Манчестер Сити” асосий таркибида кетма-кет еттинчи ўйин бўлди. Абдуқодир ёш бўлишига қарамай, марказий ҳимояда барқарорлик ва ишончли ўйинини намойиш қилмоқда.
Сўнгги ўйинларнинг ҳар бирида у экспертлар ва таҳлилчилардан юқори баҳолар олиши одатга айланди. Унинг турли масофаларга аниқ паслари, ўйинни ўқиш маҳорати ва ҳимоя чизиғини ташкил қила олиши уни “шаҳарликлар” ҳимоясининг муҳим фигурасига айлантирди.
Марк Гехининг дебюти футбол жамоатчилигини эътиборини Ҳусановдан чалғитгани йўқ: Абдуқодир ҳимоядаги темп ва интизомни белгилашда маҳоратини кўрсатди, клубнинг янги футболчиси билан тузилган дуэт эса, аллақачон экспертлар томонидан марказий ҳимоянинг “янги супер-тандеми” деб аталмоқда.
Ҳусанов ва Гехининг ҳамкорликдаги ўйини “Сити”га майдонда ишонч билан ҳаракат қилиш ва ўйин назоратини ушлаб қолишда асосий устунликни берди. Бу эса “Вулверхэмптон” устидан қозонилган ғалабада сезиларли омил бўлди.
Эътироф
- Ҳусанов бу сафар ҳам ўйинни нисбатан хотиржам ўтказишга муваффақ бўлди. У тўп билан хавфсиз, оддий ва аниқ ҳаракат қилди.
Абдуқодирнинг узун паслари ва ҳимояни ташкил қилиш қобилияти уни “Манчестер Сити” марказий ҳимоясининг етакчисига айлантирмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk нашри экспертлари.
Маълумот
Абдуқодир Ҳусанов 21 ёшда, унинг трансфер бозоридаги қиймати 35 миллион еврони ташкил қилади. Бу кўрсаткич бўйича у Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси, бутун Осиёдаги энг қиммат ҳимоячидир. Ўзбек футболчисининг “Манчестер Сити” билан шартномаси 2029 йил 30 июнгача амал қилади.
Хосеп Гвардиоланинг умидига айланган Ҳусанов “Манчестер Сити” марказий ҳимоясининг барқарор таянчига айланган ва сўнгги етти ўйин давомида етакчилик сифатларини намоён қилмоқда. Марк Гехи билан биргаликда манчестерликлар ишончли марказий ҳимояга эга бўлди, бу эса мавсумнинг қолган қисмида жамоа натижаларини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Айни пайтда Абдуқодир Ҳусанов жамоадошлари билан 28 январь куни Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг охирги – саккизинчи туридан ўрин олган Туркиянинг “Галатасарой” жамоаси билан бўладиган ҳал қилувчи тўқнашувга тайёргарлик кўрмоқда.



Фикрлар