Гвардиола Ҳусановнинг “Сити”даги бир йиллик фаолиятига баҳо берди

Пеп Гвардиола яқиндаги ўйинлардан кейин ўзбекистонлик легионер Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини ва келажаги ҳақида яна бир бор жуда юқори фикр билдирди.

Sports.uz портали “Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайтида эълон қилинган 21 ёшли ўзбек футболчи фаолияти ва унга бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг муносабати акс этган маътериални ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

- Шу ой бошида “Челси”га қарши ўйинда Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олгач, Ҳусанов “Манчестер Сити” ҳимояси марказида мунтазам ўйнай бошлади. Таркибда юзага келган муаммоли вазият клуб раҳбариятини академия тарбияланувчиси Макс Аллейнни мавсум ўртасида “Уотфорд” ижарасидан қайтариб олишга мажбур қилди.

Ўтган ҳафта охирида “Сити” футболчилари “Вулверхэмптон”ни  2:0 ҳисобида мағлуб этиб, яна ғалабалар йўлига қайтди. 2026 йилни суст бошлаган “шаҳарликлар” (барча мусобақаларда сўнгги саккиз ўйиннинг фақат учтасида ғалаба қозонган) ойни кучли якунлашни истамоқда.

“Кристал Пэлас”дан Марк Гехининг олиб келиниши Гвардиоланинг ҳимоядаги кадрлар муаммосини ҳал қилди: Англия терма жамоасининг 25 ёшли аъзоси шанба куни “Этихад” стадионида Ҳусанов билан жуфтликда “Манчестер Сити” сафида муваффақиятли дебют қилди.

Матбуот вакиллари билан суҳбатда “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиоладан журналистлар Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикри ва ўзбек футболчисининг 2025 йил январда “Ланс”дан келганидан кейин Англиядаги дастлабки 12 ойдаги фаолияти ҳақида сўрашди.

- Оммавий ахборот воситаларида Ҳусановни қандай мақташганини ўқинг! Улар ҳақ! У энг зўри! Бизда ҳеч қандай эътироз йўқ. Биз ҳақиқатан ҳам жуда мамнунмиз, - деган эди дастлабки жавобида Гвардиола.

Бу мавсумда Ҳусанов ўйин вақти олиш учун сабр қилишга мажбур бўлди, чунки Диаш ва Гвардиол мавсумнинг биринчи ярмида Гвардиоланинг ҳимоя марказидаги асосий танлови бўлиб келаётган эди.

Гвардиола қўшимча қилди: “Ҳусановнинг ажойиблиги шундаки, “Арсенал” билан ўйинда жароҳат олганидан кейин (2025 йил сентябрда) бир ой ўйин амалиётисиз қолди, ва сиз унинг машғулотларда, кийиниш хонасида ўзини қандай тутганини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ҳусанов айнан шундақа зўр футболчи.

Меннинг ишончим комилки, унинг аҳлоқи ва тарбияси ота-онаси, Ўзбекистон, Франциядаги бир неча ой давомидаги фаолияти таъсирида шаклланган.

Бу ерга келгач эса, у тўғридан-тўғри Премьер-лигадаги “Манчестер Сити”га тушди. Бундай ўзгаришларни бошдан кечириш осон бўлмайди! Аммо у бизни тинглади, ўрганди ва, албатта, унинг ҳолати фавқулодда алоҳида эътиборга лойиқ.

Клуб кўп-кўп йиллар давомида, энг юқори даражада ўйнай оладиган марказий ҳимоячига эга бўлди. Энди келажакда қандай ўйинчига айланиш фақатгина Абдуқодирнинг ўзига боғлиқ”.

Таъкидлаш жоизки, Хосеп Гвардиола Ҳусановнинг универсал хусусиятлари – ҳимоянинг ўнг қаноти ва марказида ўйнай олиш қобилиятидан анчадан бери самарали фойдаланиб келмоқда.

Мавсумнинг иккинчи ярмида “Манчестер Сити” тўртта фронтда совринлар учун курашни давом эттираётгани сабабли, 21 ёшли футболчи яқин ойларда жамоанинг натижаларида жуда катта роль ўйнаши кутилмоқда.

Ҳусанов “Вулверхэмптон”га қарши учрашувда жамоасига “қуруқ” ўйинни (дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш) таъминлаб берганидан сўнг, у чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси “Этихад”да бўлиб ўтадиган УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳси – “Галатасарой” билан бўладиган тўқнашувда асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk сайти журналисти Ваям Лахоти.

Гвардиола умиди: Ҳусанов қандай қилиб “Манчестер Сити” етакчисига айланди?

Ҳусанов Англияда “топ-5”га кирди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!