Ҳамма юз ўгирган Серхио Рамос олис ўлкалардан ўзига янги жамоа топди
Испан футболи тарихидаги энг зўр ҳимоячилардан бири Серхио Рамос ўтган мавсум охирида шартномаси тугаганидан ишсиз қолган эди.
39 ёшли футболчи “Реал” ва ПСЖдаги фаолиятидан кейин ўзини тарбиялаган “Севилья”га қайтиб, қадрдон жамоасида бир муддат тўп тепди.
Ёзда Рамос бир неча клублар билан музокара олиб борди. Унга Европа клубларидан “Рома” ва “Галатасарой” қизиқиш билдирди. Бироқ трансфер амалга ошмади.
Яқинда Бразилиянинг “Васко да Гама” жамоаси ҳам испан ҳимоячиси билан музокара ўтказди. Рамос талаб қилган маошнинг катталиги бразилияликларнинг ҳафсаласини пир қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, тажрибали футболчи Мексиканинг “Монтеррей” жамоасида тўп тепадиган бўляпти. Манбаларнинг маълум қилишича, музокаралар жуда яхши давом этмоқда.
Рамоснинг “Монтеррей”га трансфери тез орада эълон қилиниши кутилмоқда.
Серхио футболчилик фаолиятида жами 30 та совринни қўлга киритган. У жаҳон ва Европа чемпиони, Испания ва Франция чемпионатлари ғолиби, Чемпионлар лигасида тўрт марта зафар қучган ўйинчи ҳисобланади.
Фикрлар