Ҳаммаси ойдинлашди: Шипиловнинг "Металлург"дан кетиши натижа билан боғлиқ эмас, балки...

“Металлург” клубига 2017 йилнинг декабрь ойидан бери бош мураббийлик қилиб келган Андрей Шипилов яқинда истеъфога чиқди.

Кўпчилик илк турда Термизда “Сурхон”га бой берилган ўйин туфайли унинг “Металлург” билан хайрлашганини айтишмоқда. Вазиятга ойдинлик киритиш учун жамоа бошлиғи Шавкат Саидов билан боғландик.

Мутахассис барчасига ойдинлик киритди ва шу билан бирга нима учун бош мураббийликка Жасур Абдураимов тайинланганини ҳам айтди.

- Бир неча йиллардан бери “Металлург” клубининг барқарорлигини таъминлаш бўйича раҳбарият қандай ёрдам керак бўлса, ҳаммасини қилиб беряпти, - дея гап бошлади Саидов. - Андрей Шипилов 2017 йилнинг декабрь ойида бош мураббий этиб тайинланган ва уч мавсумни унинг бошчилигида ўтказдик. Ўйлашимча, натижалар ёмон бўлмади. Икки йил кучли бешталикка кирдик. Ўтган йили 7-ўринни олдик. Ушбу мавсумларда Андрей Сергеевичнинг меҳнатлари катта бўлди. Бунинг учун унга ўзимиз ва раҳбарият томонидан миннатдорлик билдирамиз. Ўтган вақт давомида тартиб-интизом, инфраструктуранинг шаклланиши, жамоа ўйини йўлга қўйилишида Шипилов бошчилигида катта ишлар қилинди. Андрей Шипиловнинг кетиши натижа билан боғлиқ эмас. “Сурхон”га ютқазган ўйинимизни ҳам истеъфосига ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ. Оилавий шароитидан келиб чиққан ҳолда “Сурхон” билан учрашувдан кейин кетди. Бунгача ҳам мураббийнинг оилавий муаммолари бор эди. Ҳаммамизга раҳмат айтиб, шу сабаб туфайли кетишини таъкидлаб, илиқ муносабатда хайрлашдик. Янги раҳбарият томонидан унга ҳали чиқиш эшиклари кўрсатилмаганди. Шу боис, барибир маълум вақт уни яна қарори ўзгаришини кутдик. Кетганини айтганида ҳам, биз бош мураббий қидирмасдан, ўзининг штабидаги биринчи ёрдамчи мураббий Февзи Давлетов билан тайёргарликни давом эттирдик. Кейин яна Андрей Сергеевич билан боғландик. Раҳбарият биздан "Шипиловни қайтадими?" деб сўраганди ва келмаслигини айтганимиздан кейин, айрим номзодлардан келиб чиққан ҳолда Жасур Абдураимов вариантида тўхталди. “Бунёдкор” билан ўйин куни эрталаб Абдураимов бош мураббий сифатида таништирилди.

саидов1

Жасур Абдураимовга келсак, тайинланишидан бир кун аввал ўзи билан суҳбатлашгандик. Бизга ўзининг режавий дастурини тақдим қилган. Ёшлар билан ишлаш бўйича иштиёқи баланд. “Пахтакор” мактабидан чиққан. “Металлург”даги бир қатор футболчилар учун ҳам Абдураимов бегона эмас. Раҳбарият томонидан ҳам ёшларга эътибор янада кучайтирилиши керак, деган фикр илгари сурилди. Турли ёшдаги термаларда ҳам фаолият олиб борган. Шота Арвеладзега ҳам ёрдамчи бўлиб тажрибасини орттирган. Юқорида айтганларимнинг барчаси ҳисобга олинган ҳолда Жасур Абдураимовнинг номзоди маъқулланди. Унга ҳамма шароитлар кўрсатилди ва ўзига ҳам маъқул келди. “Машъал”га қарши учрашувга жамоани ўзи тайёрлаяпти.

Йилнинг охиригача шартнома имзоланди. Асосий мақсад ҳар бир учрашувда максимал даражада ғалаба қозониш. Иложи борича ўтган йилги натижадан юқорироқ кўрсаткични қайд этиш ва камида ундан паст бўлмаган вазифа қўйилди.

саидов_11

Январь ойида клубимиз раҳбариятида ўзгаришлар бўлган. Ўшанда янги раҳбарият клубни ўрганиб чиққанида, ҳеч қандай ўзгаришларга қўл урилмасдан, ўз ишимизда давом этишимизни вазифа қилиб қўйганди. Андрей Шипиловнинг кетиши ҳаммамиз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳар бир инсон учун оила муҳим. Биз уни мажбурлай олмаймиз. Икки томонла ўзаро келишилган ҳолда шартнома бекор қилинди – дея сўзини якунлади Шавкат Саидов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!