Ҳар доим максимал даражада ғалабалар керак - Таиланднинг биринчи рақамли жамоасига кўчиб ўтган легионеримиздан дастлабки таассуротлар
Яқинда “Металлург” клубининг сардори Акбар Исматуллаев Таиланднинг “Бурирам Юнайтед” жамоасига кўчиб ўтди. Таъкидлаш ўринлики, бу клуб Таиланднинг биринчи рақамли жамоаси ҳисобланади. Кўплаб совринларни қўлга киритган, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам иштирок этиб туради.
Бир сўз билан айтганда, ўзига яраша кучли клуб. Исматуллаевнинг эса мана шундай жамоада легионер сифатида фаолият олиб бориши олдинга ташланган қадам. Ҳамюртимиз янги клуби билан келишувга эришгач, sports.uz учун дастлабки таассуротларини билдирди.
Янги жамоасига кўчиб ўтиши қандай содир бўлди?
- Менга “Бурирам Юнайтед”дан таклиф бўлганидан сўнг ҳар томонлама ўйлаб кўрдим. Собиқ жамоам – “Металлург”дагилар билан ҳам маслаҳатлашдим. Охир-оқибат ушбу таклифга розилик билдирдим. Ўйлайманки, ҳаммаси яхшиликка. Янги клубимда талаб кучли. Чунки бу жамоада ҳар доим максимал даражада ғалабалар бўлиши керак. Сизнинг ўйинингиз мураббийларга, раҳбарларга ва мухлисларга маъқул келиши лозим. Шунинг учун легионермисиз, унда ўзингизни яхши томонлама кўрсатиб ўйнашингиз талаб этилади. Биласиз, хорижлик футболчидан ҳар доим кўп нарса кутишади. У ерга чақиришдан мақсад ҳам шунақа. Шундай экан, ўзимизни ҳар томонлама кўрсатишимиз керак.
“Металлург”да ўтказган фаолияти нима берди?
- Ҳаётда қандай ўзгариш ёки янгилик бўлса ҳам буни фақат яхши томонга қабул қилишимиз керак. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Андрей Шипилов мени “Металлург” клубига таклиф қилганида ўйлаб ўтирмасдан рози бўлганман. “Пахтакор”да захирада ўтириб ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгандим. “Металлург”да эса ўзимни синаб кўришим қизиқ эди. Ўтган йиллар давомида ушбу клубда қўлимдан келганича ўз меҳнатим билан ёрдам бердим. У ерда самарали мавсумларни ўтказдим. Биз бир бутун аҳил оила, иноқ жамоа бўла олдик. “Металлург”да 2,5 йил тўп сурган бўлсам, ҳар доим у ерда муҳит ажойиб бўлган. Агар жамоа зўр бўлгани билан аҳиллик бўлмаса бунинг фойдаси йўқ. “Металлург”да эса ҳар тарафлама иноқлик бор эди. Шунинг ҳисобига икки йилдан бери клуб 5-ўринни эгаллаб келмоқда. Ўйлайманки, бу йил жамоа кучли бешликдан ҳам юқорига кўтарила олади. Тўғриси, Бекобод жамоасидан кетишим осон бўлмади. Жамоа учун анча меҳнат қилгандик. Дўстлар ва мухлислар орттирдик. Клуб раҳбарлари ҳам яхши инсонлар. Футболни ва футболчиларни тушунишади. Шу боис бош мураббийга, раҳбарларга ва барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
“Бурирам”даги мақсад ҳақида
- Янги клубимда мени илиқ кутиб олишди. Ҳаммаси профессионал даражада эканлиги кўриниб турибди. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Энди барчасини вақт кўрсатади. Аста-секин Таиланд футболи ва унинг чемпионатига мослашишга ҳаракат қиляпман. 13 сентябрдан биринчилик бошланади. Бунгача 3-4 та ўйинлар ўтказилгач, кейин тўхтатиб қўйилганди. Бўлажак ўйинларга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. “Бурирам Юнайтед” ҳар доим чемпион бўлиб келган ва бундан кейин ҳам ушбу мақсад сари курашамиз. Клубда Бразилия, Аргентина каби мамлакатлардан келган легионерлар тўп суришади. Менга асосий таклиф “Бурирам”дан бўлди. Бу яхши ва номдор жамоа. Ҳар йили чемпионликка курашадиган ва Осиё Чемпионлар лигасида қатнашишга ҳаракат қиладиган клуб. Умид қиламанки, бу ердаги сафарим ва таассуротларим узоқ давом этади. Жамоа билан эса икки йиллик шартнома тузганман.
Исматуллаевга яратилган шароитлар тўғрисида
- Клуб томонидан ҳамма шароитлар берилган. Барча легионерлар қатори менга ҳам алоҳида уй ва машғулотларга, ўйинларга бориб келишим учун машина берилган. Бош мураббийимиз эса сербиялик. Жамоа билан тил топишишим қийин бўлмаяпти. Барибир футбол тили битта бўлган. У ерда эса асосан инглиз тилида гаплашишади.
“Пахтакор”даги хотиралари
- “Пахтакор” менга кўп нарса берган. Клубда етти йил тўп суриб меҳнат қилдик. Футболда эса ҳамма ўйинни ютишнинг иложиси йўқ. Бироқ ўша йиллар давомида чемпионликка эришдик ва Кубокларни ютдик. “Пахтакор”дан илиқ хотиралар қолган. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди, у давом этаверади. Фақат боя айтганимдек, захирада қолиб ўтиргандан кўра “Металлург”га бориб ўйнаганим яхшироқ эди. Шунга яраша Бекобод жамоасида ҳам қўлимдан келганича тўп сурдим. Ўйлайманки, “Металлург”га ўтишим ўша пайтда тўғри қарор бўлган. Чунки ушбу жамоада ҳам ўсишга эришдим деб айта оламан. Кейинчалик ҳам йўлларимиз тўқнаш келса, жамоа учун ёрдам бераман.
Фикрлар