Ҳар мағлубиятдан кейин Бензема қаёққа йўқолиб қоляпти ёхуд сардорликни эплолмаётган Карим!
"Реал" гарчи "Қироллик клуби", ёкида Чемпионлар лигасининг 14 карра ғолиби, Ла Лигани 35 марта қўлга киритган бўлсада, аввал ҳам кўп мағлубиятларга учраган. Роналду кетганидан кейин клуб қийин дамларни бошдан кечирди. Ўша вақтда ҳар клуб енгилганида Серхио Рамос ўйиндан кейин интервью бериб, мағлубиятни изоҳлар ва келгусида жамоа яхшиланишига ваъда берарди. Ундан кейин Марсело бу ишни амалга оширди. Фақат бразилиялик ҳимоячи узоқ вақт жамоа сардори бўла олмади. У 2022 йилда "Реал"ни тарк этиб, "Олимпиакос"га жўнаб кетди. Боғич эса Карим Бенземага қолди.
Бенземани сўнгги бор матбуот анжуманида 14-январь куни, яъни "Барса"га қарши бўлиб ўтган суперкубок баҳсида кўришган. Шундан бери франциялик ҳужумчи журналистларга қорасини ҳам кўрсатгани йўқ. Нафақат, саволларга жавоб беришдан қочиб келмоқда, балки "Манчестер Сити"дан учралган мағлубиятдан кейин ҳеч қандай изоҳ беришни истамади. Сардорнинг бу қилган ишидан баъзи бир жамоадошлари ҳам ҳайрон қолган. Мухлисларниг эса бироз жаҳли чиққан. Унинг ўрнига Модрич, Карвахаль ва Куртуа Англиядаги аянчли мағлубиятдан кейин ўз фикрларини билдирган. Миш-мишларга қараганда, Бензема Роналдунинг "Реал"даги сўнгги кунларидаги инжиқликларини эслатиб юбормоқда.
"Сити" билан бўлган воқеадан ташқари яна бир вазиятни кўриб чиқайлик. "Реал" Манчестерга йўл олишидан олдин Испания кубогини қўлга киритди. Финалда "Осасуна" таслим қилиниб, жамоанинг жавоб баҳси олдидан кайфияти кўтарилганди. "Хетафе"га қарши матчда мухлислар олдида кубокни кўтариш маросими ўтказилди. Бу жараёнда сардор иштирок этиши керак эди. Аммо Карим бу ерда ҳам кўриниш бермади. Сабаби, у Чемпионлар лигасининг жавоб баҳсигача жароҳат олмаслиги керак эди. Шу сабабли, Карло 35 ёшли ҳужумчига дам беришга қарор қилди ва Бензема ўйинга ташриф буюрмади. Аниқроғи у совринни кўтариш учун майдонга тушса ҳам бўларди, лекин Карим буни хоҳламади. Унинг ўрнига Модрич ва Начо мазкур вазифани ўз зиммасига олди.
Аслини олганда Бензема учун мавсум ажойиб ўтмоқда. У "Реал" таркибида 43 та ўйинда майдонга тушиб, 29 та гол урди ва 6 та ассист амалга оширди. Аммо Карим нафақат майдондаги энг зўри, балки унинг ташқарисида ҳам сардор бўла олиши керак. Аҳир Бенземага боғич фақат тақиб юриши учун берилмаган.
Фикрлар