Ҳасанбой Дўсматов 10 йиллик орзуси, қачон фаолиятини якунлаши ва бошқалар ҳақида гапирди
Тошкентдаги "Ҳумо арена"да бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун финал жанглари старт олди.
-51 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов франциялик Биллал Беннамага қарши рингга кўтарилди. Беллашувнинг илк раундида боксчимиз рақибини нокаут қилиб рингга қулатди ва ғалабага эришди.
Шу тариқа, Ҳасанбой Дўсматов илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Жангдан сўнг Ҳасанбой ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Жаҳон чемпионлигини қўлга киритдим. Энди олдимизда Париж олимпиадаси бор. Иккинчи марта Олимпиада олтин медалини олиб келишга ҳаракат қиламан.
Бу мен учун бешинчи жаҳон чемпионати. Дунё биринчилигидаги дебютимни 2013 йилдан бошлаганман. Мана 10 йил деганда ниятимга етдим.
Давлатимиз раҳбарининг шу ерга келиб қўллаб-қувватлагани бизга куч берди. Спортга эътибор катталиги учун жаҳон чемпионлари чиқмоқда. Бунинг учун Президентимизга раҳмат айтамиз. Байроғимизни юқорига кўтариб, мамлакатимизни бутун дунёга танитиб, уларнинг бизга бўлган ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
2024 йили Париж олимпиадаси бор. Шундан сўнг ҳаваскор боксдаги фаолиятимни якунлайман, - деди Ҳасанбой Дўсматов.
Фикрлар