Ҳасанбой Дўсматов: Олтин медаллар фақат мен учун яратилмаган

Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этиб, ватанимиз шаънини муносиб даражада ҳимоя қила олдилар. Якунда Ўзбекистон Осиё ўйинларида медаллар тўплаш борасида кучли бешликдан ўрин эгаллагани ҳам катта гап. Бу эса юртимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг ифодасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Осиё ўйинларида андижонлик спортчилар ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Бир қатор спорт турлари бўйича қўлга киритилган муваффақиятларни алоҳида эътироф этсак арзийди. Айниқса, Андижонда бокс спорт тури анча ривожланган бўлиб, Осиё ўйинларида Ўзбекистонга тақдим этган медалларнинг салмоқли қисми айнан боксчиларимиз томонидан амалга оширилгани ҳам эътиборга моликдир. Жумладан олтин, кумуш ҳамда бронза медалларни қўлга киритган спортчилар орасида андижонликлар ҳам салмоқли кўриниш олишди. Айниқса, боксчиларимизнинг қўлга киритган муваффақиятлари ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Яқинда Ўзбекистон Кубоги чорак финал доирасидаги “Андижон” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги учрашувдан аввал вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Осиё ўйинларида совриндор бўлган андижонликлар спортчилар ва уларнинг устозларини мухлислар қаршисида мукофотлаган ҳолда қизғин табриклади. Барчага яхши таниш бўлган боксчимиз Ҳасанбой Дўстматов Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритди. Айнан уларни тақдирлаш арафасида қисқача Дўстматов билан суҳбатда бўлдик.

- Осиё ўйинларидан кейин вилоятими ҳокими биз спортчиларни тақдирлаш учун “Андижон” – “Бунёдкор” ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳсига таклиф этди, - дея гап бошлади, Ҳасанбой Дўстматов. - Ўз навбатида Андижон вилояти ҳокимига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Чунки спортга жуда катта эътибор қаратяпти. Шунинг натижасида Осиё ўйинларида андижонлик спортчилар катта марраларга эришиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Лекин биз бу натижа билан тўхтаб қолмаймиз. Ҳали олдимизда кўплаб мусобақалар турибди. Мисол учун жаҳон чемпионати, ундан кейин эса Олимпиада каби йирик мусобақалар бор. Шундай экан, биз янги марралар сари интиламиз.

- Осиё ўйинларидаги спортчиларимизнинг иштирокларини диққат билан кузатиб бордик ва шу жумладан сизни ҳам. Хўш, Осиё ўйинларидаги иштирокингиз борасида нима деган бўлардингиз?

- Ҳар бир мусобақа биз учун жуда муҳим ҳисобланади. Шу боис Осиё ўйинларига ҳам жиддий тайёргарлик кўргандик. Бу Олимпиададан кейинги ўринда турадиган нуфузли мусобақа ҳисобланади. Шу боис биз қўлимиздан келганича тайёргарлик кўрдик ва мураббийларимизнинг кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қилдик. Лекин охирида омад кулиб боқмади деб айтган бўлардим. Финалда ҳам ғолиб чиқишни жуда-жуда истагандим. Балки омад етишмагандир, балки ўзимизнинг хатоимиз бўлгандир, нима бўлса ҳам иккинчи ўринни олдим. Аммо бундай ҳолатлар спортда бўлиб туради. Насиб қилса, кейинги жаҳон чемпионати ҳамда Олимпиадада буни тўғрилаб кетамиз.

- Дарҳақиқат, финалда рақибингизни енгиб олтин медални қўлга киритишингизни кутгандик. Айтинг-чи, ўшанда сизга нима етишмади?

- Финалда омад етишмади деб ўйлайман. Ҳал қилувчи баҳсда рақибим мени у даражада ургани ҳам йўқ, аммо ўз навбатида мен ҳам рақибимга етарли даражада зарбалар бера олмадим. Бир сўз билан айтганда, финал жанги тенг курашлар остида ўтди деб ўйлайман. Рейтингда рақибимдан юқори ўринда бўлганим боис финалда ҳам фаворит эдим. Аммо рейтингда ўзимдан пастки боксчилар билан тенгма-тенг баҳс олиб борсам, бу мен учун мағлубият билан тенг ҳисобланади. Шу боис мен бундан кейин ҳам олдинга қараб интилишда давом этаман.

- 2016 йилги Олимпиадада қўлга киритган олтин медалдан кейин сизга бўлган эътибор янада ошиб кетганди. Ўтган йили Гамбургдаги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритдингиз. Бу сафар эса Осиё ўйинларида ҳам яна кумушга сазовор бўлдингиз...

- Нимага? 2017 йили Осиё чемпионатида олтин медални олдим. Спортда олтин медаллар фақат мен учун яратилмаган-ку. Шунинг учун бошқа спортчилар ҳам ҳаракат қилишяпти, ўз устида ишлашяпти. Спортни яхши тушунган одам биладики, доим ҳам сиз ўйлаган натижа келавермайди. Бир ундай бўлса, бир бундай бўлади. Мисол учун Олимпиадада ғолиб чиқишимдан олдин ҳам икки марта жаҳон чемпионатида ютқазганман. Спорт шуниси билан қизиқ-да. Ҳар доим ҳам ютишнинг иложиси йўқ.

- Энди кейинги режаларингиз қандай?

- Энди бор эътиборимизни жаҳон чемпионати ҳамда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага қаратамиз.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Минбар

Барча блоглар