Ҳасанбой Дўстматов: "Профессор" номини мураббийларимиз Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиоҳунов қўйишган"
Бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ўз титулларини янада кўпайтириш ниятида. "Профессор" эндиликда профессионал боксда жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритиш баробарида Олимпиадалардаги учинчи олтин медаль сари одимлаш ниятида.
- Баҳодир Жалоловдан сардорлик боғичини қабул қилдингиз. Бу Лос-Анжелес-2028 га ҳам тайёрланишингизга ишорами?
- Олдинда ҳали 4 йил вақт бор. Ҳозирча бир нима дейиш қийин. Лекин ўзимда кейинги Олимпиадада ҳам қатнашиб, уч карра чемпион бўлиш нияти бор.
- Лос-Анжелес ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақалар бошлангунча профессионал боксда чемпионлик камари учун тушишга улгурасизми?
- Албатта, бундай режа бор. Профессионал боксда ҳам чемпионлик камарини қўлга киритишни ният қилганман. Бунинг учун имкониятим етарли. Ҳозир мен ўз вазнимда WБА йўналишида мажбурий даъвогар бўлиб турибман.
- Сизга берилган “профессор” номининг келиб чиқиши қандай?
- Бу номни мураббийларимиз Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиоҳунов 2022 йилги Осиё чемпионатининг финалида қозоғистонлик Сакен Бибосинов билан жангда қўйишган. Биринчи раундда имкониятни бой бердим. Кейин менинг бурчагимда хавотир бошланди. Шунда мураббийларимга сув ва капамни беринглар, ҳозир ўзим ҳисобни тўғрилайман дедим ва вазиятни ўнглаб келдим. Яъни қайси вазиятда нима қилиш кераклигини билганим учун шундан бери улар мени “профессор” дейишади.
Фикрлар