Ҳатто, Тошев кетиб қолди! Мураббийга ёлчимаётган "Нурафшон" Суперлигадан умидини узаверсинми?
Про-лига карвони ҳам аста-секин манзилига етиб келяпти. Кутилганидек, унда “Нефтчи” муддатидан аввал, маррага биринчи келди ва 2022 йилги Суперлига иштирокчисига айланди. Биласиз, про-лигадан иккита клуб тўғридан-тўғри элитага чиқиш имкониятига эга, учинчи ўрин эгаси эса, Суперлигада 12-поғонани банд қилган клуб билан плей-оффда ўйнайди.
Хуллас, про-лигага 2,5 та ўрин ажратилган бўлиб, “Нефтчи”ни ҳисобга олмасак, 1,5 та жой қолди. Аммо иккинчи йўлланма эгаси ҳам деярли нақд, десак бўлаверади. 34 очко билан иккинчи ўринда бораётган Самарқанднинг “Динамо” жамоаси олдиндаги тўртта турдан бирида ғалаба қозонса бас, бу клубни ҳам Суперлига йўлланмаси билан расман табриклаймиз.
Бир нарсани тан олайлик, мавсум аввалида кўпчиликни фикри ва қарашлари бироз бошқача эди-а? Мухлислар бухороликларни “Нефтчи” билан бирга асосий фаворитлар сифатида тилга олишганди. Лекин номи ўзгарган “Нурафшон” 24 очко билан 3-ўринда ва катта эҳтимол “Олимпик” билан плей-офф йўлланмаси учун курашяпти.
Бугунги мақола айнан Бухоронинг бош жамоаси ҳақида. Бу ўзига яраша қадриятлари, анъаналарига эга футбол вилояти. Ўтган йили кучлилар орасини тарк этгач, шу йили яна қайтиш асосий вазифа қилиб белгилангани ёдимизда. Гўёки, мутасаддилар енг шимариб ишга киришгандек эди-а? Бироқ ўтган вақт давомида клуб билан боғлиқ бир қанча ишлар содир бўлди. Аввалига Даврон Файзиевга ишонч билдирилди ва бош мураббий лавозимига тайинланди. Яхши мутахассис, камтар, ўзини кўрсатишга ташна. У бухороликлар учун мос мураббий эди. Таркиб ҳам чакки эмасди. Файзиев асосий вазифа Суперлига экани ҳақида бир неча бор айтди ва буни бажаришга ишонарди. Афсуски, клубдаги футбол “билимдонлари” уни арзимас сабаблар билан ишдан бўшатиб юборишди. Ҳолбуки, натижалар Даврон Файзиевнинг истеъфосига жиддий сабаб бўла олмасди. Унинг бўшатилиши жиддий хато эди. Тўғри, жамоа ичида нималар бўлгани бизга қоронғу, бироқ бошлаган ишини охирига етказиб қўйиш учун унга ҳеч қандай имкон ва вақт берилмагани ғалати бўлди. Раҳбариятнинг ишлари ҳам жуда тушунарсиз кўриниш олди. Ҳали Файзиев расман ишдан бўшамасдан туриб Анвар Бердиевни таклиф қилишди. Маълум вақт Бердиев Файзиевга кўмаклашди, кейинчалик Даврон Орипович ростакамига ишдан кетганидан кейин Анвар Бердиев бош мураббийликка ўтди. Сергей Лебедев эса у билан бирга келгани ҳам эсимизда. Аммо Бердиев ҳам Бухорода узоқ қолмади. Қолаверса, натижалар ҳам мақташга арзигулик чиқмаганди. Кейин бу орада раҳбариятда ҳам турли ўзгаришлар бўлиб турди.
Тўғрисини айтиш керак, бухоролик мухлислар жамоадаги тинимсиз ўзгаришлардан чарчаган. Айниқса, мураббийлар қўнимсизлиги клубнинг тўғри йўлдан кетаётганини шубҳа остига қўярди. Бунда албатта мутасаддиларнинг ҳам “ҳиссаси” бор. Ким келса, ўша аравани ўз томонига тортаверди. Натижада Суперлига йўлида кетиши керак бўлган жамоанинг йўллари ҳам ўзгариб кетди. Бердиевдан кейин “ўт ўчирувчиликка” маҳаллий мураббий Мирислом Ҳасанов катта саҳнага чиқди. У бир нечта турда жамоани бошқарди. Аммо унинг бош мураббийликда узоқ қолиши мумкин эмасди. Мумкин эмасди, деган сўз албатта маъжозий маънода. Чунки Ҳасановни вақтинчаликка қўйишганди. Аммо натижаларга келсак, ёмон бўлмади. Масалан, “Нефтчи” ҳам мағлуб этилганди. Барибир Мирислом Ҳасановнинг ўрнига бошқа мутахассис келиши аниқ эди. Оқибатда раҳбарият номи чиққан мутахассис сифатида Усмон Тошевни олиб келишди. Бу Бухоро фарзанди ва ўз уйига қайтганди. Тожикистон миллий терма жамоасидаги ишини ташлаб (камига ТФФ билан шартномаси ҳам тугаб бораётганди) Бухорога қайтишга қарор қилганидан бунга жиддий сабаб борлигини тушунса бўлади.
Усмон Қудратович билан камина шахсан яқиндан танишман. Уни кеча ёки бугун таниганим йўқ. Футболчилик давридан бери Тошев билан жуда илиқ муносабатдамиз. Шу боис у кишини ҳар жиҳатдан биламиз. Қолаверса, “Андижон” клубида ҳам Усмон Қудратович билан бирга ишлагандик. Бир сўз билан айтганда, футбол билан яшайдиган инсон. У доим бир гапни кўп такрорлайди: “Менга қаерда ишлашнинг фарқи йўқ, иккинчи лига бўлса ҳам ишлайвераман, муҳими ўзим яхши кўрган ишим биланман!”
Тошев Бухорога қайтганидан кейин ундан интервью олдим. Яхши гаплар бўлди, мақсади ва режаларини очиқ-ойдин баён қилди. У ўз услубига мос равишда фикрларини билдирганди. Ўша пайтда демак, клуб ниҳоят Тошев билан узоқ йиллик ҳамкорликка тайёр экан-да, деб ўйладим. Олдинги йўл қўйилган хато ва камчиликлардан етарлича хулоса чиқарилиб, энди Тошев ёрдамида Суперлигага қайтишаркан, деган ҳаёл ҳам ўтди. Балки ана энди бухороликлар мураббийга ёлчишди, деганлар ҳам бўлди. Бир неча ой ўтгач, энди Усмон ака ҳам кетди, фақат қайсидир клубга эмас, ЎФАга! “Бухоро” номини “Нурафшон”га қайтарган мураббий бу билан мақсади анча жиддийлиги кўринганди. Лекин нимадир бўлди-ю, ЎФАда терма жамоалар марказида иш бошлади ва шу билан унинг “Нурафшон”даги ризқи узилди. Ана энди шундан кейин қатъий равишда айтамиз: ҳатто, Тошев кетиб қолди, бечора, “Нурафшон” мураббийга ёлчимади! Мавсум ҳали тугамасидан туриб тўртинчи мураббий ўзгарди-я?! Мураббий қўнимсизлиги юз бераётган жамоадан нимани кутса бўлади, айтинг-чи? Камига клубни мақсади Суперлига?! “Нефтчи” билан “Динамо”ни йил бошидан бери битта мураббий бошқаряпти. Бирида Илҳом Мўминжонов, яна бирида Ҳаким Фузайлов. Айнан ушбу мураббийлар ўз жамоаларини элита сари етаклаб келишяпти. “Нурафшон” эса юқорида айтганимиздек, мураббийга ёлчимади. Бунга кўплаб сабаблар бор. Бундай паллада бечора футболчилар нима қилсин? Энди Файзиевнинг услубига мослашаётганида, Бердиев келди. Кейин унинг кўрсатмаларини тушунишга ҳаракат бошланди, бироқ яна ўзгариш, ўзгариш ва яна ўзгариш. Жамоадаги ўйинчиларда нима айб? Улар унисига мослашаётганида, бошқаси ва яна бошқаси келавериб, футболчиларга ҳам жабр бўлди. Ахир улар майдонда ўзи билганича ўйнамайди-ку! Албатта, мураббийнинг кўрсатмалари, тактик услублари асосида ўйин “қурилади”. Бизнингча, футболчиларнинг турли хил услубни ёқтирадиган мураббийлар билан ишлаб “бошлари айланиб кетди”, шекилли. Клубда эса ҳали муаммолар тугамаган, масалан, ҳалигача асосий стадиони фойдаланишга топширилмаган.
Охири жамоанинг натижалари ҳам пасая бошлади, керакли очколар бой берилди ва таъқибчилардан ортда қолиб кетди. Тошевдан кейин ҳозирча “Нурафшон”ни унинг ёрдамчиси Далер Каёсов бошқариб турибди, чоғи. “Нефтчи”га қарши ўйин қайдномасида “Нурафшон”да Каёсов номи кўрсатилган. Лекин ушбу учрашувда “Нефтчи”га 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради ва асосий рақибининг Суперлига йўлланмасини қўлга киритганига гувоҳ бўлди.
Клубдаги ўзгаришлар яна қачонгача давом этади? Кадрлар ва мураббийлар алмашинувларидан чарчашмадими? Суперлигага фақат муносиб жамоалар чиқади. Аслида бухороликлар ҳам муносиб, бироқ...
Фикрлар