Ҳаваскор йўналишда энг совриндор боксчимиз ким эканлигини биласизми ёхуд унинг ўзига хос рекордини ким янгилаши мумкин?
Ўзбекистоннинг бокс мамлакати эканлигини ҳозирги кунда бутун дунё билади. Айниқса, ҳаваскор йўналишда биринчи рақамли эканлигимизни охирги йилларда исботлаб келмоқдамиз. Жумладан, 2016 йилги Рио Олимпиадаси ҳамда жорий йилдаги Екатеринбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эришган муваффақиятларимиз бунга яққол мисол бўла олади.
Бугун биз боксчиларимизнинг ўзига ҳос статистикасига эътибор қаратиб, қай бир юртдошимиз, барча йирик турнирларда зафар қучганлигига эътибор қаратдик ва буни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз...
Демак, айни кунга қадар, бу борада мутлоқ етакчи, тирик афсона Муҳаммадқодир Абдуллаевдир.
У барча йирик турнирларда зафар қуча олган.
Олимпиада чемпиони (2000 йил) , Жаҳон чемпиони (1999 йил), Осиё чемпиони (1997, 1999 йиллар), Осиё ўйинлари чемпиони (1998 йил), Жаҳон Кубоги ғолиби (1998 йил)
Мухаммадқодир Абдуллаевнинг мазкур ўзига ҳос рекордини яқин орада ким янгилаши мумкин деган савол туғилиши табиий...
Бунга иккиланмасдан, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Баҳодир Жалолов деб айтишимиз мумкин. Қолаверса, Жаҳон Кубоги ҳам қайтадан ташкил этилиш арафасида. Маълумки, ушбу турнир 2008 йилдан буён ўтказилмайди. Бу сафга Ҳасанбой Дўсматовни ҳам қўшишимиз мумкин. Мабодо, AIBA вазн тоифасини 10 тага қайтарадиган бўлса, бунда Ҳасанбойнинг яна ҳаваскор боксга қайтиш эҳтимоли ҳамда ўзининг -49 кг вазн тоифасида юксак натижалар қайд эта олишига ишончимиз комил. Чунки, ҳозирда қайта кўриб чиқилиши, AIBA нинг янги низоми борасида ҳар-хил гап-сўзлар бўлмоқда.
Аслида, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиевлар ҳам бор. Лекин улар асосий эътиборини профессионал фаолиятларига қаратса керак. Яна ким билади дейсиз? Мабодо Шаҳрамда Токио Олимпиадасида иштирок этиш имконияти юзага келса ва у ғолиб чиқса, бухоролик чармқўлқоп устасида Муҳаммадқодир Абдуллаевга етиб олиш учун Осиё ўйинлари ва расман Жаҳон Кубоги ташкил қилинса, ушбу турнирни ютиш қоларди. Лекин бу шунчаки эҳтимоллар назарияси холос!
Албатта, биз юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби яқин келажакни назарда тутдик. Юртимизда етишиб келаётган ёш истеъдодларнинг сон-саноғи йўқ. Бунга ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида ҳам гувоҳ бўлдик. Шундай экан, албатта биринчи Олимпиада чемпиони қайд этган натижаларни келгусида кўплаб ватандошларимиз забт этишидан умидвормиз.
Ҳозирча эса, бу борада Муҳаммадқодир Абдуллаев ягона пешқадам!
Қуйида, Шаҳобиддин Зоиров, Баҳодир Жалолов, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Ҳасанбой Дўсматовнинг натижаларини ҳавола этамиз. Бу рўйхатда фақат чемпионлик назарда тутилаётганини аллақачон англаган бўлсангиз керак.
Шаҳобиддин Зоиров : Олимпиада чемпиони (2016 йил), Жаҳон чемпиони (2019 йил)
Ҳасанбой Дўсматов: Олимпиада чемпиони (2016 йил), Осиё чемпиони ( 2015-2017 йиллар)
Миразизбек Мирзаҳалилов: Жаҳон чемпиони (2019), Осиё чемпиони (2019 йил), Осиё ўйинлари ғолиби ( 2018 йил)
Баҳодир Жалолов: Жаҳон чемпиони (2019 йил), Осиё чемпиони (2017-2019 йиллар)
Фикрлар