
"Андижон" Дракслер ва "Ал-Аҳли"га қандай қаршилик кўрсатди?
Осиё Чемпионлар лигаси 2 “В” гуруҳининг иккинчи турида “Андижон" “Бобур арена”да Қатарнинг “Ал-Аҳли” жамоасини қабул қилди. Бу ўзига хос тарихий учрашув бўлиб, илк бор “Бобур арена” ОЧЛ ўйинига мезбонлик қилди. Кўпчилик эса “Ал-Аҳли”ни гуруҳ фаворити сифатида ҳам эътироф этишмоқда.
Таркибида Юлиан Дракслер сингари жаҳон чемпионига эга бўлган “Ал-Аҳли” сафида чиндан ҳам номдор ва тажрибали ўйинчилар жамланганди. Шунга қарамай, “Андижон” ушбу рақибга қарши муносиб кураш олиб борди ва майдоннинг ҳар бир қарич ери учун жанг қилдилар.
Ўйин учун ташкилий масалалар ҳам юқори даражада бўлди. “Андижон” мухлислари эса стадионда бетакрор муҳитни яратдилар. “Андижон” футболчилари нафақат клуб, балки ватан шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилаётганлиги сабабли жамоа аъзоларидаги масъулият юқори эди. Буни ҳар бир ўйинчи чуқур ҳис қилган ҳолда майдонда тўп сурди.
“Андижон” ўйин давомида тўп назоратини ўзида сақлашга уринган “Ал-Аҳли”ни қарши ҳужумларда “ушлаш”га ҳаракат қилди. Қолаверса, прессинг орқали рақибни хато қилишга мажбур қилган ҳолатлари ҳам бўлди. Масалан, шундай вазиятлардан бирида Дониёр Абдуманнопов рақибнинг хатосидан фойдаланиб қолиши мумкин эди. Аммо жарима майдони атрофидан йўллаган зарбасини дарвозабон бартараф қилди. Усмонали Исмоналиев ҳам “Ал-Аҳли” дарвозасини ишғол қилишга яқин келганди.
Учрашув давомида футболчилар эҳтиёткорликни унутганлари йўқ. Шу боис “Андижон” ҳимояда анча мустаҳкам ўйин кўрсатди. Қолаверса, дарвозабон Эржан Токотаев ўз даражасида бўлди ва сейвлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлди. Қатарликларнинг ҳужумларини бартараф этишда Токотаев ҳам фаол бўлди ва у учрашувнинг энг яхши ўйинчисига айланди. Дракслер захирадан майдонга тушганидан кейин “Ал-Аҳли”нинг ҳужумлари янада хавфли тус олди. Бироқ “Андижон” футболчилари совуққонлик билан ўйнаб, рақиб аъзоларига ўзларини тўлиқ кўрсатишга имкон бермадилар. Учрашув давомида Шацких шогирдлари вазият бўлди дегунча гол уриш пайида бўлдилар. Бироқ ўйинда ҳеч бир жамоага гол уриш насиб қилмади. Натижада иккала жамоа бир очкодан бўлишиб олдилар.
Қизиғи, иккаласи ҳам илк турда 0:0 ҳисобини қайд этишганди. “Андижон” ОЧЛ 2 да иккита баҳсдан кейин икки очко жамғарди. Энди “Бургутлар” 22 октбярь куни “Бобур арена”да Баҳрайннинг “Ал-Халдия” клубини қабул қилади. Суперлига доирасида эса "Бургутлар" 5 октябрь куни водий дербиси доирасида Фарғонада “Нефтчи”га қарши баҳс олиб боради. “Бургутлар” “Ал-Аҳли” билан учрашувни унутиб, дарҳол водий дербисига тайёргарликни бошладилар.
“Андижон” (Ўзбекистон) - “Ал-Аҳли” (Қатар) - 0:0.
1 октябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 12850 томошабин.
Ҳакамлар: Даниел Жон Элдер, Эндрю Меймаракис, Бредли Жон Уайт (барчаси - Австралия).
Захира ҳаками: Жин Жингюн (Хитой).
Назоратчи: Нажаҳ Раҳам Рашид Алхамадах (Ироқ)
Комиссар: Кемел Токобаев (Қирғиз Республикаси)
“Андижон”: Эржан Токотаев, Суннатиллоҳ Ҳамиджонов, Кристиан Новак, Шахзод Азмиддинов, Сардор Азимов, Муҳаммадкарим Тоиров, Саидумархон Саиднуруллаев (Муҳаммадюсуф Мирқодиров, 90+1), Дамир Темиров (Абдураҳмон Абдуллаев, 88), Усмонали Исмоналиев (Шохжаҳон Ёрқинбоев, 90+1), Дониёр Абдуманнопов (Бектемир Абдуманнонов, 77), Исмоил Акинаде.
“Ал-Аҳли”: Марван Шериф Бадрелдин, Матей Митрович, Робин Тихи, Амиду Думбия, Иброҳим Диалло (Халед Муҳаммад Солиҳ, 90+4), Дрис Феттоухи, Мичел Влап, Сухаиб Ганнам, Секоу Янсане (Юлиан Дракслер, 64), Эрик Эрнандес, Халал Муҳаммад (Ахмед Риёд Фадлелмула, 87).
Огоҳлантириш: Дониёр Абдуманнопов, 10.
Ўйиннинг энг яхши футболчиси: Эржан Токотаев.
Фикрлар