"Ҳеч ким футболни сотмаяпти". Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг улушини сотиш бўйича ФИФА баёнот берди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

ФИФА жаҳон чемпионати ва бошқа йирик мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқларини хусусий тузилмаларга сотиш масаласи юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

«ФИФА жамоатчиликка очиқ майдонда билдирилган фикрлар ва хавотирларни инобатга олади ва ҳурмат қилади. Ташкилот очиқ ва демократия тамойилларига асосланган маслаҳатлашув жараёнига содиқлигини тасдиқлайди. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган нотўғри хабарлар режалаштирилган муҳокама жараёнини издан чиқарди. Таклиф этилаётган FIFA Forward Enterprise лойиҳаси бўйича тегишли конфедерациялар томонидан билдирилган фикрларни эшитдик.

Биз муҳокамаларни давом эттирамиз, шунда ҳар бир миллий ассоциация ўз фикрини фактларга таяниб билдириш имкониятига эга бўлади. FFE ташаббуси ФИФАга аъзо барча ассоциациялар ўз мамлакатларида футболнинг тижорий салоҳиятидан муносиб улуш олишлари учун таклиф этилган. Бу қадам ҳеч қандай ҳолатда ФИФАнинг руҳига, бошқарув тизимига ёки умуман футбол манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Футбол сотилаётгани йўқ. ФИФА бундай таклифни ҳеч қачон кўриб чиқмайди. Ҳар ким норозилик билдиришга ва қўшимча тушунтириш сўрашга ҳақли, аммо бирор бир ташкилот барча 211 халқаро ассоциация номидан гапириш ваколатига эга эмас. Ҳар бир ассоциация таклиф билан танишиб чиқиш ва ўз келажагига оид қарор юзасидан фикр билдириш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бу — ФИФАнинг демократия тамойиллари.

ФИФА тадбирларни ташкил этишга оид тижорий ва амалий фаолиятни тўлиқ равишда FFE номли дочерний тузилмага ўтказишни режалаштирмоқда. У тузилма тўлиқ ФИФАга тегишли бўлади ва доимий равишда унинг назоратида қолади. Олинган фойда барча 211 халқаро ассоциация ўртасида тақсимланади, бу эса ҳар бир ассоциацияга ўз мамлакатида футбол ривожига сезиларли сармоя киритиш имконини беради.

Аъзо ассоциацияларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватламаса, ФИФАнинг тижорий фаолияти ҳозирги тартибда қолаверади. FFE дастури умуман яратилмайди. Таклифлар тўлиқ ёки қисман маъқулланиши, рад этилиши ёки ўзгартирилиши мумкин. Биз маслаҳатлашув жараёнини бошладик ва очиқ мулоқотга тайёрмиз», — дейилади ФИФА баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин УЕФА ва КОНКАКАФ раҳбарияти ФИФАнинг ушбу ислоҳотларига якдил равишда қарши чиққани маълум қилинган эди. Ушбу ташкилотларга аъзо мамлакатлар янги тартиблар тасдиқланадиган бўлса, мусобақаларда иштирокдан бош тортиш билан таҳдид қилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!