Ҳужумчидан ҳимоячига айланган иқтидор эгаси ёхуд "Андижон"га "Уфа" академиясидан келган футболчи ҳақида

Бу йил Суперлигага қайтиб, у ердаги иштирокини муносиб тарзда ўтказаётган “Андижон” клуби ўз фаолиятида туб бурилиш ясаётган жамоалардан бирига айланяпти. Нега деганда, клубдаги барча йўналишларда олдинги силжиш кузатилаётгани бор гап.

Айниқса, иқтидорли ёшларга қаратилаётган эътиборни инобатга олиш даркор. Балки тез орада асосий жамоада янги иқтидорли ёшлар пайдо бўлса бундан ажабланманг. “Андижон”нинг U19 ҳамда U21 жамоаларида ана шундай истеъдод эгалари етишиб чиқяпти. Улар учун натижа устивор вазифага айланмаган. Асосийси, ўйин амалиётига эга бўлиб бораётган ёшларнинг маҳоратини ошириш, уларга тўғри йўл кўрсатиш ва футболчи сифатида янада шаклланиши муҳим аҳамият касб этади. Клуб сиёсати ҳам маҳаллий ёшларни тарбиялашга қаратилмоқда. Бунинг учун узоқ йиллик истиқболли режа асосида иш олиб борилиши белгилаб олинган.

асад4

“Андижон” сафида ўсиб келаётган, иқтидор эгаларидан бири Асадбек Ҳабибуллаев ҳисобланади. Биз бу йигитга бежизга тўхталаётганимиз йўқ. Боиси, 19 ёшли футболчи бунга қадар Россияда “Уфа” клубининг ёшлар жамоасида тўп сурган. Асли Андижон фарзанди бўлган Асадбек бу йил бошида “Бургутлар” сафига қўшилди. 2022 йилнинг декабрь ойида Андижонда “Навбаҳор-Фарм”га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида Ҳабибуллаев майдонга туширилди ва илк ўйиндаёқ бош мураббий Алексанр Хомяковнинг эътиборини тортди. Натижада 19 ёшли ўйинчи жамоанинг Дукентдаги йиғинига олиб кетилди. Шу тариқа, Ҳабибуллаев “Андижон” аъзосига айланди. Ҳозирда у “Андижон”нинг U19 ва U21 жамоаларида бирдек тўп суриб келмоқда. Хомяков ҳам унинг келажаги порлоқ эканлигини эътироф қилган ҳолда футболчига нисбатан ишончи катталигини яширмаяпти.

“Футболга 7 ёшимда кириб келганман, дадам олиб борганди, - дея эсга олди, Асадбек. - Ёшлигим Россияда ўтган ва биз Уфадан 100 километр узоқликдаги Бирскда турардик. Ўша ердаги футбол мактабига кирдим. 2015 йили “Уфа” клубининг футбол академиясига ўтдим. 7-синфгача ҳар куни 100 километр йўл босиб футбол мактабига бориб келардим. Мени “Уфа” академиясига чақиришган. Битта ўйинда кўрибоқ қабул қилишган. Бошида ҳужумчи бўлиб бошлаганман. Ҳимояда ўйнаётганимга уч йилча бўляпти. “Уфа” академиясидаги биринчи мураббийим Артём Фомин эди. Кейин Дмитрий Михайлович Смолин, сўнг Алексей Рюманцев қўли остида шуғулланганман. Шу мураббий мени ҳимояга ўтказган Ҳозирда у Россия биринчи дивизионида Роман Шаронов билан бирга “СКА-Хабаровск” клубида ишлаяпти. “Уфа”даги охирги мураббийим Денис Иванов. У ерда тактикага кўпроқ эътибор берилади ва тартиб-интизом ҳам кучли. У ерда ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим ва ишонаманки, бу фаолиятим давомида менга асқотади”, - дея футболга кириб келишини ёдга олди.

Асад2

Асадбек Ҳабибуллаев “Андижон”га келганида балки янада эртароқ кўзга ташланиши ҳам мумкин эди. Аммо мавсум бошида жароҳат унга халақит қилиб қолди. Лекин буни ҳам енгиб ўтди ва яна ўзининг севимли спорт тури билан машғул. “Қишки йиғинлар пайтида “Ҳоким Кубоги”да қатнашдик. Биринчи ўйинга тайёргарлик кўраётган чоғимизда жароҳат олдим. Натижада бир қанча муддат даволанишимга тўғри келди. Тикланиш жараёнини ўтказдим. “Андижон” U19 ва U21 жамоаларида ўйнаб ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мақсадим мураббийлар ишончини қозониш ва асосий жамоа ўйинчисига айланиш. Ўзимга яраша катта мақсадларим бор”, - дейди Асадбек.

Таъкидлаш ўринлики, Асадбек Ҳабибуллаевнинг футболни танлаши ҳам бежиз эмас. Юқорида ўзи айтганидек, футболга дадаси етаклаб борган. Чунки Асадбекнинг дадаси – Шуҳратбек Исомиддинов ҳам ўз вақтида футболчи бўлган ва бу спорт турига меҳри бошқача. Шунинг учун фарзандини ҳам футболчи бўлишини хоҳлади. Бу борада Асадбекнинг ўзида ҳам футболга қизиқиши ва интилиши кутилганиданда яхши даражада бўлди.

асад3

Футболнинг илк сабоқларини Россияда ўрганиб, “Уфа”нинг академиясида таҳсил олган йигит вақти келиб она юртида, мухлислари кўз ўнгида тўп суриш истагида эди ва ҳозирда “Андижон” шарафини ҳимоя қилиш орқали янги марраларни забт этишни ният қилган. “Уфа”да кўрган-кечирганлари, ўрганганлари унга асқотаётгани ҳам табиий. Унда ҳимоячиларга хос бўлган барча фазилатлар бор. "Андижон"да яна бир иқтидор эгаси кашф қилинаётгани кўриниб турибди.    

Шуҳратбек Жўраев.

   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!