“Ҳумо Арена”да жаҳон чемпионати ўтказилади

Пойтахтимизда жойлашган муҳташам “Ҳумо арена” кўп тармоқли муз саройи 2022 йилда фигурали учиш бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоцацияси раиси Ҳаким Тўлаганов маълум қилди.

Ушбу нуфузли мусобақага муносиб ҳозирлик кўришни таъминлаш мақсадида Халқаро конкичилар иттифоқи (ИСУ) “Ҳумо арена” спорт саройига яна иккита нуфузли мусобақани ишониб топширди.

Дастлаб, жорий йилнинг 27 август ва 12 сентябр кунлари фигурали учиш бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро Гран-при мусобақаси ўтказилади. Ушбу мусобақада жами 27 та давлатдан 300 нафардан ортиқ спортчилар иштирок етиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2021 йилда ҳам фигурали учиш бўйича “Ҳумо арена” кўп тармоқли муз саройида ўсмирлар ўртасида яна бир йирик турнир ташкиллаштирилади. Бу гал пойтахтимизда тўрт қитъа биринчилиги мусобақаси ўтказилиши белгиланган.

Кейинги йилнинг август ва сентябр ойларида ўтиши кутилаётган турнирда Осиё, Йевропа, Америка ва Австралия қитъаларининг иқтидорли спортчилари ғолиблик учун музга чиқишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!