Ҳусанов ҳали янги клубига бормай туриб, жамоаси бир учрашувда саккизта гол урди
“Манчестер Сити” мутасаддилари ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини якунлаш бўйича иш олиб бораётган бир пайтда жамоа футболчилари Англия кубоги доирасида йирик ҳисобда зафар қучди.
Мусобақанинг 1/32 финал босқичида учинчи дивизион вакили “Солфорд Сити” билан рўбарў келган манчестерликлар меҳмонларни аяб ўтирмади.
Хосеп Гвардиола шогирдлари “Солфорд Сити” дарвозабонини ўз ортидан саккиз маротаба тўп олиб чиқишга мажбур қилди.
Ғалаба келтирган голлардан учтаси Жеймс Макэйти, иккитасини Жереми Доку, қолганларини Дивин Мубама, Нико О'Райли, Жек Грилиш киритди.
Эътиборли жиҳати, жамоа юлдузи Жек Грилиш пенальтини аниқ бажариб, бир йилу икки ой давом этган голсиз сериясига барҳам берди.
“Манчестер Сити” бу натижа орқали 92 йиллик натижани такрорлади. Squawka статистика маркази берган маълумотга кўра, манчестердиклар 1933 йилнинг январидан бери илк бор Англия кубоги доирасида рақиб дарвозасини саккиз бор ишғол қилди. 92 йил муқаддам “Гейтсхед” жамоаси билан бўлган баҳсда “Манчестер Сити” футболчилари тўққизта гол уриб, бу мусобақа учун клуб рекордини ўрнатган эди.
Умуман олганда, Англия кубоги мусобақасида “Манчестер Сити” жами етти маротаба ғолиб чиққан ва мамлакат клублари ўртасида кубокни қўлга киритиш бўйича “Астон Вилла” билан олтинчи поғонани бўлишиб турибди.
Хосеп Гвардиола шогирдларида ўтган мавсумда еттинчи совринни ўзиники қилиш имкони туғилган эди. Бироқ Англия чемпионлигига сазовор бўлган жамоа мамлакат кубоги учун ўтказилган финалда “Манчестер Юнайтед”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан кейин Англия Премьер-лигасида кучли тўртликдан жой олиб, Европа чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда иштирок этади.
Гарчи Хосеп Гвардиола шогирдлари жорий мавсумда Англия чемпионлиги учун курашиш имкониятини қўлдан бой берган бўлса-да, Ҳусанов янги жамоаси сафида мамлакат кубоги учун курашиш имкониятига эга.
Қолаверса, мамлакат чемпиони сифатида “шаҳарликлар” ҳали қитъа миқёсидаги энг нуфузли мусобақа – Европа Чемпионлар лигасидаги юришларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европанинг барча нуфузли манбалари “Манчестер Сити” мутасаддилари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси учун Франциянинг “Ланс” клубига 40 миллион евро бадал пули ва 10 миллион евро бонус тўлаши ҳақида маълумот чиқарди.
Ҳозирча, бу трансфер расман эълон қилиниши қолди холос.
Фикрлар