Ҳусановни қўлдан чиқарган Мадрид суперклуби яна 7 нафар ҳимоячи топди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг Лига 1, Премьер-лига, Бундеслига, Ла Лига, А Серия каби “топ-5” чемпионатлардан йигирмага яқин жамоа талашгани 20 ёшли футболчининг салоҳияти ва истеъдоди юқорилигидан далолат беради.

Абдуқодир Ҳусанов ва унинг агентлари “Манчестер Сити”ни танлади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзбек ҳимоячиси трансфери учун бош мураббий Хосеп Гваридиоланинг розилиги ва тақдиғини олган “Сити” мутасаддилари катта сумма тикиб, масала жуда тез ҳал қилди.

Легионеримиз учун курашда Испаниянинг икки гранди – “Атлетико” ва “Реал” ҳам иштирок этди. “Матрасчилар” испан клублари орасида Абдуқодирга биринчи бўлиб эътибор қаратган эди. Чунки бош мураббий Диего Симеоне мавсум охирида жамоани тарк этиши кутилаётган икки нафар ҳимоячи – Сезар  Аспиликуэта ва Клеман Лангле ўрнини боса оладиган ҳимоячи қидираётган эди.

Испан клублари англияликлардан фарқли равишда трансферларни ҳар томонини пухта ўйлаб кейин амалга оширади. Шу боис, мадридликлар ҳам Абдуқодир Ҳусанов бўйича “Ланс”га расмий таклиф юборишга шошилмади.  Лекин “ўйчи ўйига етгунича, таваккалчи ишини битирибди”, деганларидек, “Манчестер Сити” 50 миллион евро эвазига ўзбек ҳимоячисини илиб кетди.

Шу тариқа, Испания пойтахти Мадриднинг икки суперклуби Абдуқодир Ҳусанов трансферидан қуруқ қолди.

Испан футболини ёритаётган нуфузли манба – fichajes.net портали Диего Симеоне энди янги номзодлар рўйхатини тузди.

Аргентиналик мутахассис етти нафар ҳимоячига эътибор қаратди. Улардан икки нафари – Исак Хиен (“Аталанта”) ва Эван Ндика (“Рома”) А Серияда ўзини кўрсатиб келяпти. Мана шу икки ҳимоячи мадридликлар учун ёзда асосий трансфер нишони бўлади.

“Атлетико” бу футболчилар бўйича музокаралар мураккаблигини инобатга олиб, яна беш ҳимоячидан иборат захира вариантларини ҳам топиб қўйди. Унга кўра, “Спортинг”даги ёш истеъдод соҳиби Зено Дебаст, ПСЖ воз кечган Милан Шкриньяр,  “Валенсия”даги Кристиан Москера ва Ярек Гасиоровски, “Лас-Пальмас” вакили Мике Мармол ҳам “матрасчилар”дан чорлов олиши мумкин.

“Атлетико” ҳимоя чизиғини янгилаш ва мустаҳкамлашни энг долзарб масалаларидан бири сифатида кўрмоқда. Бунда таклиф этиладиган ўйинчиларнинг жамоани узоқ йиллардан бери бошқариб келаётган Диего Симеоненинг ўзига хос ўйин услубига мос тушиши энг асосий масала ҳисобланади.     

Диего Симоени “Атлетико”ни 2011 йилдан бери бошқариб келмоқда. “Матрасчилар” кейинги йилларда Ла Лигада “Барселона” ва “Реал”га жиддий қаршилик кўрсата олаётган ягона жамоа бўлиб турибди.

Аргентиналик мутахассис қўл остида “Атлетико” 2014 ва 2021 йилларда Испания чемпионлигига сазовор бўлган.

Шунингдек, икки мартадан Европа Лигаси ва УЕФА Суперкубогида ғолиб чиққан. Чемпионлар лигаси финалида икки бор иштирок этган. 54 ёшли мураббийнинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнигача давом этиши белгиланган.

“Реал” шокда! “Манчестер Сити” Ҳусанов орқали “Реал”нинг “бурнини ерга ишқалади”

Италияда юрганинг етади! Шомуродовни “топ-5”дан кучли клуб чақиряпти

Ҳусанов янги жамоаси билан қанча муддатга шартнома тузиши аниқ бўлди, у “Ланс”машғулотига келмади!

Файзуллаевни Мбаппе ва 140 миллион евро турадиган ўйинчига тенглаштиришди

Абдуқодир ПСЖ юлдузларини “янчиб” ташлаган эди. ПСЖ нега Ҳусанов трансферидан бош тортди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!