Ҳусанов ҳатто майдон марказидан голлар урган!
Абдуқодир Ҳусанов ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиси ҳисобланади. Авваллари маҳаллалардаги болалар “Реал” ва “Барселона” футболкаларида юришарди, энди эса кўпчилиги елкасига “Ҳусанов” фамилияси туширилганларини киймоқда.
2022 йил март ойида марказий ҳимоячи Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клуби билан биринчи профессионал шартномасини имзолади, 2025 йилда эса 40 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га кўчиб ўтди.
Ўтган мавсумда Ҳусанов Англия Премьер-лигасида 21 та, Англия кубогида 5 та, Англия Лигаси кубогида 5 та ва УЕФА Чемпионлар лигасида 6 та ўйин ўтказди. Англия кубоги ва Лига кубогида ғолиб чиқди. Қисқаси, Ҳусанов “Сити” таркибидаги муҳим футболчига айланди.
Sports.uz портали Россиянинг нуфузли манбаси sports.ru сайтида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида берилган қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
- Мен Ҳусанов билан “Бунёдкор” академиясида у ўн ёшлигида бироз ишлаганман. Абдуқодир жуда иқтидорли эди. Болалигида ўзидан икки ёш катталар жамоасида ўйнарди. Тезкор, кучли ва зарбаси яхши эди. Фақат дастлаб бўйи пастроқ эди, кейинчалик ўсиб кетди.
Менда у 2003 йилда туғилганлар жамоасида ўйнаган, ўзи эса бир ёш кичик бўлган. 2002 йилда туғилган болалар жамоаси мураббийи Абдуқодирни менга бериб: “Уни олиб кет, етакчига айланади”, деганди. Шундай ҳам бўлди.
Ҳусановнинг юқори даражали футболчи бўлиб етишиши бошидан маълум бўлганди. У нафақат ҳимояни бошқарарди, балки ҳужумларга ҳам қўшиларди ва ҳатто майдон марказидан голлар ҳам урган, - дейди ЦСКАнинг айни пайтда янги бош мураббийи Дмитрий Игдисамов ёрдамчиси Денис Коростиченко.
Йиллар ўтиб Ҳусанов “Бунёдкор”га керак бўлмай қолди. Бир версияга кўра, уни “ҳаддан ташқари совуққон ҳимоячи” деб баҳолашган, бошқа талқин бўйича , Абдуқодир кўпроқ ўйин амалиёти олиши ва Ўзбекистон ёшлар термаси учун яхшироқ ривожланиши мақсадида Беларусга юборилган.
Маълум бўлишича, Ҳусанов Россия клубларидан бирига ҳам ўтиши мумкин эди. Россия скаутлари уни Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам кузатиб борган.
- Ҳусанов Беларусда ўйнаётган пайтда Россиянинг деярли барча клублари унга қизиққан Клубларни унинг тезлиги, жисмоний чидамлилиги ва куч-қуввати ҳайратга солган. Айниқса тезлиги, - дейди россиялик машҳур футбол агенти Герман Ткаченко.
Шунга қарамай, Ҳусановни мутлақо танқид қилинмайдиган футболчи, деб бўлмайди. Масалан, Фабио Каннаваро яқинда уни танқид қилиб, ҳимоячи ўйинни яхшироқ ўқиши, камроқ қўпол ҳаракат қилиши ва заруратсиз фоллар қилмаслиги кераклигини айтган.
“Манчестер Сити”нинг собиқ бош мураббийи Пеп Гвардиола ҳам Ҳусановнинг янги даражага чиқиши учун катта меҳнат қилган.
- Мен Гвардиола ҳақида Ҳусановнинг отаси билан суҳбатлашганман. Унинг айтишича, испаниялик мураббий Абдуқодирда катта таассурот қолдирган. Гвардиола у билан жуда кўп индивидуал ишлаган, машғулотларда деярли қўлидан етаклаб юрган ва ҳар бир детални тушунтириб берган, - дейди Денис Коростиченко.
Дастлаб, Англия Премьер-лигасида Абдуқодир Ҳусанов учун ҳаммаси ҳам осон кечмади. Буни sports.ru сайти футбол таҳлилчиси Вадим Лукомский тушунтириб берди.
- Ҳусановни Гвардиола учун етарлича пас бера оладиган ҳимоячи эмас, деб ҳисоблашарди. Шу сабабли Пеп унга камроқ ишонарди. Лекин маълум бир пайтда “Сити”нинг марказий ҳимоячилари сафдан чиқди, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол жароҳат олди, Марк Гехи эса ҳали трансфер қилинмаган эди.
Ҳусанов берилган имкониятдан фойдаланди ва кейин Гехи билан яхши жуфтлик ҳосил қилди. Натижада Гвардиола уларга тобора кўпроқ ишона бошлади.
Ҳусанов ҳали пас бериш жиҳатидан катта ўсишга эришгани йўқ, аммо у ўзининг кучи ва тезлиги билан ажралиб туради. Ҳимоячи учун у жуда тезкор футболчи.
Шу тариқа, Абдуқодир мавсум охирига келиб у ҳақиқатан ҳам “Манчестер Сити”нинг муҳим ўйинчисига айланди, - дейди Вадим Лукомский.
Ўзбекистон мана шу футболчилар сабаб ютқазди!
Легионеримиз яхши жамоадан кетди!
Ўзбекистон — Колумбия учрашуви ҳақида беш қизиқарли факт
"Манчестер Сити" Ўзбекистон дебютига қандай муносабат билдирди?

Фикрлар