Ҳусанов ва Доннарумма ўртасидаги ҳазиломуз “жанжал” ижтимоий тармоқларда вирусга айланди
Англия кубоги-2026 финалидаги ғалабадан кейин мухлислар “Манчестер Сити”нинг совринидан ташқари Абдуқодир Ҳусанов ва Жанлуижи Доннарумма иштирокидаги қизиқарли ҳолатни ҳам фаол муҳокама қилмоқда.
Кулгили вазият акс этган видео Instagram’да Benforrest фойдаланувчиси томонидан эълон қилинди. Кадрларда футболчилар тақдирлаш маросимидан кейин байрамона қоғозлар сочилган “Уэмбли” майдонида турганини кўриш мумкин.
Доннарумма ҳазил тариқасида байрам безакларини олиб, уни Абдуқодир Ҳусановнинг бошига ташлади. Ўзбекистонлик ҳимоячи эса бу ҳазилга тезда жавоб қайтарди — бошидаги қоғозларни силкиб ташлаб, кулиб дарвозабон томон югурди.
Шундан кейин икки футболчи ўртасида ҳазиломуз “жанжал” бошланди. Ҳусанов ҳатто Доннаруммани бўйнидан ушлашга ҳам уринди. Ушбу эпизод қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда оммалашиб, мухлисларнинг кўплаб ижобий фикрларига сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Англия кубоги финалида “Манчестер Сити” “Челси”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва мавсумдаги иккинчи совринига эга чиқди. Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлаб, майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. Бу ҳамюртимизнинг Англия гранди сафидаги иккинчи соврини бўлди.

Фикрлар