
Ҳусанов Холанд билан бирга узоқ ўйнайдиган бўлди
“Манчестер Сити” яқинда кузатилган муваффақиятсизликлардан кейин таркибини тартибга солишга киришди.
“Шаҳарликлар” қишки трансферлар вақтида энг муаммоли ҳисобланган ҳимоя чизиғига Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс каби янги авлод марказий ҳимоячиларини, ҳужумга “Айнтрахт” тўпурари Умар Мармушни олди.
Шу билан бирга клуб мутасаддилари бош мураббий Хосеп Гвардиола суянган футболчилар билан шартномаларни янгилай бошлади.
Хусусан, жамоанинг энг зўр тўпурари Эрлинг Холанд Манчестерда 2034 йилнинг ярмигача қолиш учун янги битимга имзо чекди.
Манбаларда таъкидланишича, норвегиялик форварднинг аввалги шартномаларида уни трансфер қилиш ҳуқуқини берувчи барча бандлар янги битимдан олиб ташланган. Холанд бир имзо билан клубда энг катта маош оладиган ўйинчига айланди.
24 ёшли Эрлинг Холанд Норвегиянинг “Брюне” ва “Молде” клубларидан етишиб чиққан. Бир йил Австриянинг “Зальцбург” жамоасида тўп тепганидан кейин 2020 йилнинг январида уни “Боруссия Дортмунд” ўз сафига қўшиб олди.
Моҳир тўпурар Англия Премьер-лигасига 2022 йилнинг ёзида кўчиб ўтди. Холанд ҳозирга қадар клублар миқёсидаги мусобақаларда жами 309 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 246 та гол ва 51 та ассист ёздириб қўйган.
Бундан ташқари, моҳир тўпурар халқаро миқёсида ҳам тинимсиз гол урмоқда. Эрлинг Норвегия миллий терма жамоаси сафида 39 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 38 маротаба ишғол қилган.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини “Манчестер Сити”да давом эттириш имкониятига эга бўлди. “Шаҳарликлар” Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси учун Франциянинг “Ланс” клубига жами 50 миллион евро ўтказиб беришга рози бўлган. Манчестерликлар ўзбекистонлик чарм тўп устасига узоқ муддатли шартнома берган.
Фикрлар