Ҳусанов янги трансферга йўл очди
Жорий мавсумда Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, лига кубоги ва УЕФА Чемпионлар лигасида бош соврин учун курашни давом эттираётган “Манчестер Сити” таркибининг авлодлар алмашинуви давридаги энг зўр харидларидан бири жамоага Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши бўлди.
2025 йилнинг 20 январь куни Франциянинг “Ланс” клубидан Манчестерга кўчиб ўтган Абдуқодир бир йил ичида жамоадаошларининг ҳам, мураббийлар штаби ва фанатлар армиясининг ҳам ишончини оқлади.
Франция футболини ёритаётган нуфузли манбалардан бири – livefoot.fr “Ланс” тарихида энг катта трансферлардан ҳисобланган Ҳусановнинг “Манчестер Сити”дек мураккаб клубда ўйнаб кета олгани Лига 1 клубларининг бошқа ўйинчиларига ҳам кучлироқ чемпионатлар ва қудратлироқ клубларга ўтишига йўл очаётганини таъкидлади.
Sports.uz портали ушбу мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Абдуқодир Хусанов тимсолидаги йирик савдо битимидан кейин, “Ланс” трансфер бозорида яна шундай муваффақиятни такрорлашга тайёргарлик кўрмоқда.
“Ланс” ўтган ёзда Австриянинг “Зальцбург” жамоасидан 8 миллион евро эвазига сотиб олинган иқтидорли ёш ҳимоячи Самсон Баидунинг қиймати сезиларли даражада ошаётганидан мамнун.
Бир неча мавсумдан бери “Ланс” трансфер бозорида йирик ва манфаатли битимлар тузиш санъатини мукаммал ўзлаштириб келмоқда ва бундан унумли фойдаланяпти. Франция чемпионатидаги муваффақиятли мавсумга қараганда, бу стратегия жамоа учун ўз самарасини бермоқда.
Жорий чемпионатда “Ланс” иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва мамлакатнинг энг қудратли клуби ПСЖдан атиги бир очко орқада қолмоқда. Чемпионат тугашига тўққиз тур қолган бўлса-да, жамоа ҳали ҳам чемпионлик учун курашяпти.
“Ланс”нинг сўнгги йиллардаги энг йирик ва ўта фойдали савдоларидан бири Абдуқодир Ҳусанов трансфери экани кўп бора қайд этилди. Ўзбекистонлик ҳимоячи 2023 йилнинг ёзида Шимолий Франция клубига Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан умумий ҳисобда 450 минг евро эвазига ўтган. Бир ярим йилдан кейин эса Абдуқодир улкан сумма – 40 миллион еврога “Манчестер Сити”га трансфер қилинди.
Энди “Ланс” шу каби катта муваффақиятни яна бир бор такрорлашга тайёр. Ўтган ёзда ҳам “Ланс” ҳудди Абдуқодир Ҳусанов сингари лиганинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бирига айланиши мумкин бўлган футболчини харид қилди. 8 миллион евро эвазига сотиб олинган Самсон Баиду қисқа фурсатда “Ланс”нинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди.
21 ёшли футболчи охирги ҳафталарда олган жароҳатига қарамасдан, у ҳали ҳам юқори бозор қийматини сақлаб турибди.
Футбол тадқиқотлар маркази – CIES Football Observatory экспертлари маълумотларига кўра, Самсон Баиду ҳозирда “Ланс”нинг энг қиммат футболчиси ҳисобланади ва унинг тахминий қиймати 35 миллион евро атрофида баҳоланмоқда, - деб ёзмоқда – livefoot.fr сайти журналисти Хосе Гарсия.
Эслатиб ўтасиз, Самсон Баиду “Ланс”га ўтганидан бери Франция чемпионати ва мамлакат кубоги доирасида жами 20 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари, иккитадан гол ва ассист муаллифи ҳам бўлган.
Фикрлар