Экспертлар хулосаси Ҳусановни хурсанд қилди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Манчестер Сити” Англия лигаси кубоги – Карабао кубоги финалида бош соврин учун курашадиган бўлди.
Хосеп Гвардиола шогирдлари ярим финалда “Ньюкасл”га тўқнаш келди. Рақиб майдонида ўтган дастлабки баҳсда 2:0 ҳисобида зафар қучган “шаҳарликлар” жавоб ўйинда бу устунликни мустаҳкамлади.
Умар Мармушнинг дубли ва Тижани Рейнерснинг бир голи “Манчестер Сити”га иккинчи учрашувда 3:1 ҳисобида ғалаба келтирди. “Ньюкасл”нинг ягона жавоб тўпи Энтони Эланга ҳисобига ёзилди.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти экспертлари “Манчестер Сити” футболчилари ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Жеймс Траффорд – 7
9-дақиқадаёқ Уиллок уни алдаб ўтишга уринган пайтда муқаррар гол бўлиши мумкин бўлган вазиятни бартараф этди, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас эса Гордоннинг зарбасини қайтарди. Қолган вақт давомида ҳам ажойиб сейвлар қилди ва юқори баҳога лойиқ.
Матеуш Нуньеш – 5
Нуньеш учрашув давомида рақиб футболчиси Льюис Холлга имконият бериб қўйди ва у олиши шарт бўлмаган сариқ карточкани олди. Бу эса “Ньюкасл”га жарима майдони ташқарисидан хавфли стандарт ишлаш имконини берди.
Абдулқодир Ҳусанов – 6
Иккинчи таймда айрим хатолари бўлганига қарамай, бутун ўйин давомида ҳимояда мустаҳкам ҳаракат қилди. Айниқса, унинг тезлиги бир неча вазиятларни бартараф этишда қўл келди. Йошко Гвардиол ва Рубен Диашнинг жароҳатлари сўнгги ҳафталарда “Сити” позицияларига зарба берди, аммо шубҳасиз, кўпроқ ўйин амалиёти туфайли Абдуқодирнинг индивидуал маҳорати ўсди.
Натан Аке – 5
Ҳимояда ишончсиз кўринди ва шу сабаб Хосеп Гвардиола уни танаффусда алмаштирди.
Райан Айт-Нури – 6,5
Чап қанотда яна яхши ўйин кўрсатди. Ҳозирда у клубнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси эканига шубҳа йўқ, албатта, О'Райли унга жиддий рақобатчи. Жароҳатлар ортда қолгандек ва “Сити” ниҳоят унинг ўйинга таъсиридан яна фойда кўра бошлайди.
Нико Гонсалес – 6
83-дақиқагача ярим ҳимояда ишончли ўйнади. Ривожланаётган истеъдод, дам олиш кунлари “Тоттенхэм”га қарши ўйинда ишончсиз кўринган эди, аммо мунтазам ўйин амалиёти уни энг яхши формасига қайтишига ёрдам беради.
Нико О'Райли – 6
Чап қанотда Айт-Нури билан аъло ҳамкорлик қилди ва кўп вақт давомида тўхтатиб бўлмас даражада эди. Унинг қанотларга силжиш маҳорати сезиларли даражада яхшиланган, ва бир куни яна ярим ҳимояга қайтса ажаб эмас.
Тижани Рейндерс – 7,5
Бу баҳс, шубҳасиз, ҳозирча унинг “Сити” либосидаги энг яхши ўйини бўлди. Мавсум бошида “Вулверхэмптон”га қарши дебютини эслатди ва бу ерда у ҳар жойдан хавф солди. Дарвоза томон ёриб кириш маҳорати, ўйинни ўзгартириб юбориш қобилияти ва майдон кўра олиши унга қўл келмоқда. Ўйинда у барча кучли жиҳатларини намоён қилди.
Антуан Семеньо – 7
Унинг прессинги кўп вазиятларда, айниқса ўйин бошида, бенуқсон бўлди. Айнан шу босим туфайли Льюис Холл тўпни йўқотди. Голли вазиятларда муҳим роль ўйнади ва нега у 65 миллион фунтга баҳоланганини кўрсатди.
Фил Фоден – 5,5
Яхши бошлади ва илк босқичларда ажойиб прессинг қилди, бир неча бор Вольтемадени тўхтатди. Тор ҳудудларда ўйнай олиш борасида ноёб истеъдодга эга ва келажакда бу жиҳатдан кўпроқ фойдаланиши керак. Шунга қарамай, айрим вазиятларда хатоларга йўл қўйди — буни тузатиш зарур.
Умар Мармуш – 8,5
Холанд ўрнига ажойиб чиқиш! Ўтган ой “Вулверхэмптон”га қарши ўйинда Премьер-лиганинг жорий мавсумидаги илк голини урган эди, бу учрашувда эса порлади. У “Ньюкасл”га қарши ўйнашни яхши кўради, биринчи таймдаги икки гол ўйинга барқарорлик олиб кирди ва натижада жамоа кубок финалига чиқди!
Эрлинг Холанд – 6
Захирадан тушиб, Ботманни ажойиб тарзда алдаб ўтди ва жарима майдонига шиддат билан ёриб кирди. Аммо Рамсдейлнинг сейви туфайли гол ура олмади. Шубҳасиз, ўйинга ижобий таъсир кўрсатди, Мармушнинг ўйини норвегиялик тўпурарда ниманидир уйғотганини айтиш мумкин. Умуман олганда, сўнгги ҳафталарга нисбатан анча яхшироқ ўйин кўрсатди.
Райан Черки – 6,5
Учрашув охирида Холанд учун икки голли вазият яратди ва ижобий таъсир ўтказди, акс ҳолда ўйин сўниб қолиши ва натижа деярли ҳал бўлиб кетиши мумкин эди.
Родри – 6
71-дақиқада майдонга тушди ва ярим ҳимояда тузилмани сақлаб турди, жамоа устунлигини иложи борича асраш учун ажойиб етакчилик ва интизом намоён қилди.
Рико Льюис – 5
Ўйин охирига яқин майдонга тушди ва умуман олганда салбий иш қилмади. Гонсалесда сариқ карточка бўлганини ҳисобга олганда, яхши алмаштириш. Эътироз йўқ.
Макс Аллейн – 5,5
Танаффусда майдонга тушди ва иккинчи тайм бошидаёқ Эланга билан тезликда кураша олди, ишончли ҳимоя қилди. Биринчи жамоадаги ўйинларига қараб, у ҳимояда муҳим футболчига айланиш йўлида, аммо “Сити”да ёки бошқа жойда бўлсин, янада кўпроқ тажриба тўплаши керак.
Фикрлар