Ҳусановдан бошқа вариант йўқ!
Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичида иштирок этаётган қитъанинг энг кучли жамоалари сўнгги – саккизинчи тур учрашувларини ўтказади ва шундан сўнг, мусобақани давом эттирадиган 24 жамоа номи маълум бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида Туркиянинг амалдаги чемпиони “Галатасарой”га қарши бўладиган муҳим тўқнашувга тайёргарлик қилмоқда.
“Шаҳарликлар” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk сайти экспертлари бўлажак учрашув олдидан жамоанинг тахминий таркибини тузиб чиқди.
Марҳамат, манба маълумотлари билан танишинг:
Дарвозабон:
Жанлуижи Доннарумма. Италиялик дарвозабон бу мавсум “Манчестер Сити”нинг энг таъсирли футболчиларидан бирига айланди ва унинг сэйвлари қайта-қайта ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Муҳим учрашувга ундан бошқа номзод йўқ.
Ҳимоячилар:
Матеуш Нуньеш. Ҳимоянинг ўнг қанотида етишмай қолган Матеуш Нуньеш ўз ўрнига қайтган. У бу мавсум ўйинини сезиларли яхшилади ва жамоа ҳаракатларида асосий фигурага айланди, бу “Манчестер Юнайтед”га қарши мағлубият ва “Вулверхэмптон” устидан ғалаба ўртасидаги фарқда ҳам яққол кўринди.
Абдуқодир Ҳусанов ва Натан Аке. Марказий ҳимоячилар орасида жароҳатланганлар кўплиги туфайли бу позицияни Абдуқодир Ҳусанов ва Натан Аке жуфтлиги эгаллаши кутиляпти. Янги ўйинчи Марк Гехи мусобақа қайдномасидан ўтмагани боис, Антуан Семеньо каби учрашувда иштирок этолмайди.
Ўзбек футболчисининг тезлиги, шиддати ва жисмоний кучи Акенинг тажрибаси билан бирлашиб, ғалаба жуда муҳим бўлган ўйинда асқотиши мумкин. Қолаверса, айни пайтда ҳимоя марказида Абдуқодир Ҳусановдан бошқа вариант йўқ. Кейинги ўйинларда у энг кучли ўйинларини намойиш қилмоқда ва ҳимоя чизиғини муваффақиятли бошқариб келяпти.
Нико О'Райли. Ҳимоя чизиғини бу мавсум “Сити”нинг энг барқарор ва таъсирли футболчиларидан бири Нико О'Райли якунлайди. Унинг ишончлилиги ва ҳар икки жарима майдонидаги самарадорлиги сабабли у яна устунликка эга бўлади.
Ярим ҳимоя.
Тижани Рейндерс ва Бернарду Силва. Қизил карточка туфайли дисквалификацияга учраган Родрининг йўқлиги ва Никонинг жисмоний ҳолати беқарорлиги ҳисобга олинса, таянч ярим ҳимояда Тижяни Рейндерс ва Бернарду Силва ўйнаши кутилмоқда, чунки улар марказда ўйнаш бўйича керакли қобилиятларга эга.
Португалиялик юлдуз ўйинни ўқиш ва уни бошқаришда ажойиб, голландиялик футболчт эса, узатмалар диапазони ва жарима майдонига самарали кириб боришлари билан хавф туғдиради.
Фил Фоден. Бироз олдинроқ, “ўнлик” позициясида Фил Фоден ўйнаши керак. 25 ёшли футболчи сўнгги пайтларда энг яхши формасини кўрсата олмаяпти, аммо у муҳим ўйинларда доимо ўзини намоён қилади, шунинг учун турк грандига қарши бу “шарт” ғалаба унинг формасини тиклаш учун идеал палла бўлиши мумкин.
Райан Шерки. Ўнг қанотда “Сити”нинг асосий ассистенти Райан Шерки учинчи ўйинни кетма-кет асосий таркибда бошлаши кутилмоқда.
Эрлинг Холанд. Ҳужум учида гол уролмаётганига қарамай, Эрлинг Холанднинг маҳорати шубҳасиз энг юқори даражада. Унинг жисмоний кучи ҳимоячиларни чалғитади, формасида бўлганда эса унинг зарбалари ўта хавфли.
Жереми Доку. Ниҳоят, чап қанотда доимо серҳаракат ва динамик Жереми Доку ҳужум чизиғини тўлдиради.
Тахминий асосий таркиб:
Доннарумма; Нуньес, Ҳусанов, Аке, Нико О'Райли; Рейндерс, Бернарду Силва (К), Фоден; Шерки, Холанд, Доку.
Захира: Траффорд, Льюис, Аллейн, Мфуни, Айт-Нури, Нико, Грей, Мукаса, Р. Хески, Мармуш.
“Манчестер Сити” ва “Галатасарой” ўртасидаги муҳим учрашув 28 январдан 29 январга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да бошланади.
Фикрлар