
"Ҳусановни икки йилча олдин кўргандим" - Андрей Аршавин "Андижон"га қарши ўйин ва Абдуқодир ҳақида
Хабар берганимиздек, “Андижон”нинг “Зенит”-2 га қарши ўйинни Россия футболининг афсоналаридан бири Андрей Аршавин ҳам бевосита стадионда кузатиб борди.
Айтиб ўтганимиздек, у ҳозирда “Зенит” клуби бошқарув раисининг спортни ривожлантириш бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда.
Аршавин “Зенит” клуби академиясига, у ердан етишиб чиқаётган футболчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Россия футболи юлузи “Андижон”га қарши учрашувдан кейин мазкур ўйин, футболимиз ва Хусанов ҳақидаги саволларга жавоб берди.
- Андрей Сергеевич, аввало, ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз!
- Ўйиндаги устунлик тўлиқ сизнинг жамоанингизда бўлди. Иккинчи бўлимда эса алмаштиришлардан сўнг бизнинг жамоа яхши ўйин кўрсатди. Ўзи бу каби баҳсларда, йиғинларда бундай бўлиши оддий ҳол. Айнан йиғин учун мос ва хос беллашувлар сирасига киради. Ўйиндан қониқдик.
- "Андижон" ҳақида нима дея олардингиз? Масалан, ўтган йили Кубок соҳиби бўлди...
- Кубок соҳиби бўлганингларни олқишлайман. Ўзаро ўйинимиз олдидан клубингиз ҳақида материалларни ўрганиб чиқдик. Ҳужум чизиғидаги футболчиларингиз анча тезкор. Улар ҳимоячиларимизга бир мунча муаммолар туғдира олдилар. Адашмасам, сизларда ўтган йили россиялик футболчи Лука Згурский ҳам ўйнаган.
- Сизни ўзбек футболи ҳақидаги фикрларингиз ҳам биз учун қизиқ...
- Яқинда “Манчестер Сити”га ўтган ўйинчингиз сабаб ҳозир жуда ҳам кўпчилик футболингизга қизиқиб қолган. Шахсан ўзимга келсак, лигангиз хусусида унчалик кўп нарса билмайман. Элдор Шомуродов - бу вакилингиз Россия чемпионатида ўзидан из қолдира олган...
- Айнан Абдуқодир Ҳусанов ҳақида тўхталмоқчи эдим. Ўз вақтида Россиянинг кучли клублари скаутлари уни кўздан қочиришган. У Беларусь чемпионатига кетди, у ердан “Ланс”га ва мана энди “Манчестер Сити” футболчиси!
- Ҳа, у жуда тез кўтарилди. Лекин Ҳусановни алоҳида кузатган эмасман. Аммо фаолиятида бунчалик тез ўсиш ва ўзгаришлар кишини ҳайрон қолдиради. Уни адашмасам, икки йилча олдин терма жамоангиз жаҳон чемпионатигами ёки саралашигами тайёргарлик кўрган маҳалида илк бор кўргандим. Яхши ўйинчи! Барибир Англияда унга осон бўлмайди. Аввало, Ҳусанов инглиз футболига тўла мослашиши зарур.
- Охирги савол: Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга чиқиш йўлида саралаш босқичида астойдил ҳаракат қилиб келяпти. Жамоамиз, унинг имкониятлари ҳақида бироз тўхталиб ўтсангиз...
- Термангиз ижросидаги ўйинлардан бирортасини кўра олмадим. Шу боис унинг имконияти борасида бирор нарса дея олмайман. Аммо ҳозирда сизларда яхши авлод етишиб чиқмоқда. Демак, имкониятингиз бор.
- Раҳмат!
Фикрлар