Ҳусановнинг рақобатчиси “Реал”га ўтишни маъқул кўрди
“Манчестер Сити” марказий ҳимоясида Абдуқодир Ҳусановнинг тўғридан тўғри рақобатчиси ҳисобланган Рубен Диаш келажакда Испания чемпионатида тўп суриши мумкин.
Журналист Марио Кортегананинг маълум қилишича, португалиялик ҳимоячига “Реал” жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Футболчи ушбу ёзда мадридликлар сафига қўшилиш вариантини жиддий кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, “Манчестер Сити” уни жамоада сақлаб қолишни хоҳлайди.
Диаш 2020 йилда “Бенфика”дан 71 миллион евро эвазига “шаҳарликлар” жамоасига келиб қўшилган. Унинг шартномаси 2029 йилгача амал қилади.

Фикрлар