Ибраҳимович, Роналду, Гасперини ёки Гаттузо! Уларнинг қай бири ЕЧЛсиз қолади?

Мусобақа якунига 10 тур қолган бир пайтда, «Милан», «Ювентус», «Аталанта» ва «Наполи» Европа чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашга қўшилди. «Рома» «ўйиндан» чиққанини аллақачон тан олган. Римликлар энди бор эътиборини Европа Лигасига қаратиши аниқ. Хўш, айни дамда клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақада иштирок этиш учун  Италияда қайси клубларда имконият яхши? Бугун шу ҳақида батафсил.

«Милан»

ad1

«Россонерилар» меҳмонда «Фиорентина»ни енггач, йўлланма учун асосий даъвогарлардан бирига айланди. Стефан Пиоли нафақат ЕЧЛ, балки чемпионлик учун курашмоқчи эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтди. Шунга қарамай, «россонерилар»нинг имкониятлари мураббий чамалаганидан анча пастроқ. Клуб ўз ўйинларининг барчасини ғалаба билан якунласа ҳам, чемпионлик учун курашдан чиқиб кетиши мумкин. Агар жароҳат олганлар панд бермаса, Пиоли шогирдлари олдига қўйилган минимум вазифани уддалай олади.

Эътиборлиси шундаки, «Милан» рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ўз ҳужумкорлигини унутмаяпти. Агрессив прессинг ва очиқ футбол. Афсуски, вазиятлардан фойдаланиш борасида муаммо мавжуд. Шу боис, «Наполи»га қарши тенг ўтган ўйин аламли мағлубиятга олиб келди.

Тақвим борасида ҳам «Милан»га ҳавас қилиб бўлмайди. «Лацио» ва «Сассуоло» олдинда кутиб турибди. Мавсум сўнггида «Ювентус» ва «Аталанта»га қарши майдонга чиқиб келиш лозим. Агар шу ўйинларда 3 очкодан жамғарилса, «Милан»да ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилиш имкони бор.

«Ювентус»

ad2

Қандайдир бир ҳафта ичида Турин клуби чемпионлик учун имкониятларини кескин пасайтириб юборди. Аввалига «Порту» дарвозасини ишғол қилишда оқсаган жамоа кейинроқ элитада қолиш учун курашаётган «Бенавенто»дан енгилди.

Ачинарлиси шундаки, Турин клуби имкониятлардан фойдаланиш борасида тўлиқ Роналдуга қарам бўлиб қолди. Моратага барқарорлик етишмаяпти. Бу эса, Кришга бўлаётган босимнинг ошиб кетишига олиб келади.

«Бенавенто»га қарши ўйинда Криштиану 9 бор рақиб дарвозасига зарба йўллади, аммо гол киритиш насиб этмади. Оқибатда, туринликлар очко ишлай олмади.

Шунга қарамай, Пирло клубни ЕЧЛ йўлланмаси учун асосий даъвогарга айлантириши аниқ. Вазиятларни кўкка совуришни инобатга олмаса, қолган ҳамма аспектларда «Юве»да муаммо йўқ. Жисмонан футболчилар супер формада.

Пирло жамоаси очиқ футбол кўрсатувчи клубларга қарши ўйинларда ўзини яхши кўрсатсада, «автобус»лар билан учрашувлар жуда ўгир ўтмоқда. «Бенавенто» ва «Порту» бутун ўйин давомида йўллаган зарбалари сони Роналдунинг уринишлари сонидан камроқ. Чемпионлик учун курашда «Интер»га етиб олиш қийин бўлади. Аммо умид бор. «Юве»ни олдинда «Милан», «Наполи» ва  «Аталанта»га қарши ўйинлар кутиб турибди. Асосий рақибларни зарарсизлантириш орқали юқорига чиқиб олиш мумкин.

«Аталанта»

ad3

Гасперини жорий мавсумни омадсиз ўтказмоқда. Айниқса, муҳим фигурага айланган йигитлар – Хетебур ва Гозенснинг йўқлиги муҳим ўйинларда панд бериб қўймоқда. Тўғри, у қадар машҳур бўлмаган номлар, аммо ўйин схемасида бу йўқотиш дарров акс этди. Лотериялларнинг йўқлиги боис, «Аталанта» «Реал»га қарши ўйинда 4 та ҳимоячи билан тўп суришга мажбур бўлди. Бунақаси сўнгги  2 йилда илк бор кўзга ташланди.

Янги схема ёрдамида клуб «Верона»ни таслим этди, аммо аввалги томошабоп футболни намойиш этгани йўқ. Ўша баҳсда жамоа брак узатмалар борасида ўз рекордини қўйди. Пасларнинг 67 фоизигина ўз манзилига етиб борган холос.

Энг муҳими, «Юве»га қарши ўйинга қадар янги схемага тўлиқ мослашиб олиш. Сабаби, «Аталанта» «автобус» қўйишни билмайдиган жамоа. Очиқ футбол «зебралар» учун айни муддао. Бундай вазиятда янги схемага тезроқ мослашиб олишдан бошқа ечим кўринмаяпти. Тўғри, «Аталанта» учун ЕЧЛ йўлланмаси нақддек, бироқ энг муҳим паллада Гасперинининг режалари иш бермай қолиши мумкин.

«Наполи»

ad4

Яқиндагина клуб раҳбари Аурелио Ди Лаурентис янги бош мураббий излаш билан банд бўлди. Гаттузо бундан ранжиган, ҳатто очиқчасига медиа оламда сўзга ҳам чиққан эди. «Наполи» Осимхен ва Мертенс жароҳат олгач, ўйинини йўқотиб қўйди. Боз устига, Женнаро кўзидаги жароҳати сабабли машғулотларда тўлиқ иштирок эта олмади.

«Аталанта»дан фарқли ўлароқ, «Наполи» сўнгги турларда ўзига келмоқда. Жароҳат олганлар сафга қайтди. Гаттузонинг кўзидаги муаммо вақтинча бартараф этилди. Лоренцо Инсинье ҳам супер формага кириб олди. Неаполь жамоаси ўзига келишни бошлади.

Қўшимчасига, тақвим ҳам қолганларникидан анча енгилроқ. «Ювентус» ва «Интер»ни инобатга олмаса, барча рақиблар деярли аутсайдерлар. Агар жамоа темпни тушириб юбормаса, бемалол кумуш медаллар учун кураш олиб бориш мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!