Икки енгилмас ўртасидаги жанг дурранг билан якунланди

  • 27.08.2026 13:53
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Мағлубиятсиз серия қайд этаётган икки австралиялик боксчи – Никита Цзю (12-0-1, 10 КО) ва Бен Махони (17-0-2, 9 КО) ўртасидаги жанг дурранг билан якунланди. Ўн икки раундлик кескин қарама-қаршиликдан сўнг ҳакамларнинг баҳоси қуйидагича бўлди: 117-111, 113-115, 114-114. 

Учинчи раундда тасодифан бошлар тўқнашиб кетиши оқибатида Никита Цзюнинг ўнг кўзи усти ёрилди. Тўққизинчи раундда эса Бен Махони белдан пастга зарба бериб қўйди, шунинг учун Цзюга тикланиш учун қўшимча вақт ажратилди.

Томонлар доимий равишда зарбалар алмашиб туришди. Махони кўпроқ ҳимоядан ҳаракат қилиб, қарши ҳужумларга урғу берди. Цзю эса ташаббусни қўлдан бермасликка интилди ва доим олдинга босим ўтказиб жанг қилди.

Австралиялик рақиблар услубидаги фарқ ҳам яққол кўринди: Махони асосан бошга йўналтирилган зарбаларни қўллаган бўлса, Цзю кўпроқ танани ишлашга, корпусга зарбалар беришга уринди.

Жангдан сўнгги қисқа суҳбатда Никита Цзю реванш масаласида аниқ баёнот беришдан тийилди. Бен Махони эса аксинча, реваншга тўлиқ тайёр эканини очиқ билдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!