Икки клуб Ўрунов сабабли тортишяпти!
Остон Ўрунов Россия футболида энг кўр муҳокама қилинган шахсга айланиб қолди. Чемпионат охирига яқинлашгани сари ўзбекистонлик легионер трансфери атрофидаги вазият янада чигаллишиб бормоқда.
Мухлисларга яхши маълумки, Ўрунов ўтган йили “Уфа”да зўр ўйнаганидан кейин Шамиль Газизов ортидан “Спартак”га кўчиб ўтганди ва москваликлар билан беш йиллик шартнома имзолаганди. Остоннинг Москва клубида ишлари юришмади. Газизовнинг “Спартак”даги фаолияти ҳам жуда қисқа бўлди.
Натижада Остон ҳам, Газизов ҳам ўзлари учун қадрдон бўлиб қолган “Уфа”дан қўним топди. Вазият ўз ечимини топгандек эди. “Уфа” мавсум охиригача ижарада ўйнайдиган Ўруновни 3 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бироқ, уфаликлар бу суммани тўламоқчи эмас. “Спартак” эса, ўзини оқламаган бу трансферга кетган харажатларни 3 миллион евро билан қоплаб олмоқчи.
Россияда “Уфа” Ўрунов трансфери бўйича “Спартак”га расмий сўров юборгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Вазият чигаллиги боис, бунинг ортидан ҳар икки клуб оммавий ахборот воситаларида ўз имижини ҳимоя қилишга киришиб кетди.
“РБ Спорт” нашри уфаликлар ёзги трансферлар вақтида Ўруновни “Спартак”га 1 миллион еврога сотгани учун уни қайтариб олиш мақсадида шу суммани таклиф қилгани, бироқ москваликлар жавоб хатида Остон учун 3 миллион евро талаб қилгани ҳақида ёзди.
Бу вазиятга Шамиль Газизов қуйидагича изоҳ берди.
- “Спартак”га Ўрунов трансфери бўйича сўровни анча олдин юборганмиз. Бу уни ижарага олишимизгача юз берганди. Чемпионатнинг иккинчи қисми бошланишидан аввал шу мақсадда хат юборганмиз. Лекин амалда “Спартак” билан Остоннинг трансферини сотиб олиш ҳуқуқи билан уни ижарага олишга келишилди. Лекин уни сотиб олишга мажбур эмасмиз. “Спартак” ўшанда уни 3 миллион евродан камига қўйиб юбормаслигини айтганди, - деди Шамиль Газизов.
Бу масалага “Спартак”нинг жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Антон Фетисов ўз муносабатини билдирди.
- Ўруновнинг трансфери бўйича “Уфа” яқин ўртада расмий сўров юборгани йўқ. Аввал ҳам шундай бўлган. Шамиль Газизов матбуот орқали Остон бўйича таклиф юборганини эълон қилган, лекин бизга ҳеч қандай ҳужжат етиб келмаган. Биз расман раддия берганимиздан кейингина улар таклиф юборишган. Ҳар гал улар камтаргина сумма бермоқчи бўлади.
“Спартак” Ўрунов трансфери учун сарф қилинган маблағни тўлиғича қайтариб олмоқчи. Бунинг ичига кўтарма пуллари ва футболчининг маоши ҳам киради. Ўруновнинг трансферидан мумай пул ишлаб олиш имкони бўлса, бу ажойиб-ку. Ахир Шамиль Газизовнинг ўзи бир неча маротаба Ўрунов Осиё юлдузи экани ва унинг нархи 20-30 миллион еврогача кўтарилишини таъкидлаб келган, - дейди Антон Фетисов.
Остон Ўрунов Россия премьер-лигасида жами 14 та учрашув ўтказди ва самарали натижага эриша олгани йўқ. Унинг “Спартак” билан шартномаси 2025 йилнинг ёзигача давом этади.
Фикрлар