Ўруновни муҳим ўйинда кутишмоқда!
Россия премьер-лигасида қолиш учун курашаётган “Уфа” 27-тур учрашувини ўз майдонида “Сочи”га қарши ўтказади.
Яқинда янги бош мураббий Алексей Стукалов қўл остида Москвада “Спартак” жамоасини қақшатқич зарба билан мағлубиятга учратган уфликлар премьер-лигада қолиш учун катта қадам ташлади. Москвада 3:0 ҳисобида зафар қучган бу жамоа хавфли ҳудуддан чиқиб, 14-ўринга кўтарилиб олди.
Жон сақлаб қолиш масаласида уфаликлар билан рақобатлашаётган аутсайдерлар 27-турда мағлубият қайд этгани ҳам Остон Ўрунов жамоасига қўл келиши аниқ. Хусусан, “Уфа”дан бир поғона пастда турган “Ротор” бу турда “Зенит”дан жавобсиз олтита гол ўтказди.
Жасур Жалолиддиновга эгалик қилган икки жамоа – “Тамбов” ва “Локомотив”нинг ўзаро баҳсида тамбовликлар 2:5 ҳисобида мағлубиятини тан олди ва мусобақа жадвалида охирги поғонада қолиб кетди.
“Уфа”га рақиблик қиладиган “Сочи” жорий мавсумда Еврокубоклар йўлланмаси учун курашмоқда. Ҳозирча, 43 очко билан еттинчи поғонада қайд этилган сочиликлар агарда Уфадан ғалаба билан қайтадиган бўлса, ўзидан юқорида турган бирданига уч жамоа – “Рубин”, ЦСКА ва “Динамо” билан очколарини тенглаштириб олади.
Агар бу баҳсда мезбонларнинг қўли баланд келса, очколар 23 тага етиб, премьер-лигада қолиш масаласида муҳим қадам ташланган бўлади.
Умуман олганда, “Уфа” ва “Сочи” футболчилари ўзаро беш марта тўқнаш келган. Премьер-лига доирасидаги учта учрашувда кучлар тенг келган. Миллий футбол лигасида томонлар биттадан ғалабани нишонлаган.
Кўпчиликни қизиқтираётган масала яқинда жароҳат олиб, сафдан чиққан Остон Ўруновнинг ушбу баҳсда қатнашиш имконияти қандай эканидир. Легионеримиз аввалги турда ўзи кутган “Спартак”га қарши беллашувда ҳам майдонга туша олмади.
Хўш, Остон “Сочи”га қарши ўйнайдими?
Бу масалага уфаликлар бош директори Шамиль Газизов ойдинлик киритди.
- Ўрунов ўзини қандай ҳис қиляпти? Жуда яхши, ҳаммаси жойида. Умумий гуруҳда машғулот ўтамоқда. Бўлажак беллашувда қатнашишини мураббийлар штаби ҳал қилади. “Сочи”га қарши майдонга тушиш имконияти катта, - деди Шамиль Газизов.
Остон Ўрунов аслида “Спартак” футболчиси ҳисобланади. Москваликлар уни мавсум охиригача ижарага берган. Бироқ, “Уфа” клубида ўзбекистонлик футболчини чемпионат якунлангач, тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи бор. Бунинг учун улар пойтахт клубига 3 миллион евро тўлаши керак бўлади. Шамиль Газизов Остон Ўруновни клубда олиб қолиш масаласини мавсум охирида ҳал қилишини билдирган.
Ўрунов жорий мавсумда “Спартак” ва “Уфа” таркибида барча турнирларда жами 16 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасига битта гол урди ва битта голли пас берди.
“Уфа” ва “Сочи” учрашуви 25 апрель куни Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади.
Фикрлар