Илҳом Мўминжонов: "5 нафар янги ўйинчи олишга мажбурмиз"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон ПРО-Лигаси 8-турида "Металлург" ўз майдонида "Каттақўрғон" жамоасини қабул қилди. 1:1 ҳисобида якунланган ўйиндан кейин "Металлург" устози Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.

"Ассалому алайкум. Бугун 2 очко йўқотдик. Йигитлар ҳаракатиб қилиб, борини беришди. Машғулотларда ишлаганларимизни майдонда кўрсатишга уринишди. Омадимиз келмади.

Умумий оладиган бўлсак, яққол хавфли вазиятларимиз ҳам унчалик кўп бўлмади. Рақиб ҳам ҳимояда тартибли ўйнаганини таъкидлаш зарур. Уларни 1 очко билан табриклайман, лекин барибир биз 2 очко йўқотдик. Энди 8-тур ўтди. Олдинда ҳали кўп ўйинлар бор. Хатоларни таҳлил қилиб, кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

Бобур Мўйдинов жароҳат сабаб ўйин амалиёти йўқ эди. Ҳимояда хатоларга йўл қўйди. Шу сабабли уни эрта алиштиришга тўғри келди.

Ҳа, асосий рақиблар бўлган "Арал" ва "Шўртан" 5 очкога илгарилаб кетди. Бироқ ҳали улар билан учрашамиз. Олдинда "Шўртан" билан ўйин кутиб турибди. Танаффусдан кейин эса "Арал" билан икки бор тўқнаш келамиз. Ўйлашимча, катта йўқотиш йўқ. 5 очко фарқ биз учун хавфли албатта, олдимизга чемпионлик вазифаси қўйилган. Ишлашда, изланишда давом этамиз. Кейинги ўйинларга астойдил тайёргарлик кўрамиз.

Саидумархон Саиднуруллаевни захирага олиниши? У мана шу баҳсдан кейин терма жамоа таркибига йўл олади. Шу сабабли жароҳатдан энди тузалиб, сафга қайтган Комил Тожидиновни кўрдик. Қўшимчасига Саидумархон иккинчи бўлимда у қадар фаоллик ҳам кўрсата олмади, шу сабабли уни алмаштирдик.

Давралар оралиғида таркибда ўзгаришлар бўладими? Раҳбарият билан бу мавзуда гаплашганмиз. Ҳали олдинда иккита тур бор. Музокаралар олиб борилган. Яна ўйлаб кўрамиз. Ҳаммаси режадагидек кетса, раҳбарият рухсат берса, таркибни кучайтирамиз. Олдинги чизиқда, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида 2-3 та эмас, 5 нафар ўйинчи олишга мажбурмиз. Сифатли ўйинчилар ўйин тақдирини ҳал қилади. Мавсум олдидан тайёргарликка вақтимиз камроқ эди. Бор имкониятлардан келиб чиқиб таркибни шакллантирдик. Бироқ чемпионликни кўзласак, ярим ҳимояга ва албатта, ҳужум чизига футболчи олишимиз керак".

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!